Техно-маслаҳат: Facebook саҳифани вақтинча ёки бутунлай ўчириш

Техно-маслаҳат: Facebook саҳифани вақтинча ёки бутунлай ўчириш

Facebook бугунги кунда сайёрамиз бўйлаб миллиардлаб одамларнинг фаол мулоқот майдончасидан бирига айланган. Бироқ, баъзида у бизнинг тушкунлигимизга сабаб бўлади. Шу тармоқдан қутулсак ҳаммаси яхши бўладигандай туйилади. Facebook ўзига тез ўргатиб қўяди ҳамда салмоқли вақтимизни ўғирлайди. Ҳеч бўлмаса бир муддат қулоғимиз тинчишини хоҳлаб, бу рақамли платформани вақтинча тарк этгимиз келади.

Экспертларнинг фикрича, Facebook тармоғидан мунтазам фойдаланадиган ва унга ҳаддан зиёд ўрганиб қолган одамнинг миясида гиёҳванд моддаларга ружу қўйган одамнинг миясидаги каби шакллар пайдо бўлар экан.

Агар сиз Facebook ижтимоий тармоғидан кўп фойдаландим ва энди умримни кўпроқ реал ҳаётга сарфлашим керак, деб ҳисобласангиз, бир муддат дам олинг. Бу тармоқдаги саҳифани вақтинча ёки батамом ўчириб ташлаш мумкин.

Facebook’даги саҳифангизни вақтинчалик ўчириб ташласангиз, у бир муддат бошқаларга кўринмайди, бироқ Facebook’нинг маълумотлар базасида сақлаб қўйилади. Бу даврда сиз ҳақингиздаги маълумотлар бошқаларга кўринмайди.

Шу билан бирга, сизнинг дўстларингизга юборган хатларингиз саҳифангизни ўчириб ташлаганингиздан кейин ҳам уларга кўриниб туради.

Шунингдек, сиз етарлича дам олиб, руҳан ўзингизга келсангиз ва бу тармоқдан яна фойдаланиш истаги туғилса, хоҳлаган вақтда саҳифага аввалгидай логин ва махфий калитни териб, уни қайта ишга туширишингиз мумкин. Шунингдек, саҳифа фаолиятини вақтинча тўхтатиш чоғида уни қайта ишга тушириш вақтини ҳам белгилаб олиш мумкин.

Саҳифа фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш учун:

– Facebook саҳифангизнинг ўнг томон бурчагидаги менюни танланг;
– “Созламалар“ни танланг;
– Чап томон устундаги биринчи бўлим — “Умумий” (General)ни танланг;
Саҳифани бошқариш (Manage your account)ни танлаб, “Саҳифа фаолиятини вақтинча тўхтатиш” (Deactivate your account)ни танланг ва тасдиқлаш жараёнларини амалга оширинг.

Батамом ўчириб ташланган саҳифани эса ҳеч қачон тиклаб бўлмайди. Агар фойдаланувчи саҳифасини бутунлай ўчириб ташлаш учун ариза берса, бу амал бир неча кунлардан сўнг бажарилади. Шу давр оралиғида фойдаланувчи ўз саҳифасига қайтиб кирса, ўчириб ташлаш ҳақидаги ариза бекор қилинган ҳисобланади.

Шунингдек, саҳифани бутунлай ўчириб ташлашдан аввал Facebook тармоғида ўзингизнинг саҳифангиз билан боғлиқ маълумотларнинг электрон нусхасини сақлаб олиш ҳуқуқи берилади.

Бунинг учун Facebook саҳифаси>созламалар (Settings)> умумий созламалар (General Account Settings)> маълумотлардан нусха юклаб олиш (Download a copy of your Facebook data)> менинг архивимни шакллантиришни бошлаш (Start My Archive) амалини бажаринг.

Шундан сўнг Facebook сиздан юклаб олишни тасдиқлаш учун махфий калит сўз (парол)ни сўрайди. Уни тасдиқлашингиз билан барча маълумотлар тармоқда кўрсатилган электрон почтага жўнатилади.

Агар сиз Facebook саҳифангизни ўчириб ташламоқчи бўлсангиз, бу манзилга киринг: https://www.facebook.com/help/delete_account and click on ‘Delete my account’ ва “менинг саҳифамни ўчириб ташлаш” буйруғини беринг.

Сўнг Facebook сиздан махфий калит сўз ва энг охирида суратдаги кодни теришни сўрайди.

Сизнинг саҳифангиз ва ундаги маълумотларни тўлиқ ўчириб ташлаш учун Facebook тармоғига 90 кун керак бўлади. Бу даврда Facebook маълумотларингиз жамоатчиликка кўринмайди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!