Цукерберг Facebook’даги ёлғон хабарларга қарши курашади

Цукерберг Facebook’даги ёлғон хабарларга қарши курашади

Facebook асосчиси Марк Цукерберг ижтимоий тармоқдаги сохта маълумотларга қарши курашиш стратегияси ҳақида гапириб ўтди. Унинг таъкидлашича, тармоқда нотўғри хабарларнинг миқдори юқори эмас, бироқ муаммони бартараф этиш учун Facebook жуда кўп ишларни амалга ошириши керак бўлади.

Meduza сайтининг ёзишича, Цукерберг айни пайтда Facebook ишлаётган еттита асосий йўналиш ҳақида маълум қилган. Биринчи навбатда, Facebook фойдаланувчилар билан ўзаро алоқани соддалаштириб, уларга ахборотни нотўғри ёки сохта сифатида белгилаш имконият яратади. Шикоятлар асосида махсус ишлаб чиқилган алгоритм автоматик тарзда алоқадор маълумотларни қидиради ва бартараф этади.

Шу билан бирга, ёлғон ва сохта хабарларга қарши курашишда ижтимоий тармоқ профессионал журналистлар ва таҳририятлар билан ҳам ҳамкорлик қилишни режалаштирган. Лентадаги нотўғри хабарларга Facebook огоҳлантирувчи махсус маркировкаларни (белги) қўллашни ҳам йўлга қўймоқчи.

Ниҳоят, Facebook реклама орқали маблағ ишлаш учун фейк хабарларни тарқатаётганларга нисбатан жиддий санкцияларни қўллайди. АҚШдаги президент сайловларидан кейин Facebook ижтимоий тармоқда тарқатилган сохта хабарлар туфайли танқид остига олинган эди. Шундай ҳодисалардан кейин компания тармоқдаги сохта ва нотўғри хабарлар билан жиддий курашишга киришмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!