Ubisoft бирйўла Apple ва Google’ни судга берди, лекин бош айбдор – Alibaba! (+видео)

  •   DiMaX
  •  661
  •  19.05.2020 09:42

Ubisoft бирйўла Apple ва Google’ни судга берди, лекин бош айбдор – Alibaba! (+видео)

App Store ҳамда Google Play иловалар дўконларида бошқа ўйин ёки иловалардан нусхалаб яратилган маҳсулотлар кўп. Лекин машҳур ўйинсоз – Ubisoft компанияси бу масалага жиддий ёндашди.

ЎҚИНГ: Барча смартфонлар учун Forza Street чиқди, лекин Samsung’чиларга алоҳида имтиёзлар бор! (+видео)

Гап шундаки, Alibaba Group корпорациясининг Гонконгдаги ўйин студияси – Qookka Games ўзининг Area F2 номли шутер ўйинини чиқарган. Ubisoft даъвосига кўра, бу – бошдан-оёқ унинг Rainbow Six Siege ўйинидан кўчирма экан!

«R6S – дунёдаги энг оммабоп кўп фойдаланувчили мусобақа ўйинлардан ва Ubisoft’нинг энг қимматли интеллектуал мулкларидан биридир. AF2’нинг ҳар бир жиҳати айнан R6S’дан кўчирилган – персонажни танлаш экранидан тортиб якуний натижалар экранигача ва улар орасидаги барча жараёнларда», – деб ёзади Ubisoft.

ЎҚИНГ: Ўйин яратувчилари қаердан ва қанча пул топади?

Ubisoft’нинг таъкидлашича, рақобатчилар ҳамиша Rainbow Six: Siege ўйинининг оммабоплигидан фойдаланиб, ундан нусха олишга ва бундан даромад топишга ҳаракат қилишади. Qookka Games эса нафақат унинг нусхасини ясаган, балки бу клон-ўйинини расмий иловалар каталогларга жойлашга ҳам эришган.

Лекин ўйинсоз тўғридан-тўғри Qookka Games билан судлашмаган, чунки бу ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқаради. Америкалик ва европалик тадбиркорлар учун хитойликлар билан судлашиш ўрнига клон маҳсулотни App Store ҳамда Google Play каталогларидан олиб ташлашни талаб қилиш қулайроқ, деб ёзади Engadget.

Ubisoft шу сабабли Apple ҳамда Google’га мурожаат этиб, Area F2 ўйини ўзининг муаллифлик ҳуқуқларини бузаётганлигини айтган ва уни расмий каталогдан олиб ташлашни талаб қилган. Аммо ҳар иккала компания ҳам буни рад этгач, ўйинсоз уларнинг устидан судга ариза топширган.

Ҳозирча бу масала юзасидан на Alibaba корпорацияси, на Google ёки Apple бирор изоҳ бермаган.

ЎҚИНГ: Нафақат Google ва Netflix, балки Apple ҳам Ўзбекистонда солиқ тўлаяпти!