TikTok ҳақида 10 статистика

TikTok ҳақида 10 статистика

Учинчи мингйиллик авлоди ижтимоий тармоқлар қуршовида вояга етмоқда. Мана шундай тармоқлардан бири TikTok'дир.

TikTok бутун дунё бўйлаб энг тез оммалашаётган ижтимоий тармоқ платформаларидан бири бўлиб, видео контентни онлайн улашишга ихтисослашган. Платформа ўз фойдаланувчиларига қисқа мусиқий видеороликлар ва филтерлар яратиш ҳамда бошқа имконияталарни тақдим этади.

Контентлар баъзан кулгили, баъзан кулгили эмас, аммо илова ўта ўзига тортувчан.

TikTok фойдаланувчиларига ўзларини ўта креатив равишда намойиш қилиш имконини беради. Аммо ёшларни бирдек ўзига жалб қилаётган бу илованинг сири нимада? Келинг, TikTok статистикасига бир эътибор қаратамиз ва бу саволга жавоб топамиз.

TikTok аслида нима?

TikTok iOS ва Android учун мўлжалланган мультимедиа иловаси бўлиб, қисқа видеолар яратиш ва улашиш учун хизмат қилади. Илова илк бора 2016 йил сентябрь ойида Хитойда Douyin номи билан тақдим қилинган. 2017 йилга келиб, ByteDance компанияси Douyin'ни Хитойдан ташқаридаги бозорлар учун TikTok номи остида чиқарди. TikTok ва Douyin бир хил дастурий таъминот асосида ишлайди, аммо Хитой сеннзравий чекловларига амал қилиш мақсадида алоҳида-алоҳида тармоқдан фойдаланади. TikTok'ни App Store ва Google Play Store'дан дунёнинг исталган мамлакатида топиш мумкин.

TikTok'ка доир топ 10 статистика

1. TikTok'нинг қанча фойдаланувчиси бор?

Юқорида айтганимиздек, TikTok 2016 йил сентябрь ойида яратилган бўлса ҳам, мана шу уч йил муддат муддат оралиғида ўта оммалашишга улгурди. Datareportal маълумотларига кўра, TikTok'нинг дунё бўйлаб фаол фойдаланувчилари сони 800 миллион кишини ташкил қилади. Бу кўрсаткич билан TikTok ижтимоий тармоқлар орасида оммабоплик бўйича тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди ва LinkedIn, Twitter, Pinterest ва Snapchat'лардан кўра машҳурроқдир. 800 миллион фойдаланувчининг 150 миллиони хитойликлардан иборат. Платформа, айниқса, аксарият Осиё давлатлари, жумладан, Комбоджа, Япония, Индонезия, Малайзия ва Таиланд аҳолиси томонидан жуда илиқ кутиб олинган. TikTok'нинг қанчалик тез оммалашганини билиш учун уни бошқа платформалар билан таққослаб кўрамиз. 800 миллион фойдаланувчи йиғиш учун Instagram'га 6 йил керак бўлган, Facebook'ка эса 4 йил. TikTok эса атиги 3 йилда бу рақамни кесиб ўтди.

2. TikTok неча марта юкланган?

TikTok охирги бир неча йил ичида дунё бўйлаб энг кўп юкланган иловалардан биридир. 2019 йилга келиб, илованинг юклашлар сони App Store'да ҳам, Google Play Store'да ҳам 1,5 миллиарддан ошиб кетди.

2019 йил февраль ойи ҳолатига кўра, TikTok ҳар икки дўконда 1 миллард маротаба юкланган эди. Кейинги 8 ой ичида юкланишлар сони яна ярим миллиарддан ошди! Буни қойилмақом кўрсаткич дейишдан бошқа илож йўқ!

Sensor Tower статистикасининг кўрсатишича, 2019 йил январдан ноябргача TikTok 614 миллион марта юкланган. 11 ой ичида эришилган бу натижа 2018 йилги йиллик кўрсаткичлардан 6% яхшироқ эди.

Тақдим қилинганига унча кўп бўлмаган бўлса-да, TikTok ўтган декаданинг энг кўп юкланган 10 иловаси рўйхатида YouTube ва Twitter'дан ҳам юқоқироқ бўлган ўрин, яъни еттинчи ўринни эгаллаган.

3. TikTok App Store'да энг кўп юкланган иловадир.

Юқоридаги статистикалар сизни ҳаён қолдирмаслиги мумкин, аммо қуйидагисини ўқиб кўзингиз косасидан чиқиб кетиши аниқ! 2019 йилнинг биринчи чораги ҳолатига кўра, TikTok App Store'даги энг кўп юкланган илова саналади. Sensor Tower маълумотларига кўра, дастур бир чоракнинг ўзида 33 миллион марта юкланган. Шундай қилиб, TikTok YouTube, Instagram, WhatsApp, Facebook Messenger'ларни ҳам ортда қолдирган.

Афтидан, TikTok Android'дан кўра iPhone фойдаланувчилари орасида оммалашган кўринади, сабаби илова Google Play Store'да энг кўп юкланганлик борасида WhatsApp ва Facebook Messenger'дан кейинги учинчи ўринда туради. Шундай бўлса-да, 2019 йилнинг биринчи чораги TikTok учун ҳозирга қадар энг омадли келди — ушбу кварталда иловага 188 миллион янги фойдаланувчи қўшилди. Бу эса 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 70% лик ўсиш демакдир.

4. TikTok бутун дунё ўсмирларини «асирга олган».

TikTok эътиборни ёшларга қаратиб айни тўғри йўлни танлаганини исботлади. Платформани катта авлод вакиллари унчалик ҳам тушунмас, аммо ёшлар учун TikTok'дан фойдаланиш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Globalwebindex'га кўра, TikTok фойдаланувчиларининг 41% и 16—24 ёш оралиғидаги ўсмир ва ўспиринлардир. Ёшлар орасида TikTok нималигини билмайдиганларни топиш мушкул, аммо катталар орасида у ҳақда эшитмаганлар кўп. Бунинг сабаби нимада? Сабаб, оддийгина, мақсадда. Аввало, айтиш керакки, илова яратувчилари аввалбошдан ўзларининг аудиторияси қилиб 18 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчиларни танлаган. Бошқача қилиб айтганда, TikTok'ни яратганлар бошқа платформалар яратувчиларидан кўра ёшлар ва уларнинг қизиқишларини кўпроқ тушуна олган. Бошиданоқ ўз аудиториясини аниқлаб олган дастурчилар ёш авлоднинг одатлари ва уларга ёқадиган жиҳатларни тушуниб етган ва билан ўз мижозларига айни керакли маҳсулот тақдим қилган. Платформада кулгили видеолар яратиб, уларни бошқалар билан улашиш мумкин. Контент яратишда, асосан, қўшиқ куйлаш, рақсга тушиш ва ўз севимли таронасини фонограмма қилиш мумкин. TikTok ёшларга ўзларини креатив қилиб кўрсатиш имконини тақдим қилади. Шунинг учун ҳам, тармоқ айнан ёшлар орасида оммалашган.

5. TikTok фойдаланувчилари давлатлар кесимида

TikTok'ни юклаб олганларнинг аксарияти Осиё, айниқса, Ҳиндистон давлатидан.

2019 йил ноябрь ҳолатига кўра, йил давомидаги юклашлар умумий сонининг 45% и (277,6 миллион марта) Ҳиндистон улушига тўғри келган. Ушбу кўрсаткич ҳиндлар томонидан юкланган барча иловалар умумий миқдорининг 60% ини ташкил қилади. Бошқача қилиб айтсак, 2019 йилда ҳиндлар юклаган ҳар 10 та илованинг 6 таси TikTok бўлган.

Ҳиндистондан кейинги ўринда Хитой ва Қўшма Штатлар туради. Бу икки давлат аҳолиси томонидан юклашлар сони мос равишда 45,5 ва 37,6 миллионни ташкил қилади.

Илованинг 2019 йилги юклашлар сони 2016 йилдан бери юклашлар сонининг катта қисмини ташкил қилади. TikTok'нинг ҳозиргача бўлган юклашлар сонининг 466,8 миллионтаси ёки 31% и Ҳиндистон улушига тўғри келади. Бу хитойликларнинг 173,2 миллион юклашларидан икки баробар катта рақамдир. АҚШдаги ҳозиргача бўлган юклашлар сони 123,8 миллион бўлиб, бу умумий юклашларнинг 8,2% ини ташкил қилади.

TikTok яратувчилари илова Жанубий Осиёда қанчалар оммалашганини билади ва шу учун ҳам бу ердаги мижозлари талабини тўлиқ қондиришга ҳаракат қилади. Бунинг исботи ўлароқ, TikTok'дан ҳинд тилининг 15 хил маҳаллий кўринишда фойдаланиш мумкин. Бунга қўшимча, TikTok ўзини Ҳиндистонда таълим дастурини бошлаганини айтиш билан реклама қилмоқда.

ЎҚИНГ: Instagram ҳақида сиз билган ва билмаган 25 факт

6. TikTok фойдаланувчилари кунига қанча вақтини ушбу иловада ўтказади?

BusinessApps берган маълумотларга қараганда, фойдаланувчилар кунига ўртача 52 дақиқа вақтини TikTok'ка сарфлайди. Бу вақт ёки янги видео йратиш, ёки бошқларнинг видеоларини томоша қилишга сарфаланади.

Келинг, фойдаланувчининг кунлик вақт сарфи борасида бошқа иловалар кўрсаткичларига эътибор қаратамиз. Аксарият Instagram фойдаланувчилари кунлик 53 дақиқа вақтини Instagram тармоғида ўтказади, Snapchat'дагилар эса ушбу платформада 49,5 дақиқа сарфлайди. Facebook'да эса ҳаммасидан кўп — 58,5 дақиқа вақт сарфаланади. Маркетологлар учун ушбу статистикалар жуда катта аҳамиятга эга. Яъни фойдаланувчи иловада қанча кўп вақт сарфласа, шунча кўп реклама томоша қилади.

7. TikTok нечта давлатда мавжуд?

Apptrace'нинг 2019 йилги маълумотларига эътибор қаратсак, TikTok 155 та давлатда ишлайди. Иловадан 75 тилда фойдаланиш мумкин.

8. Фойдаланувчилар TikTok'дан кунига бир неча марта фойдаланади.

Юкланган барча иловаларнинг 3/4 қисми фақат бир марта ишлатилади, кейин унутилади. Сизга келтирмоқчи бўлган қуйидаги статистикамиздан сўнг, TikTok бу 3/4 қисмдаги иловалар тоифасига кирмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. Фойдаланувчиларнинг 90% и TikTok'дан кунлик равишда ўта фаол равишда фойдаланади. Платформа фойдаланувчиларини бир ой давомида кузатиш натижасида аниқландики, фойдаланувчиларнинг 68% и бошқаларнинг видеосини томоша қилади, 55% и эса ўзларининг видеосини яратади (Globalwebindex). Демак, фойдаланувчиларнинг кўпи янги контент яратишдан кўра, мавжудларини томоша қилишни афзал кўрар экан.

Яратувчилардан кўра томоша қилувчилар сонининг кўплигига оддий сабаб бор. Бу ҳам бўлса, кўпчилик тармоқни шунчаки кўнгил очиш манбайи сифатида кўради. Аммо, шундай бўлса-да, контент яратувчиларнинг сони ҳам ўта даражада кўп. Бу TikTok'нинг ижтимоий палтформа сифатидаги соддалиги ва яратувчанлик эркинлигини намоён қилади.

9. TikTok катта ёшли америкалик фойдаланувчилар орасида ҳам оммалашиб бормоқда.

Америкаликлар TikTok'ни жуда севади. 500 миллион ойлик фаол фойдаланувчиларнинг 26,5 миллиони Қўшма Штатларда истиқомат қилади. Бу статистикада ҳам Android, ҳам iOS қурилмалари орқали юклашлар сони умумий кўрсатилмоқда.

Тармоқ ўсмирлар орасида ўта оммалашган бўлса ҳам, энг сўнгги кўрсаткичлар ўзгаришларни кўрсатмоқда.

2018 йилнинг учинчи чорагидаги бироз пастлашларни инобатга олмасак, охирги бир неча йиллардан буён TikTok'нинг катта ёшдаги америкалик мижозлари сони ортиб бормоқда.

2017 йилнинг биринчи чорагида катта ёшли америкалик фойдаланувчилар сони 2,6 миллион эди. 2018 йилнинг мос даврида эса бу рақам деярли уч баробар ошиб, 7,2 миллионга етди. 2018 йил сентябридан буён бу тоифадаги фойдаланувчилар сони кескин равишда ортиб келмоқда. Атиги кейинги олти ой ичида 7,2 миллион фойдаланувчи 14,3 миллионга етди. 

Шундай қилиб, 18 ойдан камроқ муддат оралиғида катта ёшдаги АҚШлик фойдаланувчилар сони 5,5 марта кўпайди. Бунга сабаб қилиб таниқли бошловчи Жимми Феллон мезбонлигидаги «The Tonight Show»ни келтириш мумкин. Шоунинг бир қисми сифатида, Феллон томошабинларни TikTok'даги челленжларда иштирок этишга чиқарган. Ушбу ҳамкорлик самараси ўлароқ, TikTok'нинг америкларик катта ёшдаги фойдаланувчилари сони кўпайган.

10. TikTok'да томоша қилинган видеоларнинг ўртача сони

TikTok'да томоша қилинган видеоларнинг ўртача сонига келсак, бир йил давомида тармоқдаги видеолар кунига 1 миллон мартадан ортиқ томоша қилинган (Influencermarketinghub, 2018). Бунда аҳмиятлиси, мана шу кунлик бир миллион томоша қилишлар сонига TikTok тақдимотидан атиги бир йил ўтиб эришилган.

Хулоса

Қўрқмасдан айтишимиз мумкинки, TikTok шунчаки Vine'нинг ўрнини босаётгани йўқ, балки ижтимоий тармоқ ва медиа бозорининг энг катта еткачилари билан рақобатлашмоқда.
 
TikTok асосий эътиборни контент яратувчиларига қаратади. Контент яратишнинг осонлиги эса TikTok'ка бошқа рақибларидан устун жиҳат бўлиб хизмат қилади.

Биз сизга юқорида келтириб ўтган статистик маълумотлар билан ушбу платформа ва унинг нима учун бунчалар оммабоп эканлигини янада яхшироқ тушуниб олдингиз, деб умид қиламиз.

ЎҚИНГ: Полиция сўзлашувларини тинглаш иловаси Facebook, Instagram ва TikTok’ни ортда қолдирди!