Тошкент метросининг барча бекатларида энди уяли алоқа ва мобил интернет ишлайди!

  •   DiMaX
  •  412
  •  23.02.2021 12:34

Тошкент метросининг барча бекатларида энди уяли алоқа ва мобил интернет ишлайди!

Метрополитенда интернетни ишга тушириш 2019 йилда бошланган эди. Сентябрь ойидаги 6-ICTEXPO 2019 кўргазмасида «COSCOM» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) юртимизда биринчи бўлиб 5G тармоғи билан бирга, илк маротаба иккита бекатда алоқани йўлга қўйиш ҳақида эълон қилганди.

ЎҚИНГ: Бир йилга чексиз Telegram, YouTube, Tas-IX, қўнғироқлар ёки ижтимоий тармоқлар керакми?

Бугунга келиб абонентлар интернетдан барча платформаларда фойдаланиш имкониятига эга, дейилади компания хабарида.

Пойтахт метроси нафақат жамоат транспорти сифатида хизмат қилади, балки ҳақли равишда сайёҳлар мунтазам ташриф буюрадиган замонавий меъморий обида ҳам саналади. Йўловчилар учун йўналиш давомида мобил алоқа ва интернетдан фойдаланиш имконияти ҳар доимгидан ҳам муҳим. Бир ярим йил олдин биз ер остида уланиш қай тариқа амалга оширилгани, муҳандис ва техниклар дуч келган қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилгандик. Ахир, метрополитен бизнинг шароитда нафақат стратегик объект, балки маданий мулк ҳамдир.

Радиотармоқни режалаштириш гуруҳи муҳандиси Равшан Ваҳобов шундай дейди:

— Тошкент метросидаги алоқа — ўзига хос бетакрор лойиҳа ва уни бошқа мамлакатлардаги тажриба билан солиштириб бўлмайди. Биз ишни белгиланган санитар хавфсизлик меъёрларига мувофиқ ташкил этдик. Ўзбекистондаги СЭС стандартлари дунёдаги энг қатъийларидан ҳисобланади. Техникларимиз, шунингдек, ускуналарни бекатлар интерерига имкон қадар сезилмайдиган қилиб бириктириш ва бир вақтнинг ўзида юқори сифатли алоқани сақлаб қолишга диққат қаратишди. Фойдаланувчи тестлари муваффақиятли ўтди ва бугун Ucell абонентлари муаммосиз интернетда сёрфинг билан шуғулланиши, исталган бекатдан қўнғироқ қилиши ёки хабар йўллаши мумкин. Шубҳасиз, бу иш ҳали давом этади ва биз эришилган натижада тўхтамоқчи эмасмиз.

Қабул-узатиш ускунаси эфирга ўтган йилнинг 17 декабрида уланган эди. Барча бекатларда тест-драйв амалга оширилган. Овозли, пакет ва SMS-хизматлар тўла ҳажмда ишламоқда. Тўртинчи авлод уяли алоқа стандарти – LTE тармоғида қайд этилган энг катта тезлик 142 Мбит/сония (Speedtest). Бундан ташқари, сутка давомида 1500 га яқин фаол 4G фойдаланувчилари рўйхатга олинган.

Биз Ucell компанияси томонидан татбиқ этилаётган замонавий технологиялар ёрдамида ҳаёт сифати яхшиланиши, уяли алоқа ва интернет-алоқа хизматларидан эса ҳар бир инсон исталган ерда фойдаланиш имкониятига эга бўлишига интилмоқдамиз, дейилади хабарда.

ЎҚИНГ: «ЮэСэМ Телеком» ва МегаФон Ўзбекистон бозорига кириб келмоқда

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!