Учинчи чорак якунлари: Xiaomi топ учталикда эмас

Учинчи чорак якунлари: Xiaomi топ учталикда эмас

IDC компаниясининг чораклик тадқиқотлари натижасига кўра, Хитой смартфон бозорида пасайиш ҳали ҳануз давом этмоқда, бироқ, айни дамда, тикланиш аломатлари ҳам кузатилмоқда.

Ўтган молия йилининг мос даврига нисбатан бозорда 3.6% лик қисқариш қайд этилди. Бу охирги икки кварталга қараганда яхшироқ кўрсаткичдир.

Учинчи чоракда Хитой бозорида 98.8 миллион ақлли мобил қурилмалар сотилган бўлиб, бундан катта улуш Huawei'га тегишлидир. АҚШ тазйиқига учраган бўлишига қарамай, бозордаги савдоларнинг 42% и мана шу техногигант ҳиссасига тўғри келиб, компания савдоларида ўтган йилгига нисбатан 64.6% лик ўсиш кузатилди.Анчайин ортда қолиб кетган vivo эса 18.3% улуш билан иккинчи, унинг "синглиси" Oppo эса 16.6% улуш билан учинчи ўринда турибди.

Бошқа мамлакатларда, хусусан, Ҳиндистонда анчайин ижобий натижа қайд этган Xiaomi эса савдоларнинг 9.8% қисми билан чегараланган бўлса, савдоларида 5.6% лик ўсиш бўлган “Олма“ 8.1% улушга эга бўлди. Шундай қилиб, бу икки компания савдолар ҳажми бўйича мос равишда тўртинчи ва бешинчи ўринларни эгаллади.

IDC'нинг ишонишича, кейинги чоракларда бозордаги ўсиш, асосан, қурилмаларда 5G технологиясининг бўлиш-бўлмаслигига боғлиқ бўлади.

ЎҚИНГ: Xiaomi: «Samsung’дан биз 44 фоизга олдинмиз!»

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!