Уч камерали Samsung Galaxy A7 (2018) смартфони тавсифи

Уч камерали Samsung Galaxy A7 (2018) смартфони тавсифи

Ўтган йилнинг кузида Жанубий Кореянинг Samsung компанияси ўзининг оммавий Galaxy А смартфонлар сериясини янгилаб, бозорга бир қатор қизиқарли моделларни чиқарди. Катта Galaxy A9 (2018) рекорд миқдордаги камералари ва улар билан ишлашдаги муаммолар билан дарҳол шов-шувлар тўлқинини юзага келтирди. Тан олиш керак, бу модел флагманлар оиласига мансуб ва нарх масаласида ҳамманинг ҳам қўли етавермас эди. Бироқ, унинг кичик «укаси» Samsung Galaxy A7 (2018) нархи сезиларли даражада арзон. Машҳур ишлаб чиқарувчининг бу нархдаги маҳсулотини харид қилиш – мантиқан ва техник жиҳатдан ўзини оқлаши аниқ. Модел жуда қизиқарли, келинг, уни яқиндан таниб оламиз.

Техник жиҳатлари

  • Процессор: SoC Samsung Exynos 7885, 2 та ARM Cortex-A73 (2,2 ГГц) ва 6 та ARM Cortex-A53 (1,6 ГГц) ядроси
  • График процессор: GPU Mali-G71 MP2
  • Операцион система: Android 8.0
  • Дисплей: Super AMOLED 6″, 2220×1080 (18,5:9), 411 ppi
  • Тезкор хотира (RAM): 4 ГБ
  • Доимий хотира: 64 ГБ
  • Қўшимча хотира: microSD (512 ГБ гача)
  • Сим-карта: 2 та Nano-SIM
  • Тармоқлар: GSM/WCDMA/LTE (Cat.13) FDD Band 1, 3, 5, 7, 8, 20, TDD Band 38, 40, 41
  • Wi-Fi 802.11a/b/g/n/ac (2,4/5 ГГц), VHT80, MIMO
  • Bluetooth 5.0, NFC (Samsung Pay), GPS, A-GPS, Глонасс, Beidou
  • Асосий камера: 24 + 5 + 8 Мп (f/1,7 + f/2,2 + f/2,4), автофокус, видео 1080p
  • Олд камера: 24 Мп, f/2,0
  • Датчиклар: оралиқ-масофа ва ташқи ёруғлик датчиклари, магнитометр, акселерометр, гироскоп, бармоқ изи сенсори
  • Аккумулятор: 3300 мА·ч
  • Ўлчамлари: 160×77×7,5 мм
  • Вазни: 168 г

Ташқи кўриниши ва фойдаланиш қулайликлари

Samsung Galaxy A7 (2018) дизайни катта Samsung Galaxy A9 (2018) моделига нисбатан соддароқ. Ромлари металл эмас, пластикдан, бироқ бўялган пластикнинг ташқи кўриниши бўялган металдан катта фарқ қилмайди (айниқса қора рангли талқинида).

Смартфоннинг ўлчамлари ҳам Galaxy A9 смартфонига нисбатан кичикроқ, шунинг учун у қўлда яхшироқ туради, кийим чўнтакларига ҳам қулай жойлашади. Ускуна оғир эмас, бироқ сирпанчиқ, шу боис ғилоф билан ишлатган маъқул. Силлиқ сирти бармоқ изларини ўзига тез юқтиради.

Орқа томони текис, камералар модули бир оз бўртиб туради, смартфон стол устида барқарор туради.

Galaxy A7нинг Galaxy A9дан асосий фарқларидан бири бармоқ изи сканери ён томонда, Sony смартфонларида бўлгани каби ёқиб-ўчириш тугмачаси билан бирлаштирилган. Сенсорнинг ишлашида муаммолар йўқ, тез ва аниқ ишлайди. Смартфонни қўлингизга олар экансиз, уни осонгина топиб оласиз, чунки ён томонда тугмача учун махсус ўйиқ ҳосил қилинган.

Чап томонда ҳеч қандай тугмача йўқ, фақат карталар бўлмачаси учун тешикча қолдирилган. Бу бўлмачага бирваракайига учта карточкани жойлаштирса бўлади. Яъни, бошқа кўплаб моделларда бўлгани каби хотира картасини қўйиш учун битта сим-картадан воз кечиш шарт эмас.

Смартфонда хабарномалар учун ёруғлик диодли ҳодисалар индикатори ўрнатилмаган. Афтидан Always On функцияси бу вазифани бажариши кўзда тутилган.

Экран остида на сенсорли тугмачалар, на бармоқ изи сканери бор – фақатгина ингичка бўшлиқ мавжуд бўлиб, смартфонга симметрик қиёфа беради.

Юқори қисмида ёрдамчи микрофондан ташқари ҳеч нарса йўқ.

Пастки қисмда эса Micro-USB чиқиш порти, қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрли туйнукча, металл панжара билан тўсилган карнай ва мулоқот микрофони ўрин олган.

Samsung Galaxy A7 (2018) уч хил: қора, пушти ва кўк рангда сотувга чиқарилган. Корпус сувдан ҳимоя тизимига эга эмас.

Экран

Samsung Galaxy A7 (2018) 2.5D ҳимоя шишали Super AMOLED дисплейи билан таъминланган. Экран ҳажми тахминан 67×138 миллиметр, диагонали – 6 дюйм, пикселлар сиғими 2220×1080 (томонлар мутаносиблиги 18,5:9) белгига тенг. Экран атрофидаги ромлар кенг: ён томонлар 4,5 миллиметр, тепа ва пастда 10 миллиметрдан.

Дисплей ёруғлигини ҳам қўлда, ҳам ташқи ёруғлик датчиги асосида автомат созлаш мумкин. Мультитач текширувлари экран бир вақтда 10 тегинишни қайд эта олишини кўрсатди.  

Экран сирти қирилишлар пайдо бўлишига чидамли ойнасимон силлиқ шиша пластина кўринишида тайёрланган. Samsung Galaxy A7 (2018) экрани қатламлари орасида ҳаволи бўшлиқ йўқ, шу сабабли экрандаги тасвирлар қуёш нурлари остида яхшироқ кўринади. Бироқ экранга шикаст етган тақдирда, уни тўлиқ алмаштириш талаб қилингани боис қимматроққа тушади. Samsung Galaxy A7 (2018) экранининг сирти олиофоб қопламага эга бўлиб, бармоқ излари ва бошқа доғлар осонгина кетади.

Экран беқиёс кўриш бурчагига эга. Созламаларда кўз чарчоқлигини камайтиришга хизмат қилувчи мовий ранг даражасини бошқариш ўрин олган. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам, тунги вақтларда планшет ёки смартфон ишлатаётганда, кўзни зўриқтирмайдиган даражада экран ёруғлигини пасайтириш лозим.

Камералар

Samsung Galaxy A7 (2018) смартфонида олд камера сифатида 24 мегапикселли сенсор ва f/2,0 диафрагмали объектив қўлланилган. Тасвирлар сифати муносиб: на детализация, на равшанлик ва на «жонли» фокусга эътирозлар бор – камера орқа фонни хиралаштиришда чаққон. Шу билан биргаликда, олд камерада ҳам ёруғлик диодли фоточақноқ мавжуд бўлиб, у етарли даражада ёруғ.

Асосий камера учта модулдан таркиб топган. Улар турли шароитларда тасвирга олишда қўлланилади. 24 мегапикселли сенсор ва f/1,7 оптикали асосий модул сунъий интеллек ёрдамида 19 тагача саҳнани (Овқат, Яшиллик, Уй, Жониворлар ва бошқалар) аниқлаб, созламаларни шароитга кўра мослаштира олади. Кенг бурчакли (120°) тасвирлар учун 8 мегапикселли сенсор ва f/2,4 объективли модул қўлланилса, 5 мегапиксел сиғимга эга сенсор ва f/2,2 объективли учинчи модул портрет режмида орқа фонни хиралаштиришда керак.

Бу ерда хиралаштирилган орқа фонли «жонли фокус», қўлда созлаш режими, HDR Auto ҳам мавжуд, бироқ оптик барқарорлаштириш функцияси йўқ. 

Асосий камерада олинган тасвирлардан намуналар:

Асосий камерада сониясига 30 та кадрли 1080p сифатдаги видеоларни олса бўлади. Унда оптик стабилизация йўқ, бироқ электрон барқарорлаштиргич мавжуд. Умуман олганда, камера равшан ва ёруғ тасвирга олади, ранглар табиий кўринишга эга. Видео учун стабилизация мавжудлиги учун юриб қўлда видеога олишда тасвирлар равон ва тўғри чиқади. Овозлар тиниқ ёзилади, синовлар вақтида сифатни бузувчи ҳолатлар қайд этилмади.

Телефон қисми ва коммуникациялар

Samsung Galaxy A7 (2018) модеми LTE Cat.13 рқали 600 Мбит/с гача тезликда маълумотларни юклай олади. смартфон ҳудуддан келиб чиққан қолда бир неча диапазондаги частоталарни қўллаб-қувватлайди.

Янги Galaxy A7нинг коммуникацион имкониятлари умуман олганда яхши. Wi-Fi 802.11 ac (2,4 ва 5 ГГц), Bluetooth 5.0 ни қўллаб-қувватлайди, шунингдек NFC модули ҳам мавжуд.

Навигацион модул GPS (с A-GPS) ва Глонассни «танийди». Биринчи ўн сониядаёқ илк сунъий йўлдошларни аниқлайди. Магнит компас навигацион дастурлар фаолияти учун зарур.

Ҳар икки сим-карта ҳам бир вақтда 3G/4G  технологияларини фаол қўллаб-қувватлайди.   

Мулоқот карнайи баланд ва соф товуш чиқади, орада турли шовқинлар йўқ, виброқўнғироқ сезиларли даражда кучли.

Дастурий таъминот ва мультимедиа

Дастурий платформа сифатида Samsung Galaxy A7 (2018) смартфонида навбатдаги талқинларига янгиланиш имконияти билан Android 8.0 жойлаштирилган. Унинг устига эса Samsung Experience 9.0 фойдаланувчи интерфейси «кийдирилган».

Имо-ишораларни бошқариш, ижтимоий тармоқлар иловаларини клонлаштириш, экранни бўлиш мумкин. Microsoft идора дастурлари жамланмаси, ҳимоя ва оптималлаштириш учун комплекс менежер тизимлари, шунингдек, Samsung компаниясининг ўз дастурий маҳсулотлари, жумладан Samsung Health олдиндан ўрнатилган.

FM-радио ва овозларни сифатли ёзиб олувчи диктофон ҳам мавжуд.

Ҳимоя

Смартфон юз, бармоқ изи ва ПИН-код орқали қулфдан очилади. Унда гибрид «ақлли» қулфдан очиш кўзда тутилмаган. Бунга ҳожат ҳам йўқ аслида – бармоқ изи сканери кифоя қилади. Смартфонни юзга қараб очиш функцияси ҳатто қоронғи жойда ҳам аниқ ва муаммоларсиз ишлайди. Бироқ тезлик борасида бармоқ изи сканеридан ортта қолади.

Samsung Galaxy A7: Дактилоскоп

Samsung бармоқ изи сканерини ўчириб-ёқиш тугмачасига жойлаштирди. Сенсор учун кичик жой ажратилган бўлса ҳам, тез ва ишончли ишлайди. Асосий тугмачани босиш билан ишни бошлайверамиз – қулфдан очиш сезиларсиз амалга оширилади.

«Ҳимояланган хатжилд» функцияси ёрдамида маълумотларни қўшимча ҳимоялаш мумкин. Унда муҳим ва бошқалар кўзидан яширишни истаган маълумотлар: фотосуратлардан тортиб бутун бошли мобил иловаларгача – барчасини яшириш мумкин. Хатжилд алоҳида калит сўз билан очилади.

Ишлаш самарадорлиги

Samsung Galaxy A7 (2018) Samsung Exynos 7885 платформасида ишлайди. Ушбу 14 нанометрли «мотор» 2,2 ГГц гача бўлган иккита ARM Cortex-A73 ҳамда 1,6 ГГц гача частотали олтита ARM Cortex-A53 ядроларидан таркиб топган. Тасвирларни қайта ишлашга GPU Mali-G71 MP2 график тезлаткичи жавобгар. Тезкор хотира - 4 ГБни ташкил этса, 64 ГБлик доимий хотиранинг 50 ГБга яқин қисми бўш.

Шунингдек, 512 ГБгача сиғимли microSD картаси ҳисобига хотирани кенгайтириш ҳамда USB OTG режимида ташқи хотира картасига уланиш ҳам мумкин.

Платформа имкониятлари Mortal Kombat X ва Injustice 2 ўйинларидаги ҳар қандай эҳтиёж ва вазифаларни бажаришга етарли. Смартфон платформаси кейинги янгиланишлар учун ҳам етарлича қувват захирасига эга.

Автономлик

Samsung Galaxy A7 (2018) смартфони аккумулятори сиғими 3300 мА·с ни ташкил этади. Бу ўртача кўрсаткич, аммо автономлик масаласида жуда яхши натижага эга.

Реал ҳаётда қурилма аксарият замонавий смартфонлар каби: қуввати кечга қадар етади, тежаш режимида эса янада кўпроқ «яшаши» мумкин.

Аккумулятор синовлари анъанавий равишда энергия тежаш имкониятларидан фойдаланмаган ҳолда одатий энергия истеъмоли шароитида ўтказилди.

Аккумулятор қуввати уйдаги Wi-Fi тармоғида узлуксиз юқори сифатдаги (720р) видеони 14,5 соат кўришга етди. 3D-ўйин режимида смартфон ўйин туридан келиб чиққан ҳолда 6,5 соатда ўчади.

Samsung Galaxy A7 (2018) одатий қувватлаш ускунасида (5 В 2 А) 2 соату 10 дақиқада тўлиқ қувватланади.

Хулоса

Юқорида таъкидланганидек, ўтган йили кузда янгиланган Samsung Galaxy А серияси катта шов-шувларни келтириб чиқарди. Galaxy A7 (2018) ва Galaxy A9 (2018) қурилмалари уларга ўрнатилган камералар сони бўйича рекордчилар ҳисобланади: биринчисида учта, катта моделда эса мобил бозорида бунга қадар кузатилмаган тўртта камера мавжуд.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 2 199 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!