Twitter "бегона ўтлар" ёхуд марихуаналар рекламасига рухсат беради

Twitter

Жо Роган билан бўлиб ўтган подкастда марихуана ва тамаки аралашмасини чеккани учун Илон Маск кўплаб танқидларга учраган, шу билан бирга, унинг сурати таниқли мемга айланиб кетган эди. Бундан ташқари миллиардер ўзининг 420 (марихуана учун жаргон рақам) ҳазиллари билан оммага "нашага дўстона муносабатда" сифатида ҳам танилган. Маск эндиликда наша индустриясини қўллаб-қувватлашда навбатдаги қадамини ташламоқда: ўтган йили Twitter'ни сотиб олгандан кейин миллиардер энди платформада "бегона ўтлар" рекламасини рухсат беради.

Кеча, 15 феврал, чоршанба куни Twitter наша билан боғлиқ лицензияланган рекламаларга рухсат бериш учун ўзининг реклама сиёсатини янгилади. Албатта, шаҳар бедарвоза эмас ёхуд наша маҳсулотларини реклама қилишда бир қанча чекловлар мавжуд:

  • рекламалар фақат АҚШ (шунга рухсат берган штатларида) ва Канада ҳудудида кўрсатилади;
  • реклама берувчилар тегишли органлар томонидан лицензияланган бўлиши керак;
  • рекламалар 21 ёшдан кичикларга кўрсатилмайди;
  • реклама берувчилар амалдаги қонунлар ва қоидаларга риоя қилиш учун барча жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар;
  • реклама берувчилар соғлиқ учун ёлғон даъволар қила олмайдилар;
  • ва бошқалар.

"Бугунги кунга келиб, АҚШнинг баъзи штатларида биз наша маркетинги учун кўпроқ имкониятлар яратиш мақсадида наша рекламаси сиёсатимизни юмшатиш чораларини кўрдик - бу ҳар қандай ижтимоий медиа платформаси учун энг катта қадамдир. Шундай қилиб, Twitter реклама берувчиларга CBD, THC ва наша билан боғлиқ маҳсулот ва хизматлар учун бренд афзаллиги ва наша билан боғлиқ контентни тарғиб қилиш имконини беради." дейди Twitter.

Таъкидлаш жоизки, Twitter ўз рақобатчилари, яъни бошқа катта ижтимоий тармоқлар ичида наша маҳсулотлари рекламасига рухсат берган илк платформа ҳисобланади. Бундай турдаги рекламаларга "энг яқин келган" IT-компания Meta бўлиб, унда каннабис рекламарига фақат сиёсий кампаниялар ва сайловлар учун рухсат берилади, шунда ҳам улар кимлар маркетинг учун пул тўлаганлиги каби дисклеймерни ўз ичига олган хабар билан келиши керак.

ЎҚИНГ: Twitter'да энди янада кўпроқ сўзлар билан пост ёзиш мумкин

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!