Уч кунда иккинчи янги смартфон: Poco X3 GT тақдим этилди! (+анбоксинг видеоси)

  •   DiMaX
  •  1546
  •  29.07.2021 12:06

Уч кунда иккинчи янги смартфон: Poco X3 GT тақдим этилди! (+анбоксинг видеоси)

Xiaomi корпорациясининг Poco суббренди куни кечагина – 26 июлда Poco F3 GT смартфонини намойиш қилган эди. Орадан икки кун ўтиб, яъни 28 июль санасида у Xiaomi Poco X3 GT русумли телефонининг ҳам тақдимотини ўтказди.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфони Android 11 базасидаги MIUI 12.5'га ўтяпти

Эсингизда бўлса, Redmi бренди Ҳиндистон бозорига тақдим этган ўнинчи авлод фаблетлари оиласига учта модел кирган: стандарт Redmi Note 10 смартфони, унинг Redmi Note 10 Pro версияси ҳамда янада илғор Redmi Note 10 Pro Max флагмани. Лекин улар жаҳон бозорига сал бошқачароқ номлар билан чиққан: глобал Redmi Note 10 Pro модели ҳиндча Redmi Note 10 Pro Max билан бир хил. Ундан ҳам кейин Хитой бозори учун тақдим этилган Redmi Note 10 Pro эса на глобал бозорга ва на Ҳиндистонга мўлжаллаб шу номда чиқарилган смартфонга ўхшамайди. Унинг ташқи қиёфаси кўпроқ Xiaomi Mi 10 Ultra ва Xiaomi Mi 10S флагманларини эслатади. Хулласи калом, кеча Poco X3 GT номи остида намойиш қилинган қурилма ўша хитойча Redmi Note 10 Pro моделининг глобал бозорга мўлжаллаб ребрендинг қилинган клони бўлиб чиқди.

Смартфон диагоналига 6,6 дюймлик, Full HD+ форматида тасвир узатувчи IPS-экранга эга. Устига бақувват Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси ётқизилган дисплейнинг асосий афзаллиги – 120 герцгача частотада кадр янгиланишини қўллаб-қувватлашидир.

ЎҚИНГ: Кучли техник жиҳатларга эга, нархи 200 долларга ҳам бормайдиган Redmi смартфони тақдим этилди

Poco X3 GT бош камераси 64 + 8 + 2 мегапикселлик, олд камераси эса 16 мегапикселлик датчиклардан иборат. Смартфонни қулфдан чиқариш учун селфи-камерага Face Unlock тизими жорий этилган, яна корпуснинг ўнг қиррасига дактилоскоп ҳам ўрнатилган.

Қурилма аппарат таъминоти асосини 6 нанометрлик технологик жараён бўйича тайёрланган Dimensity 1100 процессори ташкил этган. Poco X3 GT тезкор хотираси 8, доимий хотираси эса 125 ҳамда 256 гигабайтлик вариантларда, тегишлича 299 доллар ҳамда 329 долларга тенг нархларда таклиф этилади. Айтиш керакки, Redmi Note 10 Pro ҳам Хитойда шу нархдан сотилмоқда.

Интернетда аллақачон Poco X3 GT моделининг анбоксинг видеолари ҳам тарқалиб улгурган:

Poco X3 GT аккумулятори 5000 мА/соатлик ток сиғимига эга бўлиб, 67 ваттлик тезкор қувватлана олади. Янги смартфонда яна стереодинамиклар, NFC чипи, инфрақизил порт, USB-C тирқиши, Wi-Fi ҳамда Bluetooth интерфейслари мавжуд. Компания уни Android 11 операцион тизими устига қурилган MIUI 12.5 прошивкаси билан чиқаряпти.

Xiaomi, Redmi, Poco ва Black Shark смартфонларининг глобал прошивка, глобал версия ва хитойча версиялари, уларнинг ўзаро фарқи ҳақида эса мана бу мақоламиздан батафсил маълумот оласиз.

ЎҚИНГ: MIUI 13'ни кутиб ўтириш шарт эмас: ундаги зўр функцияни Xiaomi ҳозирданоқ тарқатмоқда

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!