Технология ҳақида сиз билган ва билмаган 10 та факт (3-қисм)

Технология ҳақида сиз билган ва билмаган 10 та факт (3-қисм)

Технология ҳақида қизиқарли фактларга бағишланган мақолаларимиз давом этади. Мақолаларнинг олдинги қисмлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

#1. Илк онлайн геймнинг амалиёти 2000 йилдан олдин пайдо бўлган.

Sega Dreamcast бозор юзини кўрган илк 128 битлик консол эди. 1999 йилда тақдим қилинган ушбу консол фойдаланувчиларга реал вақт режимида бошқалар билан онлайн ўйинлар ўйнаш имконини тақдим қилган. Афсуски, консол замондан илгарилаб кетганди, сабаби ўша пайтда интернет алоқаси етарлича даражада ишончли эмасди.

#2. Агар сизни операция қилувчи жарроҳ геймер бўлса, демак, ишончли қўллардасиз.

Ажабланарлиси, болалигида ҳафтасига 3 соатдан кўп видео ўйинлар ўйнаган жарроҳлар ҳамкасбларига қараганда 37% камроқ хатоликка йўл қўяр экан.

ЎҚИНГ: PubG ҳақида сиз билган ва билмаган фактлар

#3. iTunes жуда ғалати фойдаланиш шартларига эга.

iTunes'дан фойдаланаётган бўлсангиз, демак, сиз ядро қуролларидан фойдаланмасликка розилик берган экансиз. Стриминг хизматининг Фойдаланиш шартларида: «Сиз, шунингдек, ушбу маҳсулотлардан ... ядро қуроллар, ракета ёки кимёвий, ёхуд биологик қуролларни тайёрлашда, лойиҳалашда ёки уларни ишлаб чиқаришда фойдаланмасликка розилик берасиз», деган жумла бор.

#4. Nintendo, аслида, видео ўйинлар ишлаб чиқарувчи компания бўлмаган.

1889 йилда асос солинган Nintendo компанияси компьютерлардан ҳам олдин пайдо бўлган. Хўш, унда бу компания даставвал нима билан шуғулланган?

1889—1956 йиллар оралиғида Nintendo ўйин қарталари ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания бўлган.

Япон компанияси ҳали ҳам қарталар ишлаб чиқаради ва ҳатто Nintendo Кубоги деб аталувчи бридж турнирини ҳам ўтказади.

ЎҚИНГ: Оммалашган Xiaomi ҳақида оммалашмаган маълумотлар

#5. Yahoo'нинг дастлабки номи жуда узун бўлган.

Yahoo қидирув тизимининг дастлабки URL'и akebono.stanford.edu бўлган. «Yahoo» сўзи эса «Гулливернинг саёҳатлари» асаридаги тўқима ирқ вакилларини билдирувчи атама ҳисобланади.

+ Бонус факт: Amazon'нинг ҳам ҳақиқий номи Amazon бўлмаган! Компания аввалига Cadabra.com деб аталган. Cadabra фақатгина онлайн китоблар сотувчи дўкон бўлган холос.

Компания раҳбари Жефф Безос 90-йилларда Cadabra учун янги ном қидира бошлаган. 1994 йилга келибгина компания ҳозирги Amazon номига эга бўлган.

#6. Кўпчилик Google'дан имлони текшириш учун фойдаланади.

Фойдаланувчиларнинг 97% и сўзларнинг тўғри имлосини билиш учун уларни Google'га ёзиб кўради.

ЎҚИНГ: "Okay, Google: Менга ўзинг ҳақингда гапириб бер!"

#7. Nintendo Game Boy космосга олиб чиқилган.

1993 йилда TM-17 миссиясида Собиқ Иттифоқ космонавтларидан бири ўзининг Game Boy консолини космосга олиб чиққан. Консол Ер орбитасини 3,000 марта айланиб чиққани айтилади. Game Boy кейинчалик аукционда 1,220 долларга сотилган.

#8. Ҳар ой Google'га миллиардлаб сўровлар берилади.

Google қидирув тизими ойига 35 миллиард сўровларга жавоб қайтаради. 2019 йил май ойида энг кўп қидирув берилган сўзлар «Facebook» (233 миллион марта), «YouTube» (194 миллион марта) ва «Amazon» (103 миллион марта) бўлган.

ЎҚИНГ: Apple ҳақида сиз билган ва билмаган 14 факт

#9. Чексангиз, Apple кафолат шартларини бузган бўласиз.

Агар Apple компьютерларидан фойдаланаётган пайтингизда тамаки чексангиз, компания ўз маҳсулотларига кафолат бермайди.

#10. Технология болалар исмига таъсир қиляпти.

2012 йилда камида олтита янги туғилган чақалоқ қизга Apple, 49 та ўғил болага Mac ва 17 та қиз болага Siri исмлари қўйилган.

Айни дамда, АҚШда Алекса (Alexa) исми машҳур бўлмай қолди. Бунга сабаб Amazon'нинг 2015 йилда тақдим қилинган Alexa номли овозли ёрдамчисидир. Алекса исми 2015 йилда 6,050 та чақалоққа қўйилган эди, бироқ 2018 йилда бу рақам 3,053 тага тушиб кетган. 2015 йилда Алекса қиз бола чақалоқларга қўйилган 32-энг машҳур исм бўлган бўлса, 2018 йилга келиб 90-энг машҳур исмга айланиб қолган.

ЎҚИНГ: Samsung ҳақида сиз билган ва билмаган фактлар!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.