Учта версияда ROG Phone 5 тақдим этилди – геймерлар орзуси! (+видео)

  •   DiMaX
  •  977
  •  11.03.2021 12:22

Учта версияда ROG Phone 5 тақдим этилди – геймерлар орзуси! (+видео)

ZTE корпорациясига қарашли Nubia компанияси ўтган ҳафтада ўзининг янги авлод ўйин смартфонларини намойиш қилган эди. Ушбу туркумга Red Magic 6 ҳамда Red Magic 6 Pro моделлари кирган. Энди эса ASUS компанияси ҳам янги ўйин смартфонлари тақдимотига бағишланган онлайн тадбирини ўтказди.

ЎҚИНГ: Янги рекорд: флагман атиги 12 дақиқада тўлиқ қувватланиб улгурди! («жонли» видео)

Тайванлик ишлаб чиқарувчининг олдинги авлод ўйин смартфони ROG Phone 3 бўлса, бу галгиси тўртинчи эмас, балки бирйўла бешинчи рақам билан номланган. Сабаби – кўплаб Жануби-шарқий Осиё халқларида 4 сони ўлим рамзи ҳисобланади ва, худди ғарбликлар 13 сонидан қўрққанидек, улар 4 сонини қўлламасликка ҳаракат қилишади.

Шундай қилиб, ROG Phone 5 геймерофонлари оиласига учта вакил кирган улар ўзаро хотира модификациялари ҳамда қўшимча экрани мавжудлигига кўра фарқланади. Базавий талқиндаги ROG Phone 5 модели тезкор/доимий хотираси 8/128 ГБ, 12/256 ГБ ва 16/256 ГБлик вариантларда таклиф этилади. Унинг орқа панелида RGB-ёритқичли логотип туширилган. ROG Phone 5 Pro флагмани 16/512 гигабайтлик хотира конфигурациясига эга бўлса, ROG Phone 5 Ultimate версияси нақ 18/512 ГБ хотирага эга! Бундан ташқари, бу икки модел корпусининг орқа панелига қўшимча – ROG Vision экрани ўрнатилган. Бу дисплей кирувчи қўнғироқ бўлганида ва ўйинларни ишга туширишда анимация кўрсатади.

Ҳар учала геймерофоннинг қолган барча хусусиятлари бир хил – барчаси энг илғор Snapdragon 888 процессори базасига қурилган. Смартфонлар автономлигини ҳар бири 3000 мА/соатлик бўлган иккитадан аккумуляторлар таъминлайди. Батареялар 65 ваттлик технология бўйича тезкор қувватлана олади.

Олдинги авлод ROG Phone’ларда бўлгани каби, булар корпусларида ҳам иккитадан USB-C портлари мавжуд. Бир вақтнинг ўзида ҳар иккала порт орқали қувватлаш ёки биттаси орқали монитор ёхуд аксессуарлар улаш мумкин.

ЎҚИНГ: Nokia G10 – афсонавий бренднинг биринчи ўйинбоп смартфони!

ASUS ROG Phone 5 смартфонлари Samsung ишланмаси бўлмиш 6.78 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиозланган. Унинг аниқлиги FHD+ форматида, экранда кадр янгиланиши 144 герцлик бўлса, сенсор қатлами 300 герцлик частотада янгиланади.

Дисплей HDR10+ технологиясини қўллаб-қувватлайди, DCI-P3 ранг қамровини 111 фоизга, sRGB ранг қамровини эса 151 фоизга қоплайди. Панелнинг максимал ёрқинлиги 800 нит, унинг устига энг мустаҳкам – Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси ётқизилган. Тағин бармоқлар силлиқ сирғалиши учун шишанинг устига ҳам махсус қатлам қопланган. Экран атрофидаги ромлар олдинги авлод смартфонига нисбатан 25 фоизга юпқалаштирилган.

Камералар масаласига келсак, улар ROG Phone 3 моделидаги билан бир хил: 24 МПлик селфи сенсори ҳамда 64 МП + 13 МП + 5 МПлик бош камера. Смартфон корпусида ESS Sabre ES9280AC Pro Quad қулоқчини улаш учун порт, Cirrus Logic CS35L45 кучайтиргичли стереодинамиклар мавжуд. ASUS бу флагманларини модернизациялашган триггерлар ва экраности дактилоскоп билан бойитган. Қурилмалар эгш янги – Android 11 операцион тизими асосида ишлайди ва бирйўла иккита – ROG UI ҳамда Zen UI график қобиқлари ўрнатилган.

Компания стандарт ROG Phone 5 моделини шу ойда, унинг Pro-версиясини апрелда, Ultimate талқинини эса май ойида сотувга чиқаради. Геймерофонларнинг нархлари қуйидагича:

  • ASUS ROG Phone 5 8/128 ГБ — 800 евро
  • ASUS ROG Phone 5 12/256 ГБ — 900 евро
  • ASUS ROG Phone 5 16/256 ГБ — 1000 евро
  • ASUS ROG Phone 5 Pro 16/512 ГБ — 1200 евро
  • ASUS ROG Phone 5 Ultimate 18/512 ГБ — 1300 евро

Дарвоқе, смартфоннинг базавий версияси Aero ғилофи ҳамда HyperCharger қувватлагичи билан бирга етказиб берилади. Иккита илғор талқини жамланмасига эса булардан ташқари AeroActive Cooler 5 кулери ҳам қўшилган.

ASUS’нинг таъкидлашича, у смартфон корпусини 15, процессорини эса 10 даражага пасайтириб беради.

ЎҚИНГ: Смартфон нега қизиб кетади? Мутахассис телефонни сақлаб қолиш чорасини айтди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.