UMIDIGI Crystal – 99 долларлик ромсиз бақувват смартфон

  •   DiMaX
  •  1862
  •  05.05.2017 18:00

UMIDIGI Crystal – 99 долларлик ромсиз бақувват смартфон

Ромсиз дизайн – жорий йилда смартфонлар борасидаги асосий трендлардан бири. Мазкур йўналишнинг кашфиётчиларидан бири Sharp компанияси бўлиб, у 2014 йилиёқ Aquos Crystal моделини чиқарган эди.

Xiaomi томонидан ўтган йилнинг охирида тақдим этилган Mi Mix ҳам анча шов-шувга сабаб бўлган. Шундан кейин Хитойнинг барча фаол смартфонсоз компаниялари ўзларининг ромсиз моделларини чиқариш устида иш бошлашди.

Жумладан, UMIDIGI компанияси ўзининг навбатдаги смартфони – Crystal моделини ромсиз, чиройли дизайнда тайёрламоқда. Айни дамда унга атиги 99 АҚШ доллари эвазига буюртма бериш бўйича акция кетмоқда. Бу нархда 20 000 дона қурилма сотилиши режалаштирилган. Акцияда иштирок этиш учун унинг саҳифасига ўтиб, ўз электрон почтангизни ёзиб қолдиришингиз лозим.

Хўш, замонавий чиройли дизайндан ташқари,  бу нарх эвазига Crystal нималарни ваъда қилади?

Смартфон корпуси мустаҳкам металл қотишмасидан ясалган. Экранида эса 5,5 дюйм диагоналга ва Full HD сифатга эга AMOLED-дисплей ўрнатилган. Crystal икки хил талқинда чиқарилиши режалаштирилган, улар ўзаро фақат фотомодулига кўра фарқ қилади. Биринчи моделида оддий камера бўлса, иккинчисига қўшалоқ камера ўрнатилади. Аммо ҳар иккаласида Helio P25 процессори, 4 ГБ тезкор хотира ва 64 ГБ ички хотира бўлади.

Кўргазмалардан бирида смартфон билан танишган гувоҳларнинг сўзларига кўра, у Android 7 Nougat операцион тизимида ишлайди, фақат фирма қобиғи ёрдамида тизимнинг кўриниши сал ўзгартирилган.

UMIDIGI Crystal сотувлари 15 июнга белгиланган. Қурилманинг якуний нархи ҳам ўшанда маълум бўлади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур компания аввал ҳам 3 Гб хотирага эга UMi Rome смартфонини атиги 89 доллар эвазига, UMI Rome X моделини эса 75 доллардан сотган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.