Ўғирланган смартфонни топса бўлади!

  •   DiMaX
  •  7100
  •  29.01.2017 17:55

Ўғирланган смартфонни топса бўлади!

Дейлик, смартфонингизни йўқотиб ёки ўғирлатиб қўйдингиз. Хўш, нима қиласиз? Агарда аввалроқ унга смартфонни топишга ёрдам берувчи махсус дастурларни ўрнатиб қўйган бўлсангиз – ҳали умид бор. hi-tech.mail.ru сайти ўғирланган смартфондаги шахсий маълумотларни қандай ҳимоялаш ва унинг ўзини топишга оид маслаҳатларни бериб ўтган.

Ўғрилар ҳақида

Ёдда тутинг: агар смартфонингизни қўлга киритган шахс қурилмаларни яхши тушунадиган бўлса, уни топишингиз ва қайтариб олишингизга имкон қолдирмаслиги мумкин. Улар орасида шунақанги пихини ёрганлари бўладики, смартфонни қўлга киритиши билан хотирасидаги ҳамма нарсани, жумладан, ҳимоя дастурларини ҳам ўчириб ташлаб, уни илк созламалари ҳолатига қайтариб олади.

Ҳимоя дастурлари

Бундай иловалар жуда кўп, улар орасидан бирортасини танлаш эса ўз ихтиёрингизда. Энг оммабопларидан эса биз қуйидагиларни кўриб чиқамиз: Apple компанияси маҳсулотлари учун Find My iPhone, Android-смартфонлар учун Cerberus/Androidlost ҳамда Windows Phone/10 mobile платформасидаги смартфонлар учун Find My Phone дастурлари.

Қани, кетдик…

«Олмафон»ни олдириб қўйсангиз…

iPhone қурилмаларида стандарт Find My iPhone дастури ишлаши учун дастлаб iCloud’да аккаунт яратишингиз шарт. Apple смартфони iCloud аккаунтига чамбарчас боғланади. Кейин эса, iPhone бошқа бировнинг қўлига тушиб қолган тақдирда ҳам, сизнинг электрон почтангиз ва паролингиз бўлмаса, уни ҳеч нима қила олишмайди.

Find My iPhone иловаси ёрдамида смартфонни жойлашув ўрнини аниқлаш – геолокация орқали (агар у ёқилган бўлса) кузатиш, ичидаги барча маълумотларни ўчириб юбориш ҳамда унинг экранига хабарлар чиқариш имконияти мавжуд. Шунингдек, смартфонга овоз сигналларини ҳам юборса бўлади.

Windows тизимидаги смартфонларда-чи?

Microsoft компанияси яратган операцион тизим асосида ишлайдиган қурилмалар учун стандарт ҳимоя дастури Find My Phone ҳисобланади. Бироқ эсда тутинг: одатда батарея қувватини тежаш мақсадида бу функция ўчириб қўйилган бўлади.

Ишлашига кўра у ҳам iPhone ҳимоя дастурига ўхшаб кетади: геолокация ёрдамида (албатта, у фаол бўлса) смартфонни таъқиб этиш, қўнғироқ қилиш, шунингдек қурилмани блоклаш ва ундаги барча маълумотларни ўчириб ташлаш имконияти бор.

Android-қурилма ўғирланса…

Энг кенг тарқалган мазкур операцион тизимдаги гаджетларни ҳимоялашга мўлжалланган дастурлар ҳам жуда кўп. Улар орасида Androidlost иловаси буткул бепуллиги ва имкониятлари катталиги билан ажралиб туради.

Келинг, ўғирланган смартфонни Androidlost ёрдамида топиш ҳолатини кўрамиз. Қуйидаги лавҳада бу илованинг ишлашига мисол – масофадан туриб смартфонда сиренани ишга тушириш кўрсатилган.

Смартфонни олган ўғри нима қилиши мумкин?

Қурилмани қўлга киритган шахс, одатда, энг аввало ундаги интернетни ва геолокацияни ўчириб қўяди. Androidlost эса смартфон эгасига уни оддий SMS-буйруқлар ёрдамида бошқариш имконини беради. Смартфонга биттагина қисқа хабар юбориб интернетни, яна бошқасини жўнатиб эса – геолокацияни ёқиш мумкин.

Қисқаси, мазкур илова орқали гаджетингизни масофадан туриб бошқариш имкониятлари энди ўзингизнинг фантазиянгизга боғлиқ.

SIM-картани алмаштиришса-чи?

Бунда ҳам топишнинг йўли бор: олдин ўрнатилган дастур орқали шахсий кабинетда ўзингиз кўрсатган қўшимча рақамингизга хабар келади; унда ўғирлаган смартфонингизга қўйилган SIM-картанинг рақами кўрсатилган бўлади.

Одатда ўғри дарҳол SIM-картани алмаштириб олади, аммо сиз мазкур дастурни ўрнатган бўлсангиз, унинг қувончи кўпга чўзилмайди. Смартфонингизга ўрнатилган SIM-карта рақами ҳақида SMS-билдиришнома олишингиз билан унга қисқа хабарлар жўнатиш орқали қурилмада интернет ва геолокацияни ёқишингиз, ноутбукни олиб олганча уни таъқиб этишингиз мумкин.

Androidlost ёрдамида яна нималар қилиш мумкин?

  • Дастурнинг шахсий кабинети орқали смартфоннинг жойлашган ўрнини сўраб олиб, кейин бу маълумотни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага тақдим этиш;
  • Смартфоннинг олд камераси орқали суратга тушириш;
  • Охирги кирувчи ва чиқувчи хабарларни ўқиш;
  • Қўнғироқлар журналини кўриш, диктофонга ёзиб олиш;
  • Смартфондаги барча фотосуратларни ўчириб ташлаш.

Умуман олганда, бу илованинг имкониятлари кенг. Масофадан туриб смартфонингиз экранига қандайдир хабарни чиқариш, уни блоклаш ёки қурилмангизда баланд овозли сиренани ишга тушириш мумкин. Бироқ яхшиси – смартфонни эгаллаб олган киши ҳақида кўпроқ маълумот тўплаш учун, уни кузатаётганингизни билдирмай турган маъқул.

Баъзида ўғирланган телефонингизнинг ўзидан кўра, унинг ичидаги маълумотларимизга кўпроқ ачинамиз. Агар смартфон буткул тозаланмаган бўлса, уларни ҳам тиклаш имкони топилади. Ёки, ичидаги шахсий маълумотларингиз бегоналар қўлига тушмаслиги учун смартфонингизни масофадан туриб Androidlost ёрдамида тозалашингиз ҳам мумкин.

Шунингдек, мазкур илова уй ичида смартфонингизни топа олмай қолганингизда ҳам қўл келади. Агар тунда овозсиз режимга қўйиб қўйган телефонингизни эрталаб топа олмай қийналаётган бўлсангиз, компьютер орқали Androidlost дастуридаги шахсий кабинетга кириб сиренани ёқасиз – олам гулистон.

Хўп, лекин смартфонни қандай қайтариб оламиз?

Ҳа, чинданам, шу усуллар билан смартфонингизни топдингиз, ичига бошқа SIM-картани жойлаб, бемалол ишлатаётган шахснинг телефон рақамию кейинги икки кун ичида қайси рақамлар билан гаплашганигача аниқладингиз, хўш, кейин-чи?

Аввало, унга кутилмаган қўнғироқни амалга ошириб, телефонингизни яхшиликча қайтаришини сўрайсиз. Тан олгиси келмаса – юқоридаги маълумотларни айтасиз; ўзининг охирги қўнғироқларию SMS-хабарлари матнини, кейинги икки кунда қаерларда бўлганлигини айтиб берсангиз, ваҳимага тушиб қолиши аниқ. Смартфонни қайтариб бермаса ички ишлар идораларига хабар беришингизни, уни кузатишда давом этаётганингизни айтсангиз, дарров қайтариб беришга рози бўлади. Тўғри, кейин у сиздан кечирим сўраши, телефонни топиб олдим, деб ўзини оқлашга уриниши мумкин. Буёғи энди унинг виждонига ва сизнинг ихтиёрингизга боғлиқ.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.