«Тўрткўз» Lenovo K9 тақдим этилди: дизайни флагманча, хусусиятлари ўртача, нархи эса атиги 123 доллар!

  •   DiMaX
  •  1241
  •  17.10.2018 09:29

«Тўрткўз» Lenovo K9 тақдим этилди: дизайни флагманча, хусусиятлари ўртача, нархи эса атиги 123 доллар!

Юқори техник жиҳатларга эга флагманлардан кўра ўрта нархли ва ҳамёнбоп смартфонларнинг харидори кўп бўлиши табиий. Ишлаб чиқарувчилар шуни ҳам инобатга олишади ва ўз ассортиментларида арзон моделларга ҳам эътибор беришади.

ЎҚИНГ: Terashop.uz’дан 999 000 сўмгача нархга қандай смартфонлар олиш мумкин?

Хитойлик смартфонсознинг Lenovo K9 смартфони эса жуда ажойиб ечимни таклиф этади. Унинг ташқи кўриниши Huawei флагманлари услубида ишланган: ҳам асосий, ҳам олд камералари бир хилда иккитадан (13+5 мегапикселли) датчикларга ҳамда LED-чақноқларга эга. Орқа панелда бармоқ изи сканери ҳам ўрин олган. Смартфон корпусининг ўлчамлари 153,8х72,9х7,95 миллиметрга, вазни эса 155 граммга тенг. Унга диагонали 5,7 дюймлик, тасвир сифати 1440х720 пикселли IPS-экран ўрнатилган.

Lenovo K9 моделининг «ички дунёси» эса ўртача, техник таъминоти асосини якка кристалли MediaTek Helio P22 процессори ташкил этади. Мазкур чипсет таркибига 2,0 ГГц.гача такт частотасида ишловчи саккизта Cortex-A53 ядроси, IMG PowerVR GE8320 график тезлатгичи ва LTE модеми киради. Яъни, у тўртинчи авлод – 4G уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайди, Android 8.1 операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди. Тезкор хотира ҳажми 3, ички хотира ҳажми бўлса 32 гигабайтни ташкил этади. Аккумуляторининг ток сиғими 3000 мА/соатга тенг, замонавий USB Type-C портига эга.

Шунча хусусиятлари билан Lenovo K9 смартфони атиги 123 АҚШ долларига нархланган. Хитойлик компания уни қора ва кўк рангли корпусларда дастлаб Ҳиндистонда савдога чиқармоқда. Кейинчалик ушбу гаджет бошқа мамлакатлар бозорига ҳам етказиб берилиши кўзда тутилган.

ЎҚИНГ: «Қотилнинг қайтиши»: Lenovo тақдимотга таклиф этмоқда

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!