ТОП-10: март ойидаги энг зўр Android-иловалар

  •   DiMaX
  •  4499
  •  02.04.2018 11:44

ТОП-10: март ойидаги энг зўр Android-иловалар

Бугун «яшил роботчали» гаджетлар фойдаланувчилари орасида март ойида оммалашган дастурларни кўриб чиқамиз. Улардан айримлари сиз учун янгилик бўлса, бошқалари аввалдан таниш бўлиши ҳам мумкин.

ЎҚИНГ: Хушхабар: Google Maps’га 39та янги, жумладан, ўзбек тили ҳам қўшилди!

1. Clap To Find My Phone

Уйда ёки ишхонада кўпинча телефонини қаерга қўйганини эслай олмасдан, излаб юрувчилар бор. Улар смартфонини топиш учун бошқа бирор рақамдан унга қўнғироқ қилишларига тўғри келади, лекин шу пайтда яқин атрофда бошқа телефон ҳам бўлмаса-чи? Бунақа ҳолатлар учун махсус Clap To Find My Phone иловаси ишлаб чиқилган. Смартфонга ўрнатиб олиб, ишга тушириб қўйсангиз, бу дастур фон режимида жимгина ишлаб туради, унинг борлигиям сезилмайди. Лекин телефонингизни топиш керак бўлиб қолса, шунчаки қарсак чалсангсиз кифоя – у баланд овозда сигнал чала бошлайди.

Clap To Find My Phone иловасини мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

2. Deezer Music

Deezer Music сервиси ҳозирча Google Play ёки Spotify каби кенг оммалашган эмас, аммо бир қатор афзалликларга эга. Унинг алгоритмлари сизнинг мусиқий дидингиздан келиб чиққан ҳолда сўнгсиз плейлистлар тузиб тақдим этади. Тўғри, «Google Play Мусиқа» ҳамда Apple Music сервисларида ҳам шунга ўхшаш функциялар бор, аммо пулли. Deezer Music’да эса, гарчи айрим чекловлар билан бўлса-да, шу каби функциялар бепул тақдим этилади. Шунингдек, бу иловада инглиз тилли подкастлар ва эфир станциялари ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: Ucell’нинг «Мусиқий баҳор» акцияси: Zvooq иловасида сифатли мусиқалардан бeпул баҳра олинг! (+видео)

Deezer Music иловасини смартфонингизга мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олсангиз бўлади.

3. Меморадо

Бу – бугунги кунда кўпчилигимиз учун керакли иловалардан бири; у кишининг хотирасини, диққатни жамлашини ва миянинг реакция билдиришини яхшилашга мўлжалланган. Меморадо 15 та турли ўйинларнинг жами 450 босқичини ўз ичига олган дастурдир. Улардаги кўрсаткичларингиз асосида статистика юритилади; унга қараб, фикрлашингиз қанчалик ўсиб бораётганини ўзингиз ҳам яққол кўрасиз.

Меморадо иловасини смартфонингизга кўчириб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтасиз.

4. Jefit

Жисмоний машқлар, танани чиниқтиришга мўлжалланган тренировка иловалари орасида Jefit ўзининг сифатлилиги ва универсаллиги билан ажралиб туради. Ушбу илованинг катта базасига турли машқлар ҳамда уларнинг бажарилиш техникаси ҳақида батафсил маълумотлар киритилган. Шулар асосида ўзингизга мос тренировка дастурингизни тузиб чиқишингиз ҳам мумкин.

Android-телефонингизга Jefit иловасини ушбу ҳавола орқали ўрнатиб олиш имкони мавжуд.

5. Radio Garden

Онлайн радиостанцияларни топиб тинглашга мўлжалланган қизиқарли илова – улар Ер сайёрасининг 3D-моделида кўрсатилади. Илова экранидаги Ерни айлантирасиз ва тинглаш мумкин бўлган радиостанцияларни излайсиз. Исталган бирининг устига босиб, тинглашни бошлаверасиз. Ёқиб қолганини эса танланганлар рўйхатига қўшасиз. Шунингдек, бу иловада анча олдинги йиллар қўшиқларини топиб тинглаш имкони ҳам бор. Шу тарзда радиотўлқинлар оғушида макон ва замон оша мусиқий сайр қиласиз.

Radio Garden дастурини смартфонингизга мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олишингиз мумкин.

6. Battle Boom

Жорий йилнинг март ойида кўплаб яхши мобил ўйинлар ишлаб чиқилди, улар орасида Battle Boom иловаси эътиборга лойиқ. Аъло даражадаги графика ва анимацияга эга бўлган бу ўйинда фойдаланувчига турли жанговар техникалар ва махсус хизмат жангчилари тақдим этилади. Хуллас, шиддатли жанг ва оқилона стратегияларни хуш кўрувчи геймерлар учун ажойиб топилма.

Қурилмангизга Battle Boom жанговар ўйинини ушбу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

7. SoundHound

Машҳур Shazam иловасига ўхшаш SoundHound ҳам ажойиб имкониятларга эга: у нафақат плеерда ижро этилаётган мусиқани, балки ҳатто ўзингиз хиргойи қилган қўшиқни ҳам аниқлаб, унинг номи, асл ижрочиси ва бошқа маълумотларини тақдим этади. SoundHound сервисининг асосий ўзига хосликларидан бири – реал вақт режимида қўшиқ матнини кузатиб бора олади. Бу илова мутлақо бепул, аммо реклама баннерлари бор.

Смартфонингизга SoundHound дастурини ўрнатиб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

8. TrackView

Android тизимли смартфон ёки планшет орқали видеокузатувни йўлга қўйиш учун TrackView энг мақбул дастурлардан биридир. Бу илова фойдаланувчини нафақат камера олдидаги ҳаракатлардан, балки шубҳали овозлардан ҳам хабардор этиб туради. Бирор шубҳали фаоллик кузатилса, тасвирни ёзиб олиш автоматик равишда бошланади, аммо бу функцияни бирор вақт учун ёки умуман ўчириб қўйиш имкони ҳам бор. TrackView ёзиб олган тасвирлар «Google Диск» сервисига жўнатилади, шу боис ҳатто қурилмани атайлаб бузишса ҳам, у ёзиб олган видеолавҳалар сақланиб қолаверади.

TrackView иловасини мана бу ҳавола ёрдамида гаджетингизга ўрнатиб олсангиз бўлади.

9. PUBG Mobile

PlayerUnknown’s Battlegrounds десктоп версияси ўтган йилнинг энг яхши ўйинларидан бири бўлди. Таҳлилчилар фикрича, бу ўйиннинг мобил талқини ҳам шундай оммалашуви кутилаётир. У оригинал дастурнинг барча функцияларини тақдим этишидан ташқари, буткул бепул ҳам!

Ўйин ишқибозлари ўз девайсларига PUBG Mobile иловасини мана бу ҳавола орқали юклаб олишлари мумкин.

10. Terabayt.uz

Севимли сайтингиздаги янги хабарлар, мақолаларни тезкорлик билан сизга етказиб турувчи илова. Ўзининг тезкорлиги, бошқа контентларга чалғишнинг олдини олиши билан ҳам бу иловадан фойдаланиш браузер орқали сайтимизга киришдан кўра афзалроқ.

Агарда шу пайтгача смартфонингизга Terabayt.uz иловасини ўрнатиб олмаган бўлсангиз, буни тўғрилаш учун ушбу ҳавола орқали ўтинг.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.