Twitter компанияси энди йўқ!

Twitter компанияси энди йўқ!

Twitter'ни сотиб олгандан сўнг, Илон Маск уни очиқ компаниядан ёпиқ компанияга айлантирди. Бу шуни англатадики, Twitter бундан буёғига бўладиган ўзгаришлар ҳақида SEC – АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияга хабар бериши шарт эмас. Ва шу сабаб миллиардер компания номини ими-жимида ўзгартириб юборгани эндигина маълум бўлди.

TechCrunch нашрининг Калифорниядаги суд аризасига асосланиб хабар беришича, "Twitter, Inc." энди "Х Corp."га бирлаштириб юборилган ва у, яъни "Twitter, Inc." энди мавжуд эмас. Маълум бўлишича, бу ўзгариш активист Лаура Лумер билан Twitter ва Facebook ўртасидаги суд ишига доир 4 апрел кунги ҳужжатда аниқланган.

"Судланувчи "Х Corp."нинг, "Twitter, Inc."нинг манфаатдор вориси сифатида, қуйида имзо чеккан адвокати "Twitter, Inc." компанияси "Х Corp."га бирлаштирилганлигини ва энди мавжуд эмаслигини билдиради. "Х Corp." хусусий корпорация ҳисобланади", – дейилади суд ҳужжатида.

Википедиаъга кўра, Х Corp. технологик компаниясига жорий йилнинг 9 март санасида Илон Маск томонидан асос солинган бўлиб, у тўлиқлигича Х Holdings Corp. субсидияси ҳисобланади.

"Х" номи 1999 йилда Маск томонидан асос солинган Х.com онлайн-банкига бориб тақалади. 2001 йил июн ойида Х.com PayPal'га айланади. 2017 йил июл ойида Маск PayPal'дан Х.com доменини қайта сотиб олади.

"Х" номи ва Илон Маск билан боғлиқ ишлар ўтган йилнинг октабр ойида янада мустаҳкамланади ёхуд миллиардер Twitter'ни сотиб олиш унинг орзусидаги "Х" – ҳаммаси нарсаси бор иловасини яратишни 3 дан 5 йилгача қисқартиради.

Эҳтимол, Twitter компанияси номини ўзгартириш Илон Маскнинг "Х" иловасини яратиш учун қўйган навбатдаги қадамидир, бироқ унинг чиқарилиши яқин кунларда амалга ошириладиганга ўхшамайди.