Tesla’нинг шашти баланд – у ўз рекордини янгилади!

  •   DiMaX
  •  833
  •  03.10.2020 17:29

Tesla’нинг шашти баланд – у ўз рекордини янгилади!

Яқинда биз Lucid Air электромобилининг барча Tesla электрокарлари рекордларини бир пул қилгани ҳақида ёзган эдик. Илон Маск компанияси энди машинасининг тезлиги эмас, балки бошқа жиҳатдан янги рекорд ўрнатди.

ЎҚИНГ: Tesla энг бақувват электрокарининг рекордини видеода кўрсатди

Гапнинг қисқаси, Tesla компанияси 2020 йилнинг учинчи чораги бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди. Ундан маълум бўлишича, мазкур автомобилсоз июль–сентябрь ойларида машина етказиб бериш бўйича ўз рекордини янгилабди.

Жорий йилнинг учинчи кварталида жами 139 300 дона электромобил сотган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45 фоизга, жорий йилнинг иккинчи чорагига нисбатан эса 53 фоизга юқори кўрсаткичдир. Айтиш керакки, Tesla’нинг бундан олдинги чораклик рекорди 112 минг автомобил бўлиб, 2019 йилнинг сўнгги кварталида амалга оширилган эди.

Аниқроқ қилиб айтганда, бу йилнинг учинчи чорагида Tesla компанияси Model S ҳамда Model X электрокарларидан жами 15 200 дона сотган. Сотувларнинг 124 100 донаси эса Model 3 ва Model Y электромобилларига тўғри келган. Ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган машиналар сони эса 145 036 га тенг бўлиб, шундан 16 992 таси Model S/X бўлса, 128 044 таси Model 3/Y электромобилларидир.

Дарвоқе, Tesla жорий йилда 500 мингта машина сотишни режалаштирган эди. Учинчи чорак якунларига кўра мазкур рақам 318 мингдан ошган.

ЎҚИНГ: Оддий фуқаро нега бирданига 27 дона Tesla электромобили сотиб олди?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!