Тестлар якунланди, Android 13 барқарор версияси тарқатилмоқда

Тестлар якунланди, Android 13 барқарор версияси тарқатилмоқда

Android'нинг бу йилги катта янгиланиши, Android 13, расман бугундан барқарор версияда Pixel смартфонларига тарқатила бошлади. Айтиш керакки, Google ўн учинчи авлод Android'ини одатдагидан анча олдинроқ чиқарди: ўтган йили Android 12 октабрда чиқарилган бўлса, ундан олдинги Android 11 сентабрда чиқарилган эди.

Android 12 билан таққослаганда Android 13 унчалик катта редизайн ёки ўзгаришларга эга эмас, лекин у бир қанча яхшиланишлар билан келади ва улар билан қуйида танишишингиз мумкин.

Google'ники бўлмаган иловалар иконкасини орқа фон сурати ранггига мослаштириш

Ўтган йили Android 12 орқа фон сурати ранггига мосланадиган иловалар иконкаси хусусияти билан тақдим қилинган эди. Бироқ, бу функция фақат Google иловалари билан ишларди. Энди эса, сиз Android 13 билан Google'ники бўлмаган иловаларнинг ҳам иконкаларини орқа фон суратингиз ранггига мослаштиришингиз мумкин.

Қайта дизайнланган мусиқа плеери

Android 13 даги кўзга ташланадиган ўзгаришларнинг яна бири мусиқа плеерида бўлиб, у қайта дизайнланган. Эндиликда мусиқа албом сурати плеернинг орқа фонини тўлиқ эгаллаб туради. Плеернинг чап юқори бурчагида мусиқа қўяётган илова иконкаси, ўнг томони марказида катта пауза тугмаси, пастки бурчакларда орқага/олдинга ўтказиш тугмалари билан биргаликда "лайк" тугмаси жойлашган. Мусиқанинг ижро панели эса энди "ўйнаб" туради.

Тизим учун алоҳида, илова учун алоҳида тил танлаш

Android 13 билан сиз ҳар бир иловаларингиз учун алоҳида, тизим учун алоҳида тил танлашингиз мумкин. Масалан, тизим учун ўзбек тилини белгиласангиз, Хариталар иловаси учун инглиз тилини белгилашингиз мумкин.

Яхшиланган хавфсизлик хусусиятлари

Янги версияга ажойиб хавфсизлик функсияси қўшилган бўлиб, унга кўра, энди сиз бошқа иловаларга бутун бошли галареянгизга эмас, балки, фақат танланган сурат ёки видеоларгагина киришга рухсат беришингиз мумкин.

Билдиришнома юбориш учун рухсатнома

Android 13 билан янги ўрнатилган иловалар сизга билдиришномалар юбориш учун рухсат сўрайди. 

Хабарларни стрим қилиш хусусияти

Янги версия Chromebook билан смартфон ўртасида хабар алмашиш иловаларини стрим қилиш имконини беради, яъни телефонингиз ёнингизда бўлмаган вақтда ноутбук орқали ҳам суҳбатни давом эттиришингиз мумкин. 

Контентдан смартфонда нусха олиш ва планшетга жойлаш

Янгиланишдаги яна бир сезиларли яхшиланиш шуки, энди сиз смартфонингизда контентнинг бирор қисмидан нусха олсангиз, масалан, матн, ҳавола ёки расм, уни сиз тўғридан-тўғри планшетингизга жойлаштириш имконига эга бўласиз. 

Шу бошқа кичик ўзгаришлар билан Android 13 барқарор версияда қуйидаги Pixel смартфонларига тарқатилмоқда:

  • Google Pixel 4/4 ХL
  • Google Pixel 4а/4а 5G
  • Google Pixel 5/5а 5G
  • Google Pixel 6/6 Pro/6а

Бошқа бренд смартфонларига келадиган бўлсак, уларнинг ишлаб чиқарувчилари янги операцион тизимни қанчалик тез ўзлаштирсалар, улар шунчалик тез янгиланишни қабул қилади. Масалан, Samsung ўзининг Galaxy'лари учун Android 13 га асосланган One UI 5 қобиғини тест қилишни аллақачон бошлаб юборган. Шундай экан, тез кунларда унинг ҳам барқарор версиясини кўришимиз мумкин бўлади. 

Ана энди навбат Android 14 га. Ҳозирча у ҳақида деярли маълумотлар мавжуд эмас, лекин биз унинг ички код номи "Upside Down Cake" эканлигини биламиз.

ЎҚИНГ: Дуров бир неча ҳафта ичида Telegram'га яна янги функциялар қўшилиши маълум қилди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!