Уч хил талқиндаги Galaxy S10’нинг асосий хусусиятлари ошкор бўлди

  •   DiMaX
  •  2577
  •  14.08.2018 08:30

Уч хил талқиндаги Galaxy S10’нинг асосий хусусиятлари ошкор бўлди

Интернет кенгликларида Samsung’нинг юбилей флагмани – Galaxy S10 хусусида маълумотлар тарқалишда давом этмоқда. AllAboutSamsung ресурси унинг учта датчикка эга бош камераси ҳақидаги тафсилотларни ҳам баҳам кўрди.

ЎҚИНГ: Galaxy S10 миллионлаб инсонларни ҳайратга солади

Хабарингиз борки, жанубий кореялик гигант Galaxy S10’ни бирйўла учта талқинда чиқармоқчи. Улар техник хусусиятлари, дисплейлари ва камера конфигурацияларига, шунингдек албатта нархига кўра ҳам ўзаро фарқланади.

Galaxy S10 моделларидан «кичкина»сига 5 дюймли, четлари думалоқланмаган экран ҳамда якка объективли камера насиб этади. Стандарт  Galaxy S10 эса ўз «аждод»идан 5,8 дюймлик, қирралари қайрилган дисплейни мерос қилиб олади. Унинг асосий камераси қўшалоқ бўлиши айтилмоқда. «Катта» Galaxy S10 Plus версиясини эса компания 6,44 дюймлик дисплей ва учта сенсорли бош камера билан жиҳозламоқда.

ЎҚИНГ: Galaxy S10 нақ уч хил модификацияда чиқади, улардан бири Huawei P20 Pro’ни «ер тишлатади»!

AllAboutSamsung нашрига кўра, бу флагман бош камерасининг асосий датчиги 12 мегапикселли бўлиб, худди Galaxy S9 камерасидаги сингари икки хил – f/1,5 ҳамда f/2,4 апертуралидир. Ёрдамчи модуллардан бири 13 мегапикселли ва f/2,4 апертурали; яна бири эса 16 мегапикселли ва кенг бурчакли – 123° қамровга эга f/1.9 апертурали сенсор ҳисобланади.

Тахминларга кўра, стандарт Galaxy S10 версияси бош камераси ҳам кенг бурчакли модулга эга бўлиши мумкин. Шу ва S10 Plus талқинларида бармоқ изи сканери экраннинг ўзига интеграция қилинади. Нисбатан ҳамёнбоп «кичик» модификацияда эса бу датчик корпуснинг ён қиррасидан ўрин олади.

Samsung Galaxy S10 туркуми келаси йилнинг февралида – Mobile World Congress 2019 анжуманида тақдим этилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S10: узоқ кутилган функциясининг қандай ишлаши маълум бўлди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!