Тошкентдаги Google конференциясида 200 га яқин ёш IT-мутахассис қатнашди

  •   DiMaX
  •  666
  •  21.05.2018 14:23

Тошкентдаги Google конференциясида 200 га яқин ёш IT-мутахассис қатнашди

2018 йилнинг 19 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)да анъанавий «Google I/O 2018 Extended» конференцияси ўтказилди. Унда ёш мутахассислар «Google» компаниясининг сўнгги дастур ишланмалари ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги энг сўнгги ривожланиш тенденциялари билан танишишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети расмий сайти хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: IUT болалар учун ёзги ўқув лагерини ташкил қилмоқда

«Google I/O» – ишлаб чиқарувчиларга мўлжалланган анъанавий конференция «Google» компанияси томонидан Сан-Франциско (Калифорния штати, АҚШ) шаҳрида ўтказилади.

«Google I/O Extended 2018» бу йил биринчи маротаба IUT талабалари томонидан 2018 йилнинг февраль ойида ташкил этилган «Google Developer Groups (GDG)» томонидан ўтказилади. Лойиҳани Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, «East Telecom», «The House of Tudor», «Smart Outsourcing Solutions» (SOS) ва «MacCoffee» қўллаб-қувватлашди.

Конференцияда Ўзбекистондаги турли университетларнинг 200 нафардан ортиқ талабалари, ишлаб чиқарувчилар ва дастурчилар иштирок этишди.

Бу йил «Google» ўзининг «Google I/O» конференциясини 2018 йилнинг 8-10 май кунлари ўтказди. Конференция давомида «Google» ўзининг янги «Google Фото», «Google Assistant», «Google News», «Android P», «Google Lens» каби маҳсулотларини тақдим этди.

Кенгайтирилган тартибда ўтказилган конференциянинг биринчи қисмида иштирокчилар «Google I/O 2018» асосий тадбирида намойиш этилган «Google» компаниясининг янги ечимлари ва маҳсулотлари билан танишдилар.

IUTда ўтган тадбир давомида маҳаллий IT компаниялари вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Улар IT-соҳасининг турли йўналишларидаги ўз билимлари ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар орасида «Martlet», «Super Dispatch», «SOS Group» ва бошқа шу каби компанияларнинг мутахассислари бор эди.

Қатнашчилар шунингдек, амалий сессияларда иштирок этишди. Мазкур сессиялар давомида ёш мутахассислар «React», «Kubernetes» каби ечимларни, мобиль иловаларни яратиш ва бошқаларни ўрганишди.

IUT талабаси ҳамда «Google I/O Extended» ташкилотчиларидан бири Дархонбек Маматалиев қайд этди: «Бу йил биз амалий машғулотларга кўпроқ урғу бердик. Бу билан биз ёш мутахассисларимизга нафақат янги технологиялар тўғрисида маълумот олишга, балки уларни амалиётда қўллашни ўрганишларига ҳам ёрдам бердик».

«Шунингдек, қатнашчилар жамоада ишлаш кўникмаларига эга бўлишди ҳамда турли инновацион лойиҳаларни яратиш учун ҳамфикрларини топишди», қайд этди у.

ЎҚИНГ: Тошкент шаҳридаги Инҳа университети “Дастурлаш соати” акциясини ўтказади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!