Тошкентда илк технологик парк очилади

Тошкентда илк технологик парк очилади

17 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида 24 июль куни Тошкентдаги дастлабки IT-паркнинг очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик парки (IT-парк) истиқболли стартап лойиҳаларни ишга тушириш ва уларни бозорга олиб чиқиш мақсадида яратилмоқда. IT-парк бу — фаол ва истеъдодли инсонлар бухгалтерия, юридик, маркетинг ва илмий-таълимий йўналишларида қўллаб-қувватлаш орқали ғояларини ҳақиқий бизнесга айлантиришлари учун чинакам имкониятга эга бўладиган маскан ҳисобланади. IT-парк тарихи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи чоғида томонларнинг ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида эришилган келишувдан бошланади. Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 17-сонли «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров IT-парк АКТ соҳасида ўз мамлакатларида етакчи ўринга эга бўлган ташкилотлар билан ўзаро муносабатларни ривожланишига асосий омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Бугунги кунда IT-парк ҳамкорлари қуйидагилар ҳисобланади: «Software Technology Parks of India» (Нью-Деҳли), «Tech Nation» (Лондон), «Astana Hub» Халқаро IT-стартаплар Технопарки (Нур-Султон), Юқори технологиялар соҳасидаги Технопарк «IT-парки» (Қозон), «Эксадел» МЧЖ (Минск), Юқори технологиялар соҳасидаги Технопарк «IT-парки» (Москва).

Матбуот анжуман давомида дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки директори Фарход Ибрагимов IT-паркнинг қуйидаги йўналишлардан иборат асосий вазифалари тўғрисида маълумот бериб ўтди.

— Инкубация дастури — ғояни керакли ресурслар, қўллаб-қувватлаш, тавсияларни таъминлаш орқали ғояни маҳсулот кўринишга етказиш.

— Мавжуд стартапларни масштаблаштириш ва уларни халқаро даражага кўтариш.

— АКТни ривожлантириш Фонди ва хусусий ташкилотлар томонидан ташкил этилган махсус фонд орқали венчур молиялаштириш.

— IT-лабораториялар ва data-марказларни ўз ичига олган IT-Академия.

Инкубация ва акселерация дастурларига аризаларни қабул қилиш жараёни ўз якунига етди. Қабул қилинган 103 номзод орасидан 42 та ариза акселерация ва 61 та ариза инкубация дастурига топширилган. Ариза йўллаганларинг энг ёши — 16 ёш, энг катта ёшли номзод эса 67 ёшда. Фоиз кўрсаткичида олинадиган бўлса, ариза юборганларнинг 51% ни 16 дан

25 ёшгача бўлганлар, 31% ни 26 дан 35 ёшгача бўлганлар ва 18% ни 36 ҳамда ундан юқори ёшдагилар ташкил қилади. Келиб тушган аризлар орасида қуйидаги йўналишлар етакчилик қилмоқда: электрон тижорат 54%, онлайн таълим — 13% ва IоT — 12%.

Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5099-сон фармонига биноан

IТ-парк резидентлари 2028 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга қадар қуйидагилардан озод этиладилар:

— барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбуран ажратмаларни, шунингдек, ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

— белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);

— товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан тушган тушумлар доирасида хорижий мутахассисларнинг чет эл валютасида нақд пулсиз шаклда иш хақи хорижда очилган халқаро тўлов карталарига тўлашга рухсат берилади.

Маҳаллий ва хорижий бозорларда маҳсулотларни илгари суриш учун бошқа имтиёзлар ҳам тақдим этилади.

Шунингдек, матбуот анжуманида Ҳиндистондан ташриф буюрган меҳмон, жаноб Партасарати IT-паркка методологик жиҳатдан амалий ёрдам бериш бўйича чиқиш билан иштирок этиб, ушбу соҳадаги Ҳиндистон муваффақияти (59 IT-парклар 4000 та ташкилотларни қўллаб-қувватлайди) билан таништирди ҳамда Ўзбекистоннинг ушбу йўналишда ривожланишига ишонч билдирди.

Матбуот анжуман якунида IT-парк вакиллари томонидан журналистларнинг парк бюджети, ишларни танлаш мезонлари бўйича саволлар ҳамда паркни ривожлантиришга оид таклифларига жавоб берилди.

ЎҚИНГ: АКТ вазирлиги ва Электрон компьютер спорти федерацияси ҳамкорлиги

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!