Twitter Сноуденга 47 Гбайт билдиришнома жўнатди

Twitter Сноуденга 47 Гбайт билдиришнома жўнатди

Россиядан бошпана олган АҚШлик собиқ МРБ ходими Эдвард Сноуден шу ҳафта Twitterда аккаунт очгани ҳақида хабар берган эдик. Атиги икки соат ичида унинг саҳифасини ўқувчилар сони 331 минг нафарга етган. Саноқли кунларда эса миллиондан ошди.

Сноуденнинг машҳурлиги ҳавас қиладиган даражада. Аммо билдиришномаларни ўчириб қўймаганлиги уни ноқулай ҳолатга солди.

“Билдиришномани ўчириб қўйишни унутибман. Twitter ҳар бир муштарийим ҳақида, танланганлар сафига қўшилганим ҳақида, ретвитлар ва шахсий хабарлар ҳақида билдиришнома жўнатиб турди… Билдиришномалар 47 Гбайт”, – дея у микроблогида арзи ҳол қилди. Твитини эса “сабоқ бўлди” хэштеги билан белгилади.

2013 йилнинг ёзида АҚШ хавфсизлик агентлиги ходими бўлган Сноуден АҚШ ва Буюк Британия разведка хизматларининг кузатиш дастурлари ҳақидаги кўплаб махфий ҳужжатларни ОАВга ошкор этган. Бу ҳодиса жаҳон етакчи давлатлари орасидаги можарога сабаб бўлганди. Сноуден Гонгконгдалигида АҚШ ҳукумати уни халқаро қидирувга бериб жосусликда айблаган ва сиртдан 30 йилга ҳукм қилган эди. Оқибатда унга Россия Федерацияси муваққат бошпана берган.

Terabayt.uz ҳам Twitterда Сноуденни кузатиб бормоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!