TikTok энди YouTube'ни ҳам ортда қолдирди

TikTok энди YouTube'ни ҳам ортда қолдирди

BBC нашрининг хабар беришича, АҚШ ва Бирлашган Қиролликдаги фойдаланувчилар YouTube'дан кўра кўпроқ TikTok'да вақт ўтказмоқда.

ЎҚИНГ: Янги вакансия: TikTok’да роликлар кўриб, ойига 250 минг рублгача ишлаб олинг!

Иловалар бозори таҳлили билан шуғулланувчи App Annie мониторинг компанияси маълумотларига кўра, ҳар бир фойдаланувчи иловаларга сарфлаган ўртача вақт TikTok'да кўпроқдир.

App Annie'дагилар TikTok «стриминг ва ижтимоий тармоқ ландшафтини бутунлай бошқа томонга йўналтирган»ини таъкидламоқда. Ваҳоланки, фойдаланувчиларнинг сарфлаган умумий вақти миқдори бўйича YouTube етакчилик қилмоқда, чунки мазкур платформа фойдаланувчилари сони TikTok'никидан кўпроқ.

Google'га қарашли видео гигантнинг тахминан икки миллиард ойлик фаол фойдаланувчилари бор. TikTok'нинг бу борадаги энг охирги кўрсаткичлари эса 2020 йил ўрталарида 700 миллионга яқин бўлган.

App Annie ҳисоботидаги «сарфланган вақт» кўрсаткичи фақат Android смартфонлардан олинган маълумотларни акс эттирган. Шунингдек, ҳисоботдан хитойлик фойдаланувчилар статистикаси ўрин эгалламаган. Маълумот учун, TikTok Хитойда Duoyin номи билан танилган.

ЎҚИНГ: TikTok’даги янги челленждан болалар ҳалок бўлмоқда!

«Улкан аудитория»
«Сарфланган умумий вақт кўрсаткичи бўйича YouTube ҳали ҳам TikTok'дан олдинда, жумладан, Бирлашган Қиролликда ҳам. Улкан аудиторияси сабаб YouTube нисбатан енгил интернет фойдаланувчиларидан иборат демографияни қайд этмоқда... илова интернтега кирувчи ҳар кимга етиб бормоқда», дейди Enders Analysis компанияси вакили Жейми МакЭван. YouTube'да энг кўп вақт сарфловчи фойдаланувчилар сарфланган вақт бўйича TikTok'чиларга етиб олмоқда ёки уларни ортда қолдирмоқда, «лекин бу TikTok муваффақиятсиз дегани эмас», дея қўшимча қилади МакЭван.

Янги фойдаланувчиларни жалб қилиш учун TikTok'дагилар катта маблағ сарфламоқда, бироқ янги фойдаланувчилар бошқа иловалардаги каби TikTok'ка содиқ қолмаяпти.

Ҳисоботда қайд этилишича, Бирлашган Қиролликда TikTok YouTube'ни 2020 йил июнь ойида ортда қолдирган ва ўшандан буён мамлакатда етакчи бўлиб келмоқда. АҚШда бўлса, икки илова бир неча марта етакчиликни ўзаро алмашган бўлиб, 2021 йил апрелдан бошлаб TikTok биринчи рақамли бўлиб турибди.

App Annie томонидан кузатилган бошқа кўрсаткичлар ҳам TikTok'нинг ўсиб бораётган аҳамиятини намойиш этади.

Ижтимоий, коммуникацион, фото, видео ва кўнгилочар иловалар орасида TikTok бутун дунё бўйлаб 2020 йилдан бери энг кўп юклаб олинган дастур бўлиб турибди. TikTok, шунингдек, ўтган йилдан буён истеъмолчилар сарфлаган харажатлар бўйича YouTube билан рақобатлашиб келмоқда.

ЎҚИНГ: TikTok'га янги рақобатчи: YouTube Shorts Россияга кириб келмоқда

Даромадли стриминг
App Annie'нинг ҳисоботида яна айтилишича, жонли эфирли иловаларида, хусусан, TikTok'да ҳам, контент яратувчиларига сарфланган харажат миқдори ошмоқда. 2021 йилнинг биринчи ярмида 25 та энг оммабоп ижтимоий тармоқ платформасида фойдаланувчилар қилган харажатларининг тўртдан бири асосий функцияси жонли эфир бўлган иловалар улушига тўғри келган.

Масалан, Twitch сингари гейминг платформаларида томошабинлар «бит» деб номланувчи виртуал пул сотиб олиб, стримерларни мукофотлаши мумкин. Ёки маълум каналга пуллик обуна бўлишлари мумкин.

TikTok эса фойдаланувчиларга «танга»лар орқали контент креаторларни хурсанд қилиш имконини тақдим этади. YouTube'да ҳам жонли трансляциялар учун шунга ўхшаш функция мавжуд.

«Жонли эфир функцияси ижтимоий тармоқ иловаларидан фойдаланиш кўрсаткичларини оширмоқда, бу эса, ўз навбатида, фойдаланувчиларнинг тармоқда қиладиган харажатларини белгилайди», дейилади ҳисоботда.

Ўтган йилдан буён яна бир тармоқ — Snapchat ҳам муваффақиятли бизнес қилиб келмоқда. Тўлдирилган реалликли мазкур хабарлашув иловасининг юклаб олишлар сони АҚШдан ташқарида йиллик 30% лик, икки йил олдингига таққослаганда эса 45% лик ўсиш кўрсаткичини қайд этган.

ЎҚИНГ: TikTok имкониятларни уч карра оширмоқда!