Twitter’имдаги барча ҳаволалар ln.is билан бошланяпти. Бундан қандай қилиб қутулса бўлади?

Twitter’имдаги барча ҳаволалар ln.is билан бошланяпти. Бундан қандай қилиб қутулса бўлади?

Нима бўлди?

Твиттер бўйлаб фойдаланувчилар улашган ҳаволаларни алмаштириб қўядиган Linkis иловаси фаол оммалашиб бормоқда. Ташқи томондан ҳаммаси қонунийдек кўринса-да (унинг ишлашига фойдаланувчининг ўзи рухсат беради), илова вирусларга хос йўл билан тарқалмоқда. Айни вақтда, ундан қандай қилиб қутулиш мумкинлиги унчалик ҳам тушунарли эмас — на компьютер орқали антивирус текшируви, на браузердаги иловалар рўйхатини тартибга келтириш фойда беради. Шу сабабли “Медуза” нашри фойдаланувчиларга нормал ҳаволаларни қайтариш имконини берувчи йўриқномани тайёрлади.

Вирус?!

Унчалик эмас. Расман Linkis интернетдаги ҳаволани “брендлаштириш” имконини берувчи бир иловадир. Идеал кўринишда бу қуйидагича ишлаши керак: фойдаланувчи ҳаволани Linkis орқали “ўтказиши”, сўнг ҳаволанинг персоналлаштирилган кўринишини олиши (ҳавола бўйича контент ўша-ўша қолаверади, бироқ “дарвоза” — ҳаволани ким улашгани ҳақида ахборот қўшилади) ва твиттерда улашиши керак.

Бу нимага керак?

Бунинг амалий фойдаси бор-йўқлиги ҳақида бир нарса дейиш қийин, бироқ назарий жиҳатдан Linkis ўз обуначилари олдида ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ёдда қолишни истайдиган фойдаланувчиларга керак бўлиши мумкин. Бунинг учун Linkis фойдаланувчи улашаётган саҳифа контентини ўз сайтига кўчиради, унга ҳавола муаллифи ва твитдаги матндан иборат пешлавҳа ўрнатиб, янги ҳавола ҳосил қлиади. Масалан, http://google.com ўрнига твитда http://ln.is/google.com/ пайдо бўлиб қолади.

Пастдаги пешлавҳа — Linkis’нинг иши

Бунинг нимаси вирус?

Гап шундаки, Linkis ҳеч бир зарурат бўлмаса-да, фойдаланувчининг барча ҳаволаларини “брендлаштириб” чиқади. Бу қуйидагича ишлайди: агар http://ln.is/<maqola manzili> кўринишидаги ҳаволага босилса, сервис саҳифа контентини тўсиб турувчи пешлавҳани кўрсатади. Контент билан танишиш учун эса баннер Twitter орқали киришни илтимос қилади.

Эътиборсиз фойдаланувчи иловага ўз твиттери маълумотларини тақдим этса, унинг ҳаволалари ҳам “брендлаштирила” бошлайди. Linkis интернетдаги мақолалар остида чиқадиган “Twitter’да улашиш” тугмаларини ўзиники билан алмаштиришга ўтади. Ва фойдаланувчи ҳар сафар бирор ҳаволани улашмоқчи бўлса, твитда бевосита ҳавола эмас, балки “брендлаштирилган” ҳавола турган бўлади. Бундай ҳаволани босган бошқа фойдаланувчини эса “Twitter орқали кириш” ёзуви кутиб олади.

Linkis’нинг ёзишича, ҳозирча унинг 800 мингга яқин фойдаланувчиси бор. Катта эҳтимол билан, уларнинг аксарияти мана шундай мажбурий тарғибот қурбонларидир: Twitter’да ҳар дақиқа ln.is билан “брендлаштирилган” ўнлаб янги ҳаволалар пайдо бўлмоқда.

Бундан қандай қилиб қутулиш мумкин?

Бунинг учун twitter.com/settings/applications саҳифасига кириш (бундан аввал, Twitter’га логин/пароллар билан кирган бўлишингиз керак), рўйхатда Linkis билан боғлиқ ҳар қандай қаторни топиб, “Фойдаланишни ёпиш” (русчасига “Закрыть доступ”, инглизчасига “Revoke access”) тугмасини босиш керак. Баъзи фойдаланувчиларда у шунчаки “Linkis.com” деб номланган бўлиши мумкин, бошқаларда эса бироз айёрроқ — “Put your button on any page! by Linkis” каби кўринишда тақдим этилиши мумкин. Ҳар эҳтимолга қарши, бундан кейин ҳар қандай шубҳали иловаларнинг Сизнинг Twitter-аккаунтингиздан фойдаланувига тақиқ қўйинг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!