Тўртта камерали Huawei Y9 (2018) тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  2800
  •  12.03.2018 12:44

Тўртта камерали Huawei Y9 (2018) тақдим этилди!

Хитойлик энг йирик смартфонсоз ўзининг навбатдаги флагманлари – Huawei P20 туркумини 27 март куни Парижда намойиш этмоқчи эканидан хабаримиз бор. Аммо унгача ҳам бу компания бекор ўтиргани йўқ; масалан, у Таиландда ўзининг Y9 (2018) смартфони тақдимотини ўтказди.

ЎҚИНГ: Машҳур инсайдер Huawei P20 флагманларининг дизайнини тўлиқ фош этди!

Huawei Y9 (2018) техник жиҳатдан Mate 10 Lite моделидан деярли фарқ қилмайди, лекин ташқи кўриниши қизиқарлироқ чиққан, у Honor 7X девайсига ҳам ўхшаб кетади. Диагоналига 5,93 дюймлик IPS LCD-дисплейининг томонлари ўзаро 18:9 нисбатда, тасвир аниқлиги эса 1080х2160 пикселни ташкил этади.

Унга хитойлик техногигантнинг Kirin 659 русумли ўз процессори қўйилган. Айни дамда Honor 9 Lite, P smart ҳамда Mate 10 Lite каби смартфонларнинг ҳам «электрон юраги» айни шу процессор ҳисобланади. Y9 (2018) тезкор хотираси 3 гигабайт, доимий флеш-хотираси эса 32 гигабайт ҳажмга эга, яна унга microSD-карта ҳам қўйиш мумкин.

Янги тақдим этилган қурилма камерасининг аппарат ва дастурий таъминоти ҳам Mate 10 Lite’дан «ўзлаштирилган». Унинг асосий камераси (16 Мп + 2 Мп) ҳам, селфи-камераси (13 Мп + 2 Мп) ҳам қўшалоқ модуллар билан таъминланган.

Huawei Y9 (2018) гаджетининг Mate 10 Lite моделидан устун жиҳатларидан бири – унинг энг янги дастурий таъминот билан жиҳозланганидир. Янги моделдаги смартфонга бошиданоқ Android Oreo талқини ўрнатилган. Шунингдек, Mate 10 Lite русумли қурилманинг «қуват тоши» 3340 мА/соатлик батарея бўлса, Huawei Y9 (2018) телефони 4000 мА/соатлик аккумулятор билан жиҳозланган.

Намойиш этилган янги смартфоннинг нархи ва бозорга чиқарилиш санаси ҳозирча маълум қилинмаётир.

ЎҚИНГ: Энг кучли Android-смартфонлар: топ-учталикни битта компания забт этди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!