ТОП-10: AnTuTu наздида июнь ойидаги энг зўр флагманлар

  •   DiMaX
  •  1197
  •  03.07.2020 10:00

ТОП-10: AnTuTu наздида июнь ойидаги энг зўр флагманлар

Оммабоп AnTuTu бенчмарки Android-смартфонларнинг самарадорлиги бўйича навбатдаги рейтингини эълон қилди. Унда 2020 йилнинг июни давомида хитойлик фойдаланувчиларнинг ушбу сервисдаги текширувлари асосидаги натижалар чиқарилган.

ЎҚИНГ: Ҳали чиқмаган Snapdragon 865 Plus флагман процессори илк бор AnTuTu’да имтиҳон топширди!

Буни қарангки, Oppo компаниясининг Find X2 Pro флагмани март ойи рейтингида лидерликка эришиб, апрелдаги рўйхатнинг ҳам етакчиси бўлган эди. Жорий йилнинг 6 март куни тақдим этилган ушбу смартфон май ойи рейтингида ўрнини ҳеч кимга бермаган бўлса, бу гал ҳам шоҳсупадан тушмаган, балки 608 049 балл билан ўз рекордини янгилаган!

Иккинчи ўринга бу гал 603 266 баллик натижа билан Xiaomi Mi 10 Pro флагмани чиқиб олган. Ўтган ойда иккинчи поғонани эгаллаб турган OPPO Find X2 эса июнда унга имкониятни бой бериб, бронза билан чекланишига тўғри келган – 599 306 балл.

ЎҚИНГ: DxOMark энг зўр камерофон, селфифон ва аудиосмартфонларни эълон қилди

Кучли ўнталикка яна OPPO Ace 2, iQOO Neo 3, Redmi K30 Pro, Realme X50 Pro, iQOO 3, Meizu 17 Pro ҳамда OnePlus 8 Pro моделлари кирган. Эътиборли жиҳати – ўтган ойдаги каби, бу гал ҳам энг зўр смартфонларнинг барчаси Qualcomm Snapdragon 865 процессорига таянган.

Ишлаб чиқарувчисига кўра баҳолаганда, рейтинг шоҳсупаси ва умуман ундаги тўртта ўрин OPPO компанияси (Realme бренди ҳам унга қарашли) смартфонларига тегишли. Xiaomi ҳамда унинг Redmi бренди иккита ўринни, Vivo компаниясининг ўйинбоп қурилмаларга ихтисослашган iQOO бренди ҳам иккита поғонани банд этган. Рейтинг охиридаги иккита ўрин эса Meizu ҳамда OnePlus флагманларига насиб қилган.

Дарвоқе, бу ойда ҳам рейтингда Huawei компаниясининг ёки унга қарашли Honor брендининг бирорта ҳам модели йўқ. Шунингдек, рўйхатда Samsung компаниясининг Galaxy S20 туркуми флагманларини ҳам учратмаймиз.

ЎҚИНГ: Snapdragon 865+ ва 16 ГБ «оперативка»ли бу геймерофон AnTuTu’да жаҳон рекордини янгилади! (+ илк «жонли» расмлар)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!