Трамп тарафдорлари Telegram орқали зўравонликка чақирмоқда

  •   DiMaX
  •  317
  •  14.01.2021 09:38

Трамп тарафдорлари Telegram орқали зўравонликка чақирмоқда

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп тарафдорлари сайланган Президент Жо Байденнинг инаугурацияси куни намойиш ўтказишни режалаштириш учун махфий Telegram-каналлардан фойдаланмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг NBC News нашри хабар берди.

ЎҚИНГ: Бошқа ижтимоий тармоқлар қатори, YouTube ҳам Трампнинг аккаунтини «музлатиб» қўйди

Маълум қилинишича, Трамп тарафдорлари Telegram платформасидаги каналлар орқали 20 январь куни бўлиб ўтадиган Байденнинг инаугурация маросимида Ҳукумат амалдорларига қарши зўравонлик қилишга чақирмоқда. Зўравонлик фаоллари каналларда қўлбола қурол ва бомбаларни ясаш, яшириш ва улардан фойдаланиш тўғрисида кўрсатмалар билан ҳам бўлишмоқда.

Хабарга кўра, АҚШ Федерал қидирув бюроси, аллақачон, 50 та штат пойтахтида содир бўлиши мумкин бўлган қуролли норозилик намойишлари тўғрисида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органларга огоҳлантирувчи хабарлар юборган.

Маълумот учун, айни пайтда оммавий ахборот воситаларида Apple компанияси App store’дан Telegram мессенжерини ўчириб юбориши мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

ЎҚИНГ: WhatsApp’нинг янги сиёсати Telegram’га қандай фойда келтирди?

Ўз навбатида, АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп мамлакатда кечаётган вазиятга баҳо бериб, сайланган Жозеф Байденнинг инаугурацияси олдидан хавфсизликни таъминлаш мақсадида фавқулодда ҳолат эълон қилган ва Вашингтонга федерал ёрдам юборган.

Маълумот ўрнида, 6 январь куни Трамп тарафдорлари АҚШ Конгресси биносига бостириб кириб, 3 ноябрь куни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайлов натижалари тасдиқланишига тўсқинлик қилмоқчи бўлди. Тез орада полиция ва махсус кучлар Капитолий тепалигидаги Конгресс биносидан Трампни қўллаб-қувватловчи намойишчиларни чиқарди. Конгрессменлар Байденни сайланган Президент сифатида тасдиқлаш жараёнини муваффақиятли якунлади. Сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликлар оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва 70 га яқин киши ҳибсга олинган.

ЎҚИНГ: Telegram яралганидан бери ҳали бунақа шуҳратга эришмаган эди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.