Тўрт йиллик Samsung смартфонларига ҳам энди Android 11 ўрнатиш мумкин!

  •   DiMaX
  •  1064
  •  15.04.2021 11:11

Тўрт йиллик Samsung смартфонларига ҳам энди Android 11 ўрнатиш мумкин!

Жанубий кореялик корпорация ўзининг Galaxy S8 ҳамда Galaxy S8+ смартфонлари учун тизим янгиланишини шу йилнинг январь ойида чиқарган. Эслатиб ўтамиз, булар – компаниянинг 2017 йилги флагман моделларидир (тавсифи билан танишинг).

ЎҚИНГ: Samsung «энг қудратли Galaxy қурилмаси»нинг тақдимот кунини эълон қилди

Айтиш керакки, компаниянинг саккизинчи авлод флагман смартфонлари учун ушбу янгиланиш расман энг сўнггисидир. Улар билан бир йилда чиқарилган Galaxy Note 8 фаблети (тавсифи) эса октябрдан бошлаб фақат ҳар чоракда хавфсизлик патчларини олиб туради.

Лекин ҳаваскор дастурчилар жамоаси Exynos процессорли ушбу учта русумдаги эски флагманлар эгаларини қувонтиришга қарор қилди. Кўпчиликка маълум LineageOS 18.1 график қобиғи асосидаги Project Sakura лойиҳаси доирасида улар учун прошивкалар ишлаб чиқилди. Бу прошивкаларга Android 11 операцион тизим талқинининг барча асосий ўзига хосликлари киритилган, уларда фойдаланувчи интерфейси содда, яна турли қўшимча созламалар ҳам жорий этилган.

ЎҚИНГ: Ўн хил Samsung смартфонига Android 11 базасидаги One UI 3.1 прошивкаси кела бошлади!

Тўғри, Android 11 асосидаги прошивкалар ҳозирча тўлиқ охирига етмаган ва уларда айрим нуқсонлар кузатилади. Масалан, уларда ҳозирча Wi-Fi Direct ҳамда интернет улашиш функцияси ишламаяпти. Нима бўлганда ҳам, смартфонига бу каби норасмий прошивкани ўрнатаётган фойдаланувчи унинг оқибатлари учун ўзи масъул бўлади.

Бордию синаб кўришдан чўчимайдиган бўлсангиз, Galaxy S8 ҳамда Galaxy S8+ флагманлари учун ушбу ҳавола, Galaxy Note 8 фаблети учун эса мана бу ҳавола ёрдамида Project Sakura прошивкаларини кўчириб олишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, турли смартфонсозларнинг ўз мобил қурилмаларига тизим янгиланишларини ҳамда хавфсизлик патчларини тарқатиб туриш муддатлари ҳар хил. Бу борада Apple’га етадигани йўқ – аксарият iPhone’ларига у камида беш йилгача апдейт тарқатади.

ЎҚИНГ: Глобал прошивка, Глобал версия ва Хитой версия. Буларнинг фарқи нимада?