ТОП-10: Қайси смартфонларнинг қалбакилари энг кўп? (Master Lu рейтинги, 2020 йил март)

  •   DiMaX
  •  1507
  •  10.03.2020 17:13

ТОП-10: Қайси смартфонларнинг қалбакилари энг кўп? (Master Lu рейтинги, 2020 йил март)

Ўзининг хилма-хил рейтинглари билан эътибор қозониб келаётган бенчмарк сервисларидан бири Master Lu бўлади. Аввалроқ унинг маълумотлари асосида 2019 йилда кўпроқ сохталаштирилган смартфонлар рейтингини эълон қилган эдик.

ЎҚИНГ: Тезкорлик рейтингида Galaxy S20 учлиги барча рақибларининг «абжағини чиқарди»! (Master Lu, 2020 йил февраль)

Master Lu дастурчилари энди 2019 йилнинг март ойидан токи 2020 йилнинг март ойигача Хитой бозоридаги ҳолат бўйича энг кўп қалбакилаштирилган смартфонлар рейтингини тақдим этишди.

Samsung компанияси «Осмон ости салтанати»даги смартфонлар бозорида ўзини унча яхши ҳис этмайди – рақобатчиларига бас кела олмаяпти. Аммо турли моделларининг клонлари бўйича жанубий кореялик техногигант етакчи экан. Хитойдаги қалбаки смартфонларнинг 29,54 фоизи айни шу компания номидан тайёрланяпти.

Иккинчи ўринни 26,44 фоизлик кўрсаткич билан Apple смартфонларининг клонлари эгаллаган бўлса, кучли учликни Xiaomi’ники дея алдаб сотилаётган моделлар якунлаб берган – 9,83%. Кейинги поғоналарда тегишлича қалбаки Honor, Oppo ва Vivo смартфонлари келяпти.

ЎҚИНГ: Android-смартфон оригиналлигини аниқлашнинг энг содда ва ишончли усули

Бевосита моделларга келганда эса, Хитойда купертиноликларнинг iPhone 8 смартфони энг кўп сохталаштирилар экан. Иккинчи ва учинчи ўринларни Samsung W2018 ҳамда Samsung W2019 букилувчи смартфонлари эгаллаган. Кучли бешталикка яна iPhone XS Max ва Samsung Galaxy S10+ ҳам кирган.

Қалбаки смартфонларнинг техник хусусиятлари эса бир неча йиллардан бери айтарли ўзгармасдан келмоқда. Булар – 720p форматли дисплей, MediaTek MT6589 процессори ҳамда Mali-400 MP график тезлатгичидир.

Шуниси ҳам борки, сохта смартфонлар сони бу йилда кескин қисқарган. Master Lu бундан уч йил аввал 300 000 тача қалбаки смартфонни аниқлаган бўлса, бир йилда уларнинг сони 210 000 донагача, яна бир йил ўтиб эса – 100 000 тагача қисқарган. Бу йил эса Хитойда «атиги» 47 000 та клон-смартфон учраган.

ЎҚИНГ: iPhone: асл ва қалбаки маҳсулотни фарқлашга оид маслаҳатлар

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!