Умуман кутилмаган Xiaomi Mi 11 Ultra илк «жонли» видео ва суратларда: 120x камера, қўшимча экран...

  •   DiMaX
  •  1619
  •  12.02.2021 10:42

Умуман кутилмаган Xiaomi Mi 11 Ultra илк «жонли» видео ва суратларда: 120x камера, қўшимча экран...

«Хитойча Apple» яқиндагина Xiaomi Mi 11 моделининг халқаро бозорга мўлжалланган версиясини намойиш қилди. Ўша тадбирда Xiaomi Mi 11 Pro ва ҳаттоки Mi 11 Pro+ флагманларининг ҳам намойиши кутилаётган эди, лекин ундай бўлмади.

ЎҚИНГ: Тақдимотдан олдин Xiaomi Mi 11 Pro ҳамда Mi 11 Pro+ нархлари ва хусусиятлари аниқ бўлди

Лекин кутилмаганда умуман бошқа русумдаги – Xiaomi Mi 11 Ultra флагмани ҳақида маълумотлар ва ҳаттоки унинг «жонли» видеоси ва суратлари ҳам тарқалди. Видеотавсифни дастлаб YouTube тармоғидаги Tech Buff канали эълон қилган, лекин тезда уни ўчириб ташлаган. Бунгача эса ҳаваскорлар ундан скриншотлар олишга улгуришган; лавҳанинг ўзини юклаб олган блогерлар эса энди уни бошқа каналда эълон қилишган.

Роликнинг бошидаги икки ярим дақиқа давомида влогер ўз каналида обуначилар сони ошганини айтиб мақтанган, кейин эса икки хил тусдаги Xiaomi Mi 11 Ultra смартфонини ҳар томонлама, ҳаттоки экранини ёқиб ишлатиб ҳам кўрсатган:

Эсингизда бўлса, Xiaomi Mi 10 Ultra юбилей суперфлагманининг ҳам анбоксинг видеоси тақдимотдан аввал тарқалган, уни чиқарганга миллион доллар жарима солган эди.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10 Ultra’да яширин камера қандай ишлашини «жонли» видеода томоша қиламиз!

Xiaomi Mi 11 Ultra дизайнидаги биринчи навбатда кўзга ташланувчи жиҳат – унинг улкан камера блогидир. Бош камера учта модулни (улардан бири перископ камерадир), учталик LED-чақноқни ва ҳатто кичкина қўшимча экранни ҳам ўз ичига олади. Камера блогига «120X Ultra Pixel AI Camera» ёзуви ҳам туширилган.

Қўшимча дисплейни бош камера ёрдамида юксак сифатли селфи олиш учун қўллаш мумкин, лекин бу экранча смартфондаги исталган иловани акс эттиришга ҳам қодир.

ЎҚИНГ: Android-смартфоннинг олд камерасига виртуал фоточақноқ қўшамиз

Бизга кўрсатилаётган флагманнинг оқ ва қора корпусли версиялари ўзаро бироз фарқланади. Афтидан, қора рангдагиси – сотишга мўлжалланмаган прототип бўлса керак. Зеро, унда «Ultra Pixel» маркетинг ёзуви йўқ, унинг ўрнига камерадаги «12-120mm, 1:1.95-4.1» техник қайдлари мавжуд.

Xiaomi компанияси ушбу флагманида harman/kardon томонидан тақдим этилган стереодинамик қўллаган.

Xiaomi Mi 11 Ultra бошиданоқ MIUI 12.5 график қобиғига асосланган прошивка билан ишлаб чиқарилмоқда.

XDA Developers мобил дастурчилар ҳамжамияти экспертлари бунинг глобал версиядаги MIUI 12.5 эканини тасдиқлашди. Демак – Xiaomi Mi 11 Ultra дунё бозорига ҳам тақдим этилади; фақат смартфоннинг намойиш санаси ва нархи ҳозирча номаълум.

Дарвоқе, ушбу смартфоннинг инқилобий Xiaomi Mi Mix 4 флагманидан олдин чиқиши ҳақида биз аввалроқ ёзган эдик.

ЎҚИНГ: Xiaomi флагманларида яширин бир функция бор...

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!