TikTok АҚШда блокланиш арафасида турибди

TikTok АҚШда блокланиш арафасида турибди

Илгарироқ хабар берганимиздек, АҚШ ҳукумати TikTok'ни мамлакат ҳудудида блоклаш режаласини кўриб чиқаётганди.

Энди эса BBC'нинг маълум қилишича, АҚШ Президенти Доналд Трамп ростдан ҳам Хитойнинг видео улашув иловасини Қўшма Штатлар ҳудудида блокламоқчи ва бунга жуда оз вақт қолди.

Жаноб Трампнинг журналистларга маълум қилишича, Президент фармони шанба куни, яъни бугуноқ имзоланиши мумкин.

АҚШнинг хавфсизлик борасидаги расмийлари Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли TikTok иловаси америкаликларнинг шахсий маълумотларини тўплашда фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирда эканликларини билдирган. TikTok эса платформа Хитой ҳукумати томонидан бошқарилмаслиги ҳамда ҳукуматга фойдаланувчилар маълумоти тақдим қилинмаслигини таъкидлаган. Юқори суръатларда оммалашиб бораётган ушбу илованинг АҚШдаги ойлик фаол фойдаланувчилари умумий сони 80 миллионга яқин. Шунинг учун, АҚШ ҳукуматининг тақиқи ByteDance учун катта зарба бўлади.

«TikTok ҳақида сўз борганда айтишим керакки, биз уни Қўшма Штатларда блокламоқдамиз», дея маълум қилди Президент Air Force One бортидаги журналистларга.

Аммо Жаноб Трамп TikTok'ни мамлакат ҳудудида блоклаши учун айнан қандай қонуний ваколатидан фойдаланиши, блоклаш қандай амалга оширилиши ва бу ҳаракат қандай қонуний муаммоларни келтириб чиқариши ҳозирча аён эмас.

Microsoft ByteDance билан музокаларга киришиб, TikTok'ни сотиб олишга уринаётгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалган эди, аммо Жаноб Трамп бундай келишув амалга ошиши борасидаги шубҳаларини баён қилган. Агар ушбу келишув амалга ошганда, ByteDance АҚШдаги барча операцияларини тўхтатишига тўғри келарди.

TikTok вакили Президент Трамп режалаштираётган тақиқига изоҳ беришдан бош тортди, аммо Америка ОАВга ByteDance компанияси «TikTok узоқ муддат давомида АҚШда муваффақиятли» фаолият олиб боришига ишонишини маълум қилган.

TikTok'ни мамлакат ҳудудида тақиқлаш режаси Трамп маъмурияти ва Хитой ҳукумати ўртасидаги низолар айни кучайган пайтга тўғри келмоқда.

ЎҚИНГ: TikTok сизнинг қайси маълумотларингизни йиғаётганидан хабарингиз борми ўзи?

АҚШ нега TikTok'дан хавотирда?

АҚШ расмийлари ва сиёсатчилари ByteDance TikTok воситасида тўплаган фойдаланувчи маълумотлари Хитой ҳукумати қўлига етиб бориши мумкинлигидан хавотирда. Аммо компания АҚШлик фойдаланувчилар маълумотлари АҚШнинг ўзида сақланиши ва уларнинг нусхаси Cингапурда мавжуд эканлигини айтган.

Бу ҳафта TikTok ўз фойдаланувчилари ва сиёсатчиларга юқорида даражадаги шаффофликка амал қилишни бошлашини ва алгоритмларини қайта кўриб чиқишини маълум қилди.

«Биз сиёсатга алоқадор эмасмиз, сиёсий рекламаларни қабул қилмаймиз ва ҳеч қандай сиёсий режамиз ҳам мавжуд эмас — ягона мақсадимиз ёрқин, ҳаммага завқ улашувчи динамик платформа бўлиб қолишдир. TikTok [АҚШнинг] энг сўнгги нишон[и]га айланди, лекин биз душман эмасмиз», деди TikTok Бош ижрочи директори Кевин Меер тармоқда қолдирган постида.

ЎҚИНГ: TikTok ҳақида 10 статистика

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!