UMS ва Huawei ўзаро 150 миллион долларлик Меморандум имзолади

  •   DiMaX
  •  356
  •  30.08.2019 12:48

UMS ва Huawei ўзаро 150 миллион долларлик Меморандум имзолади

29 август куни Шеньжень шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповнинг Huawei компанияси бош қароргоҳига ташрифи доирасида «UMS» МЧЖ телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш мақсадида ХХР томонидан имтиёзли кредит тақдим этиш бўйича Меморандум имзоланди. Унга кўра, 150 млн. долларга тенг кредит маблағлари 2020-2023 йилларда Huawei компаниясининг ускуналаридан фойдаланган ҳолда UMS инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда глобал ташаббус: Huawei смартфонларни бепул таъмирлаб беряпти!

Ушбу маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг учинчи ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш, яъни аҳоли ва ёшларни компьютер технологиялари ва Интернетдан фойдаланишини самарали йўлга қўйишга йўналтиради. Ушбу мақсадларда UMS операторини техник ва технологик қайта жиҳозлаш, унинг 4G/3G тармоқларини бутун республика ҳудудига кириб боришини таъминлаш ҳамда 5G тармоқларини босқичма-босқич жорий қилиш ишлари амалга оширилади.

Бу эса, ўз ўрнида, нафақат аҳолиси зич ҳудудларни, балки кам сонли аҳоли яшайдиган, шу жумладан тоғли зоналарни алоқа билан таъминлашга хизмат қилади. У ерларда жойлашган ўқув даргоҳлари, тиббиёт муассасалари каби ижтимоий объектлар Интернет глобал тармоғига уланади. Натижада, ўқув ҳамда тиббий хизматларни кўрсатиш жараёнларига замонавий технологиялар жорий қилиниши тезлашади.

Мазкур йилнинг бошида UMS мобил оператори тармоқ ва ускуналарни модернизация қилиш, биллинг тизимини янгилаш, ташқи Интернет каналини босқичма-босқич кенгайтириш ишларини бошлаб юборган. Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларини ижроси ҳамда 2019-2021 йилларда «Universal Mobile Systems» МЧЖни ривожлантириш Концепцияси доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжат Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш UMS компаниясининг стратегик режаларини жадал суръатларда ва кенг миқёсда амалга ошишига, унинг Ўзбекистон рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга кўпроқ ҳисса қўшишига, ижтимоий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишига, шунингдек, амалдаги ва янги абонентларга хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириша туртки бўлади.

ЎҚИНГ: Барча операторлар интернет пакетлари нархларини битта жойда таққослаймиз!