Twitter Blue энди Ўзбекистонда!

Twitter Blue энди Ўзбекистонда!

Ўтган йили Twitter'ни сотиб олгандан сўнг Илон Маск ижтимоий тармоқнинг мавжуд пулли обунаси, Twitter Blue'нинг афзалликларига ўзгартиришлар киритган ҳолда ноябр-декабр ойларида қайта ишга туширди ва шу кунга қадар у фақат 50 га яқин давлатларда мавжуд эди. Кеча эса Twitter ўзининг Blue обунаси қўллаб-қувватланиши қамровини бутун дунё бўйлаб кенгайтираётганлигини эълон қилди.

Шундай қилиб, янги Twitter Blue обунаси энди Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Унинг энг эътиборли афзалликларидан бири кўк рангли тасдиқланганлик белгисидир, яъни ҳар бир Twitter Blue фойдаланувчиси ана шундай белгига эга бўлади. Бундан ташқари Twitter Blue билан сиз энди ўз хатчўпланган твитларингиз папкаларга ажратишингиз, Twitter иловаси иконкасини ўзгартиришингиз, NFT суратларни профилингизга қўйишингиз (улар олтибурчак шаклдаги рамка ичида кўринади), видеоларни узун ва Full HD (1080p) форматда юклашингиз, 4000 белгили узун твитлар ёзишинигиз ва твитларингизни таҳрирлашингиз (твит жойланган сўнг ярим соат ичида 5 марта) мумкин бўлади. Қолаверса, Twitter Blue эгалари платформага қўшилаётган янги функсияларни олдиндан синаб кўриш имконига эга бўлишади. Шунингдек, тез орада ушбу обунага қидирувларнинг юқори қисмида пайдо бўлиш ёхуд халқ тили билан айтганда "рекка чиқиш", ҳамда, рекламаларнинг 50 фоизи ўчирилиши каби хусусиятлар қўшилиши кутилмоқда.

Twitter Blue обунаси Ўзбекистонда ҳам ойига 8 доллар, агар сиз унга Twitter'нинг веб-саҳифаси орқали обуна бўлсангиз. Агар Twitter Blue обунасини iOS ёки Android учун Twitter иловаси орқали сотиб олмоқчи бўлсангиз унда сиз ойига 11 доллар тўлашингиз керак бўлади. Гап шундаки, Apple ва Google компаниялари ўзларининг App Store ва Play Store дўконлари орқали харид қилинган ҳар қандай маҳсулот ёки обуна учун маълум миқдорда комиссия олиб қолади – шунинг учун ҳам мобил иловаларда Twitter Blue обунаси нархи қимматроқ. Ҳа, айтганча, агар Twitter Blue обунасини йиллик сотиб олсангиз сиз 12% чегирмага эга бўласиз.

Ўзининг Twitter Blue обунасини глобал бозорга чиқариш билан бирга, Twitter эски қоидаларга кўра тасдиқланган аккаунтлар кўк верификация белгиларини 1 апрелдан бошлаб олиб ташлашини эълон қилди. Унинг ўрнини аккаунт турига қараб олтин ва кумуш рангли тасдиқланганлик белгилари эгаллайди. Бунда олтин рангли верификация белгиси компания ва корхоналар учун, кумуш ранглиси эса ҳукуматлар, сиёсий партиялар ва баъзи брендлар учун, шунингдек, бошқа жамоат арбоблари учун берилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!