Украина Petya.A товламачи-вируси ҳужумида Россия махсус хизматларини айблади

  •   DiMaX
  •  1090
  •  02.07.2017 14:33

Украина Petya.A товламачи-вируси ҳужумида Россия махсус хизматларини айблади

Украина хавфсизлик хизмати фикрича, 27 июнь куни бошланган Petya.A вируси ҳужумида Россия махсус хизматларининг қўли бор. Мазкур вирус асосан Украинанинг давлат ва хусусий муассасалари ҳамда компанияларининг тизимларига ҳужум қилган, деб хабар бермоқда Интерфакс.

«Қўлимиздаги маълумотлар, шу жумладан халқаро антивирус компаниялари билан ҳамкорлик доирасида олинган маълумотлар шундай хулосага келишга асос берадики, бу ҳужумларда ҳам 2016 йилнинг декабрида TeleBots ҳамда Blackenergy вирусларини қўллаган ҳолда Украинанинг молиявий тизимига, транспорт ва энергетика объектларига ҳужум уюштирган хакерлик гуруҳларининг қўли бор. Бу эса мазкур ҳужумга Россия махсус хизматларининг ҳам алоқаси мавжудлигидан далолат беради», – дейилади Украина хавфсизлик хизмати хабарида.

Мазкур хабарда айтилишича, вирус юқтириш олдиндан пухта режалаштирилган ҳамда Украинанинг миллий давлат байрами – Конституция куни арафасида бир неча босқичда амалга оширилган. Ушбу киберҳужум Украинадаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш мақсадидаги ҳаракат бўлган.

Таъкидлаш керакки, Petya.A вируси ҳужумлари асосан энергия ишлаб чиқарувчи ҳамда энергия билан таъминловчи компанияларнинг, транспорт объектларининг, банк муассасаларининг, телекоммуникация компанияларининг ахборот инфратузилмалари объектларини нишонга олган. У кўпроқ Россия ва Украинадаги, шунингдек бутун дунёдаги компьютерларга зиён етказмоқда. Бироқ уни компьютерга юқтирмасликнинг осон йўли ҳам топилган.