Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам станцияси мобиллашди

  •   DiMaX
  •  2121
  •  27.12.2019 16:03

Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам станцияси мобиллашди

АКТ вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда «Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш» лойиҳасининг биринчи босқичини ишга туширди. Бу тўғрида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Дорилар ва нархлари ҳақида мобиль илова орқали маълумот оласиз

Айни вақтда амалга оширилган ишлар қиймати қарийб 12 миллион долларни ташкил этмоқда. Ҳозирда Хитой компанияси томонидан замонавий АКТ ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 81 дона тез тиббий ёрдам автомобиллари реанимобил етказиб берилди. Жорий йил якунига қадар эса қолган барча 69 дона тез тиббий ёрдам автомобиллари етказиб берилиши режалаштирилган.

Ушбу харид қилинган тез тиббий ёрдам автомобиллари мавжуд автомобиллардан афзаллиги шундаки, уларнинг салон қисмига замонавий видеокузатув камераси ва зарур тиббий ахборот коммуникация ва мультимедиа технологиялари ўрнатилган. Бу эса, ўз навбатида, Call-марказ билан доимий алоқада бўлиш, аҳволи оғир беморларга масофадан туриб зарур маслаҳат ва кўрсатмалар бериш, энг муҳими, беморнинг ҳар бир дақиқаси тўлиқ назоратда бўлишини таъминлайди. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг Call-марказида жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, замонавий АКТ ускуналари ўрнатилди. Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасидаги тизим интегратори – “BePro – Дастурчилар маркази” МЧЖ томонидан автоматлаштирилган тез тиббий ёрдам хизмати бошқарув тизими синов тарзида жорий этилиб, ҳозирда мазкур тизимдан фойдаланадиган ходимларни ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу замонавий технологияларни тизимга жорий этиш билан боғлиқ йирик лойиҳанинг иккинчи босқичида Huawei компанияси билан биргаликда республиканинг барча ҳудудларидаги тез тиббий ёрдам хизматига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кўзда тутилган. Қиймати 155,0 млн. долларга тенг лойиҳага кўра, республиканинг барча ҳудудларида тез тиббий ёрдам хизмати Call-марказлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланади ва мавжуд тез тиббий ёрдам транспорти автопаркини тўлиқ янгилаш режалаштирилган.

ЎҚИНГ: Дастурчи тасодифан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳокимият сайтларига хакерлик ҳужумини уюштирди!