Тошкент шаҳридаги Инҳа университети абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишни бошлади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишни бошлади

2018-2019 ўқув йили учун Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)га абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 2018 йилнинг 25 май кунидан бошланди, деб хабар қилинмоқда университет сайтида.

Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни

Аввалги йиллардаги каби бу йил IUT га ҳужжат қабул қилиш тўлиқ онлайн режимида амалга оширилади.

IUT га ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлар, университет сайтидаги қуйидаги ҳавола бўйича онлайн шаклни тўлдириб, рўйхатдан ўтишлари керак бўлади: https://admissions.inha.uz. Университетга кириш шартлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: https://www.inha.uz/uz/howtoapply.

Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар шахсий маълумотларни тақдим этган ҳолда паспортнинг электрон нусхаси, агарда бор бўлса академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи/ўрта мактабни битирганлиги тўғрисидаги диплом/аттестат нусхаси, 086 шаклдаги тиббиёт маълумотномаси, 3,5х4,5 ҳажмдаги сурат ва IELTS ёки TOEFL IBT сертификати.

Агарда абитуриент ҳали академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи/ўрта мактабни битирганлиги тўғрисидаги диплом/аттестатни олмаган бўлса, ўқув юртининг маълумотномасини тақдим этади.

Шунингдек, 2018 йилнинг 9 июль кунига қадар диплом/аттестат ва IELTS ёки TOEFL IBT сертификатининг электрон нусхасини тақдим этиши лозим.

Қайд этамиз, онлайн рўйхатдан ўтиш 2018 йилнинг 9 июль куни соат 17:00 гача давом этади.

Абитуриентларга бўлган талаблар ўзгаришсиз қолдирилди. Абитуриентлар IELTS ёки TOEFL iBT сертификатини тақдим этган ҳолда инглиз тилидан билим даражасини тасдиқлаши керак.

Бундай сертификати бўлмаган абитуриентлар 2018 йилнинг 23 июнь куни Британия Кенгашида бўлиб ўтадиган IELTS имтиҳонида иштирок этишлари мумкин.

Шу билан бирга абитуриентлар TOEFL iBT® имтиҳонини ҳам топширишлари мумкин. Бунинг учун 2018 йилнинг 2 ва 23 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида ўтадиган TOEFL iBT имтиҳонларига рўйхатдан ўтишлари керак.

Шунингдек, абитуриентлар 2018 йилнинг 2 ва 7 июнь кунларига мўлжалланган IDP IELTS имтиҳонларида иштирок этишлари мумкин.

Инглиз тилидан сертификат ва юқорида келтирилган барча ҳужжатларни тақдим этган абитуриентларгина қуйидаги имтиҳонларга киритиладилар:

  • “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналиши бўйича математика ва физика: IELTS камида 5.0 балл ёки TOEFL iBT камида 50 балл;
  • “Логистика” йўналиши бўйича математика: IELTS камида 6.0 балл ёки TOEFL iBT камида 75 балл.

 

Таълим грант ҳамда тўлов-шартнома асосида

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ҳужжат топшираётган абитуриентлар,  онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида таълим шаклини танлашлари керак – грант ёки тўлов-шартнома асосида.

Қайд этамиз, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналиши бўйича 10 та грант тақдим этади. Грант асосида ўқишни истаган абитуриентлар, етарли балл тўплай олмасалар, тўлов-шартнома асосида ўқишга даъво қила олмайдилар.

Ўзининг таълим олиши учун пул тўлашга қурби етадиган абитуриентларга ўз ҳужжатларини тўлов-шартнома асосида рўйхатдан ўтказишларини маслаҳат берамиз.

Квота

2018-2019 ўқув йили учун Тошкент шаҳридаги Инҳа университети камида 420 нафар талабаларни қабул қилади. Жумладан, “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналиши бўйича 300 нафар ва “Логистика” йўналиши бўйича 120 нафар.

Кириш имтиҳонлари

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналишига имтиҳонлар 2018 йилнинг 19 июль куни ҳамда “Логистика” йўналиши бўйича 2018 йилнинг 20 июль куни бўлиб ўтади.

Кириш имтиҳонлари ёзма шаклда ҳар бир фан бўйича 20 тадан савол берилган ҳолда бўлади. Жавоблар учун 60 дақиқа берилади. Саволлар умумий таълимнинг ўқув дастури асосида шакллантирилган. Кириш имтиҳонларидаги умумий баҳолашда “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналиши бўйича математиканинг улуши 60 фоизни ва физиканинг улуши 40 фоизни ташкил этади.

Корея Республикасидаги Инҳа университети 2018 йилнинг  6 август куни имтиҳон натижаларини ўзининг онлайн тизими орқали эълон қилади.

Тўлов миқдори

Янги 2018-2019 ўқув йили учун “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналиши бўйича биринчи босқич талабалари учун тўлов-шартнома нархи 28,5 млн. сўмни ва “Логистика” йўналиши бўйича 30 млн. сўмни ташкил этади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.