«Unitel» МЧЖ бош директори Тошкентда Beeline 4G’сига iPhone’да уланиб бўлмаслиги сабабини тушунтирди

«Unitel» МЧЖ бош директори Тошкентда Beeline 4G’сига iPhone’да уланиб бўлмаслиги сабабини тушунтирди

Информацион технологиялар ва коммуникациялар вакиллари иштирокида «Ўзбекистонда мобил алоқа: муаммолар ва ечимлар» мавзусида бўлиб ўтган Халқаро пресс клубда «Untel» МЧЖ бош директори Дмитрий Шуков нега Тошкентда «Beeline» мобил алоқа оператори орқали 4G интернетга уланиб бўлмаслиги ва мижознинг бошқа компанияга ўтишда ўз рақамини сақлаб қолиш имконияти ҳақидаги саволларга жавоб берди, деб ёзмоқда Kun.uz.

— Тошкент шаҳрида 178та 4G база станциялари ўрнатиб бўлинган, аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Фақатгина Apple компаниясининг iPhone телефонларидан фойдаланаётган мижозларимиз бу хизматга ҳозирча улана олишмайди. Чунки Apple компанияси биз жорий этган 800 мГц диапозонни Ўзбекистон учун негадир блоклаб қўйган.

Айни пайтда бу борада Apple компанияси билан музокаралар олиб борилмоқда. Ҳаммага маълумки, бизда уларнинг ваколатхонаси йўқ. Шу сабабли тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишга мажбур бўлмоқдамиз. Уларда ҳам бюрократия бор, ишлар чўзилмоқда. Ўйлайманки, бизнинг талабларимиз инобатга олинади ва iOS’нинг кейинги янгиланмаларида 4G хизматимизни қўллаш таклиф этилади. Android операцион тизимида ишлайдиган мобил қурилмалар орқали 4G’га уланишда муаммо йўқ, — деди Дмитрий Шуков.

— Бир компаниядан иккинчи компанияга ўтишда мижознинг ўз телефон рақамини сақлаб қолиш масаласига тўхталсам, бу нарсага бир неча йил олдин Россияда катта шов-шув билан қонун қабул қилиб ўтилган эди. Лекин бугунги кунга келиб маълум бўлмоқдаки, мижозларнинг 90-95 фоизи ҳеч қачон ўз операторини алмаштирмайди, демакки, рақамини сақлаб қолишга ҳам эҳтиёжи йўқ. Ўзбекистонда бу нарсани жорий этиш учун ўн миллионлаб доллар маблағ талаб этилади. Чунки ягона маълумот базаси яратилиши керак, барча операторлар ўша базага уланиб, мижозларни кузатиб бориши керак бўлади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.