Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари “Wikipedia”ни миллий контент билан тўлдиради

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари “Wikipedia”ни миллий контент билан тўлдиради

 

Бу ҳақида университет ректори Шерзод Шерматов Facebook ижтимоий тармоғидаги йирик гуруҳлардан бири – maslahat.uz‘даги постида хабар қилган.

“Википедия интернетдаги энг асосий маълумотлар манбаи ҳисобланади. Жуда кўп фойдаланувчилар у ердан ахборот олишади. Шу билан биргаликда, Ўзбекистонга боғлиқ мавзулардаги ахборотлар у ерда қанчалик тўлиқ ва холисдир?” дейди Ш.Шерматов.

Университет раҳбари бепул электрон луғатда аҳолиси сони бўйича дунёда 43-ўринда турадиган Ўзбекистоннинг давлат тилида 128 минг атрофидаги материал борлиги, аҳолиси сони бўйича 90-ўринда турган Швециянинг Швед тилида эса 2,8 млн.дан ортиқ мақола борлигини таъкидлайди.

Инҳа университети талабалари орасида ўтказиладиган танловда Википедияга Ўзбекистон ҳақидаги мавзуларда энг кўп ва сара мақолалар киритган талабалар аниқланади ва уларнинг 3 нафари Кореядаги Инҳа Университетининг “Ёзги мактаби”да бепул қатнашиш имкониятини қўлга киритади.

Аҳамиятли томони шундаки, мазкур ғоя maslahat.uz гуруҳи аъзолари томонидан илгари сурилган. Университетнинг бу ташаббуси халқаро тармоқда Ўзбекистон ҳақидаги мақолалар сонини ошишига, шунингдек талабаларнинг Ўзбекистон ҳақидаги билимларининг бойишига хизмат қилади.

“Бу каби акцияни кўпроқ ёшларимиз қўллаб-қувватласалар ҳамда Википедияни фойдали ва холис мақолалар билан тўлдиришга ҳаракат қилсалар, жуда кўпчилик учун келажакда фойдаси тегарди деб ўйлайман”, дейди Шерзод Шерматов.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.