Twitter тивитлар лимитини 280 белгигача оширмоқчи

  •   DiMaX
  •  522
  •  27.09.2017 13:49

Twitter тивитлар лимитини 280 белгигача оширмоқчи

Микроблоглар ижтимоий тармоғи – Твиттер битта твитга сиғадиган белгилар сонини 280 тагача ошириш устида синов ишларини ўтказмоқда. Буни компания ўзининг расмий блогида маълум қилган.

Ҳозирча синов тарзида

Ҳозирда бу янгилик тест режимида кўриб чиқилаётир, яъни, твитлар ҳажмининг йириклаштирилиши муайян тестерлар (синовчилар) гуруҳи учунгина тақдим этилган.

Бундай қарор қабул қилинишига сабаб – фойдаланувчиларнинг ҳозирги лимитдан, яъни битта твит 140 тагача белгидан иборат бўлишидек чекловдан норозиликларидир.

Янглизлар каттароқ, японлар кичикроқ твитлар ёзади

Айтилишича, норозилик билдирганларнинг аксарияти инглиз тилли фойдаланувчилардир. Бундай юзерларнинг битта твити ўртача 34 та сўздан иборат бўлади, шунинг учун 140 белги билан чеклаш уларга халақит беради. Масалан, ўртача бир японнинг твити учун 15 та сўз етарлидир.

Шу боис, тестларнинг биринчи босқичи якунлангач, корейс, япон ва хитой тилларидан бошқа барча тиллардаги Twitter сервисида шундай синовлар ўтказилади.

Компания вакилларининг сўзларига қараганда, улар 2006 йилдан буён ўзгармаган лимитни икки каррага оширишга тайёрлар. Бундан фойдаланувчилар ўзларини эркин ҳис этишлари ҳамда ўз фикрларини битта твитда бемалол изҳор қила олишлари кўзда тутилмоқда.

Тобора қулайроқ бўлмоқда

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Твиттер гифларни, фотосуратлар, видео ва цитаталарни 140 белгилик лимитга киритмасликни жорий этган эди. 2017 йилнинг март ойида эса унда қўлланаётган фойдаланувчи исмлари ҳам лимит ичига киритилмай келаётир.

Дарвоқе, Android-қурилмалар учун Twitter мобил иловасининг енгил версияси чиққанлигидан хабарингиз бор-а? Трампнинг мазкур тармоқдаги биргина твити боис Amazon 6 миллиард доллар маблағидан маҳрум бўлгани, шунингдек, Обаманинг Twitter’даги янги фикри рекорд ўрнатгани ҳақидаги хабарларимизга ҳам қараб қўйишингизни тавсия этамиз.