«Тўртта G»: Motorola атиги 199 доллардан бошланувчи Moto G7 смартфонларини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  629
  •  08.02.2019 11:07

«Тўртта G»: Motorola атиги 199 доллардан бошланувчи Moto G7 смартфонларини тақдим этди

Motorola компанияси Moto G7 туркумидаги смартфонларни тайёрлаётгани ҳақида кейинги пайтларда инсайдерлар хабар қилиб келишарди. Кеча – 7 февраль куни улар расман намойиш қилинди.

ЎҚИНГ: Motorola’дан бир йўла тўртта смартфон: ҳаммаси ўрта тоифада

Мазкур серияга тўртта модел кирган – стандарт Moto G7, нисбатан қимматроқ Moto G7 Plus, бақувват батареяли Moto G7 Power ва энг арзон Moto G7 Play.

Аввалги авлод Moto G моделларига нисбатан ушбу смартфонларнинг афзаллиги – улар қудратлироқ процессор ва камералар, кучлироқ қувватлаш технологияларига эга. Тўрттала қурилма ҳам Android 9.0 Pie тизимига эга бўлиб, Европада февралнинг ўртасиданоқ сотувга чиқади.

Энг қиммат Moto G7 Plus модели Snapdragon 636 процессорига таянган, қолган учтаси эса Snapdragon 632 чипи базасида ишлайди. Хотира ҳажми турли ҳудудлар учун чиқарилаётган вариантларда ўзаро фарқланади: техкор хотиралари 2–4 гигабайтлик, доимийлари эса 32–64 гигабайтлик.

ЎҚИНГ: Энди ўзимиз таъмирлаймиз: Motorola смартфонларни уйда таъмирлаш учун тўплам чиқармоқда

Стандарт Moto G7 диагоналига 6,2 дюймлик, тасвир аниқлиги 2270х1080 пикселлик дисплейга эга. Асосий камераси қўшалоқ – 12 ва 5 мегапикселлик, селфи-камера эса 8 мегапикселлик датчиклардан иборат. 3000 мА/соатлик аккумуляторини 15 ваттлик қувватга эга технология орқали тезкор зарядлаш мумкин.

Moto G7 Plus моделининг ундан фарқлари: бош камераси 16 ва 5, олд камераси эса 12 МПлик. Ушбу илғор смартфон яна стереодинамиклар билан, шунингдек, Moto туркумида илк бор 27 ваттлик TurboPower қувватлаш технологияси билан таъминланган.

Moto G7 Power смартфонининг Moto G7’дан фарқли жиҳатлари: экранининг тасвир аниқлиги 1520х720 пикселлик, асосий камераси 12 мегапикселлик якка датчикли, аккумулятори 5000 мА/соатлик.

Moto G7 Play моделининг диагоналига 5,7 дюймлик экрани 1512х720 пикселлик аниқликка эга. Асосий камералари 13 ва 8 мегапикселлик. 3000 мА/соатлик аккумулятори 10 ваттлик қувватлаш усули ёрдамида тезкор зарядланади.

Moto G7, G7 Power ва G7 Play смартфонлари тегишлича 299, 249 ва 199 долларга нархланган. Moto G7 Plus модели эса АҚШда сотилмайди, унинг Европадаги нархи – 300 евро.

Дарвоқе, Motorola компанияси яқин орада ўзгача бир смартфон ҳам тақдим этиши кутилмоқда...

ЎҚИНГ: Қайишқоқ экранли Motorola RAZR V3 февралдаёқ сотувга чиқади, нархи ҳам маълум!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!