«Ўлмас» Nokia 3310: оригинал ва қайта чиқарилган версияларни таққослаймиз

  •   DiMaX
  •  3193
  •  25.03.2017 18:20

«Ўлмас» Nokia 3310: оригинал ва қайта чиқарилган версияларни таққослаймиз

MWC 2017 кўргазмасида кўплаб смартфон ва турли замонавий девайслар намойиш этилган эса-да, энг катта шов-шувлар оддий тугмачали телефон атрофида айланди. Ҳа, бу ўша – инсоният тарихида энг кўп сотилган Nokia 3310 телефонининг қайта ишланган янги модели эди.

The Telegraph нашрига кўра, янгиланган Nokia 3310 тақдим этилганидан кейин «Nokia» қидирув сўровлари 797 фоизга ошган. AliExpress’дан оригинал Nokia 3310 моделини харид қилиш имкони мавжудлигига қарамасдан, янгиланган моделини сотиб олиш учун таърифга сиғмас навбатлар тизилди.

Хўш, янгилик ўзи шунга арзийдими, ёки ишлаб чиқарувчилар Nokia 3310’нинг аввалги мавқейидан фойдаланиб шунақа обрў қозонишмоқдами? Бугун шуни бир кўриб, иккала моделнинг турли жиҳатларини ўзаро солиштириб чиқамиз.

Дизайн

 Янгиланган Nokia 3310 тақдимотига қадар унинг ташқи кўриниши ва имкониятлари хусусида ҳеч бир ишончли маълумот чиқмаётганди. Қурилма намойиш этилгач, бунинг ўша 2000 йилги телефоннинг қайта ишлаб чиқарилган версияси эканига кўпчилик ишонмади. Зеро, бир қарашда бу иккаласи ҳар хил телефон-да. Бироқ уларни ўзаро таққослаш учун ёнма-ён қўйсак, дизайндаги ўхшашлик яққол сезилади.

Янги модель ҳам, худди аввалгиси каби, ўртаси қабариқ «кемача» шаклига эга. Рақамлар тугмачалари ҳам ўша овал шаклни сақлаб қолган, дисплей ҳам худди аввалгисидек ёрқин рангли гардиш билан ўралган. Аммо ташқи кўринишдаги ўхшашликлар тугайди. Дарвоқе, телефонларнинг бўйи ва эни ҳам деярли бир хил: олдингисида 113 х 48 мм, янгисида эса 115,6 х 51 мм. Лекин Nokia 3310 (2017) модели ўз аждодига нисбатан салкам икки бараварга юпқа – 22 эмас, балки 12,8 мм.

Бироқ қурилмаларнинг орқа томонига қаралса, фарқи дарҳол сезилади. Янгиланган версияда «Nokia» ёзуви пастроққа туширилган, юқорироқда эса динамик, камера ва фоточақноқ бор. Камераси 2 мегапикселли, унда олинган расмлар сифати унча яхши эмас, аммо чидаса бўладиган. Чақноқни эса зарур пайтларда қўлчироқ сифатида ишлатиш мумкин.

Корпус

Асл Nokia 3310’нинг оммалашуви сабабларидан энг муҳимлари қаторида мустаҳкамлиги ва ишончлилигини санаб ўтиш мумкин. Қўлдан тушиб кетиш, зарбалар ва бошқа механик таъсирлар унинг учун ҳеч гап эмасди. Интернетда бу моделнинг бақувватлиги намойиш этилган кўплаб дроп-тестларни топиш мумкин.

Янгиланган Nokia 3310 ҳам пластикдан ишланган бўлса-да, унақа ишончли кўринмаяпти.

Батарея

Ҳозирги кунда – одатдаги смартфонлар фаол фойдаланиш режимида бир кунда бир неча марта қувватлашни талаб этса, олдинги «трубка»ларнинг батареяси кўпга етиши ҳайратланарли эди. Масалан, асл Nokia 3310 аккумулятори 900 мА/соат сиғимга эга эди. Унинг қуввати сўзлашув режимида 2,5 соатгача, кутиш режимида эса 55 соатгача етарди.

Янгиланган Nokia 3310 (2017) моделида аккумулятор сиғими янада кенгайиб, 1200 мА/соатга чиққан. Аммо унинг қуввати етиши деярли 10 каррага ошган – сўзлашиш режимида 22,1 соат, кутиш режимида эса 25,3 кун! Бу жиҳатига кўра янги модель анчагина устунликка эга ва иккинчи ёки захира телефон сифатида ишлатишга жуда қўл келади.

Алоқа

Аксарият фойдаланувчилар учун смартфонлардаги телефон функцияси иккинчи планга ўтиб қолган. Кўпчилик ундан фото ва видеокамера сифатида фойдаланади, интернетга киради, ўйин ўйнайди. Аммо янгиланган Nokia 3310 моделида, худди оригиналидаги каби, қўнғироқ қилиш асосий вазифа сифатида белгиланган. Янги моделнинг устунлиги бор – унга иккита SIM-карта ўрнатиш мумкин. Ҳар иккала телефон ҳам фақат 2G тармоғида ишлайди. Шуниси ғалати лекин – янги моделга Opera Mini браузери ўрнатилган ҳолда чиқарилмоқда, шунга яраша 3G тармоғи ҳам бўлса зарар қилмасди.

Дисплей

Оригинал ва янгиланган Nokia 3310’ларнинг асосий фарқи айнан экрани саналади. 2000 йилги моделга бугунги кун мезонлари билан қараганда ўта кулгили – 84х48 пикселги монохром дисплей ўрнатилган эди.

Янгиланган версия эса рангли, диагонали 2,4 дюймга тенг, 320х240 пикселли дисплейга эга, унга қуёшли кунда кўринишни яхшиловчи қоплама ҳам ўрнатилган.

Эрмаклар

Оригинал Nokia 3310 бирорта мультимедия имкониятига эга эмасди. Аммо унинг «авлод»ида бусиз иложи йўқ, албатта. Камерасидан ташқари, янги моделда FM-радио ҳамда MP3 форматидаги мусиқа файлларини ўқиш имкони мавжуд.

Фотосурат ва мусиқаларни сақлашга телефоннинг 16 МБлик ички хотираси камлик қилиши аниқ, шу боис унга 32 ГБгача ҳажмли microSD хотира картасини қўйиш имконияти ҳам киритилган.

«Илонча»

 Ишониш қийин, бироқ ўз вақтида Nokia 3310 моделини айнан ичидаги шу ўйини учун танлаган. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар шу «Илонча»ни ўйнашган. Ахир, ўша вақтда бошқа бирорта телефонда бу каби ўйиннинг ўзи йўқ эди-да!

Хуллас, янгиланган Nokia 3310’га ҳам «Илонча»ни ўрнатишган, аммо у Gameloft студияси томонидан қайта яратилган ва оригиналидан фарқ қилади. Моҳиятига кўра у ҳам 17 йил аввалгисига ўхшайди, лекин энди унинг ҳам асл Nokia 3310’дагиси каби ўйналишига ишониш қийин.

Уланишлар

«Қайта тирилган» Nokia 3310 телефонининг сўзсиз афзалликларидан яна бири – стандарт microUSB тирқишига эгалигидир. Агар батареяни қувватлаш ускунасини ёнингизда олиб юрмасангиз, зарурат туғилиб қолганида оригинал Nokia 3310 учун қувватлагич топишингиз амримаҳол эди. Бу йилги Nokia 3310 эса сизни мазкур ташвишдан халос этади – кўпчилик смартфонларда мавжуд бўлган microUSB тирқиши орқали қувватлаш имконияти унда ҳам бор.

Қуйидаги жадвалда ҳар иккала моделнинг хусусиятлари ўзаро таққосланган:

Хусусиятлари Nokia 3310 (2000) Nokia 3310 (2017)
Операцион тизим Nokia Series 30+
Дисплей монохром, 5 қатор, 84х48 рангли, 2,4″, 320х240
Ички хотира 16 МБ
Хотира картаси microSD, 32 ГБгача
Камера 2 Мп, чақноқ
Аккумулятор 900 мА/соат 1 200 мА/соат
Кутиш режими 55 соат 744 соат
Сўзлашиш режими 2 соат 22 соат
Алоқа GSM 900, GSM 1800 GSM 900, GSM 1800
SIM-карталар сони 1 1/2
Эрмаклар ўйинлар ўйинлар, FM-радио, MP3-плеер
Bluetooth Bluetooth 3.0
Тирқиш проприетар microUSB
3,5 мм.лик аудиотирқиш бор
Қўнғироқ тонал полифоник
Ўлчамлари 113х48х22 мм 115,6х51х12,8мм
Вазни 133 г 79,6 г
Корпус ранги кўк, кумушранг, сариқ, қизил ва оқ; панели алмашадиган қизил, кўк, сариқ, кулранг; орқа қопқоғи олинади
Нархи ~$20 €49

 Хулоса

Strategy Analytics таҳлил фирмаси маълумотларига кўра, 2016 йили Nokia оддий уяли телефонлардан 35,3 миллионта сотган. Янгиланган Nokia 3310 эса ҳозирда бозорда мавжуд, шу каби имкониятларга эга бўлган телефонларга нисбатан анча қиммат.

Шубҳа йўқки, бу қурилмани тижорат жиҳатидан муваффақият кутмоқда. У аллақачон ўз ролини ўтаб улгурди ҳам – яна ҳамма Nokia ҳақида гапира бошлади. Уни сотиб олувчиларнинг кўпчилиги оригинал Nokia 3310’ни қўмсайдиганлар бўлади. Шунақалар кўпмикан лекин?

Буни эса сотувлар бошланиб, илк ҳисоботлар эълон қилингач билиб оламиз, сайтимиздан узоқлашманг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.