Тошкентда жамоат транспорти автоматлаштирилган тизимга ўтяпти

  •   DiMaX
  •  706
  •  20.12.2019 13:09

Тошкентда жамоат транспорти автоматлаштирилган тизимга ўтяпти

2020 йил 1 январдан Тошкент шаҳридаги умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўл ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади. Мазкур тадбир босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган, дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

ЎҚИНГ: Тошкент метрополитенида йўл ҳақини контактсиз тўлаш тартиби тажриба тариқасида ишга туширилди

Хабарда айтилишича, 2019 йил декабрь ойи охирида метрополитен кассалари ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ савдо шохобчаларида ҳамда Алоқа банк филиалларида транспорт карталари сотилиши бошланади.

Янги тўлов тизим йўлга қўйиш бўйича Швейцариянинг BPC Billet Group компанияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Айни пайтда ушбу компаниянинг Россиядаги филиали мутахассислари «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тасарруфидаги автобус саройларининг ҳайдовчи ва чиптачилари ҳамда ғазначиларига ўқув-машғулотларини ўтказмоқда. Уларда иштирокчиларга электрон тўлов амалиёти, жамоат транспортига валидаторни қандай ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиб-қоидалари, янги йўл карталарининг афзаллиги ва бошқа мавзуга оид кўникмалар ўргатилмоқда.

ЎҚИНГ: Яндекс Тошкентда транспорт ҳаракатини кўрсата бошлади

Биринчи босқичда Тошкент шаҳрида ҳаракатланаётган 200 та автобусга стационар валидаторлар ўрнатилади. Қолганларида эса чиптачилар қўлида мобил валидатор бўлади.

Тўлов қандай амалга оширилади?

Ушбу тизим доирасида жамоат транспорти учун ягона транспорт карталари, тўловни амалга ошириш имконини берадиган мобил илова хамда бир марталик QR чипталар жорий этилади. Мазкур карталарни савдо нуқталари, метрополитен, автовокзал, темир йўл кассалари ва аэропортлардан сотиб олиш мумкин бўлади.

Шунингдек, мазкур тизимда йўл ҳақи учун тўловларни контактсиз банк карталари (Humo, UzCard, Мaster Card, Visa Card ва бошқалар) орқали амалга ошириш имконияти яратилади.

  • Ягона транспорт карталарини банк пластик карталаридаги маблағлар, банкоматлар, киосклар, тўлдириш терминаллари ҳамда мобил иловалар орқали тўлдириш мумкин бўлади.
  • Кутилаётган натижалар йўл ҳақи тўловлари йиғими 15-25 фоизга кўпаяди;
  • ташувчи корхоналарнинг даромадлари ошиши орқали ҳаракат таркибини тизимли янгилашга шароит яратилади;
  • йўналиш тизимларини мақбуллаштириш ва самарали режалаштириш учун технологик асослар яратилади.

Ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 ноябрдаги «Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорининг ижроси юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

ЎҚИНГ: Яна иккита шаҳримизда «Яндекс.Такси» иш бошлади, лекин Тошкент ҳокими ўринбосари унга қарши!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.