Уч модулли камерага ва «ўйиқ»ли экранга эга Huawei P20 илк расмий реклама постерида кўрсатилди

  •   DiMaX
  •  555
  •  06.03.2018 15:28

Уч модулли камерага ва «ўйиқ»ли экранга эга Huawei P20 илк расмий реклама постерида кўрсатилди

Айни дамда кутилаётган муҳим тақдимотлардан бири – Huawei компанияси томонидан 27 мартда Парижда ташкил этилаётган матбуот анжуманидир. Мазкур тадбирда намойиш қилинадиган Huawei P20 туркумига мансуб смартфонлар дастлаб учта бўлиши айтилаётган эди, аммо кечагина уларнинг тўртинчиси ҳақида ҳам хабар тарқалди.

ЎҚИНГ: Huawei P20 туркумидаги тўртинчиси энг қиммат смартфон бўлади!

Ушбу смартфонларнинг турли маълумотлари, «жонли» олинган расмлари ҳам интернетда тарқалган. SlashLeaks порталида эса бугун хитойлик техногигантнинг Huawei P20 учун тайёрлаган биринчи реклама постери ҳам эълон қилинди. Кутилаётганидек, унда акс эттирилган смартфон экранининг тепаси ўртасида, худди купертиноликларнинг iPhone X суперфлагманидаги сингари «ўйиқ» бор. Ушбу «кемтик»да селфи-камера, яқинлашув датчиги ва бошқа сенсорлар ўрин олган.

Гувоҳи бўлиб турганингиздек, Huawei P20 орқа панелидаги бош камера чиндан ҳам учта объективга эга. Лекин улардан иккитаси битта ҳошияга олинган, учинчиси эса алоҳида жойлашган. Шунга қараганда, камеранинг шу иккита асосий модули фото ва видеолар суратга олиш учун қўлланади, учинчиси эса қўшимча функционалга эга бўлади. Камера сенсорлари остида қўшалоқ LED-чақноқ ҳамда Leica ёзуви мавжуд.

Кўриб турганингиздек, Huawei корпорацияси ҳам, кўпчилик хитойлик смартфонсозлар каби, iPhone X’нинг асосий «фишка»ларидан бирини кўчиришга киришди. Худди шу Apple ҳамда Samsung билан бирга дунёдаги етакчи смартфонсозлар учлигига кирувчи бу компания рақибларига тақлид қилмаса ҳам бўлармиди...

Дарвоқе, Huawei’нинг юртдоши – унингчалик етакчи бўлмаса-да, жадал ривожланиб келаётган бошқа бир компания ҳам айни шу 27 мартга тақдимот белгилаганидан хабарингиз бор-а?

ЎҚИНГ: Ниҳоят, Xiaomi Mi MIX 2S илк «жонли» суратда: мутлақо ромсиз дисплейда бармоқ изи сканери!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.