Университетларга қабулдаги ўзгаришлар: имтиҳонлар муддати сурилди, ҳужжатларни онлайн топшириш мумкин

  •   DiMaX
  •  1711
  •  24.04.2020 11:06

Университетларга қабулдаги ўзгаришлар: имтиҳонлар муддати сурилди, ҳужжатларни онлайн топшириш мумкин

Барчамизга маълумки, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида таълим, хусусан, университетларга қабул ҳам аввалгидан фарқ қилмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 23 апрель куни ўтказилган брифингда АКТ йўналишидаги иккита – Инҳа ҳамда Амити университетларига қабул билан боғлиқ саволларга жавоб берилди.

ЎҚИНГ: Онлайн дарсларни бузгани учун YouTube-блогер устидан жиноий иш очилди

– Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига 2020–2021 ўқув йилига талабаларни қабул қилиш имтиҳонларини ўтказиш бўйича қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

Мамлакатимиздаги карантин ҳолатидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига қабул қилиш жараёнини ташкил этиш режасига қатор ўзгаришлар киритилди.

Ўтган йилнинг шу даврда, яъни 2019 йилнинг апрель ойи давомида абитуриентлар учун икки марта университетга кириш имтиҳонлари ташкил этилган бўлса, бу йил мазкур жараённи карантиндан кейинги даврда, яъни июнь ва июль ойларида ташкил этиш режалаштирилди.

Шу билан бирга, 2020-2021 ўқув йилига университетга қабул қилинадиган талабалар сони ўтган йилги квота билан бир ҳил бўлиб, жами 420 нафарни ташкил этади. Бундан «Компьютер ва дастурий инжинеринг» (SOCIE) йўналишига 300 нафар ва Логистика (SOL) йўналишига 120 нафар талаба қабул қилинади. 10 нафар талаба грант асосида қабул қилинади. Хорижий талабаларни сони чекланмаган миқдорда ва суҳбат асосида қабул қилиниши белгиланган.

Кириш имтиҳонлари Жанубий Кореянинг малакали мутахассислари томонидан халқаро стандартлар асосида, адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилади. Имтиҳон натижалари Жанубий Кореянинг Инҳа университети веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан мамлакатимизда ва ташқарида карантин ҳолатининг давом этиши мумкинлиги ҳамда аэропортлар фаолияти тикланмаганлиги натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган шароит ҳам ҳисобга олинган.

ЎҚИНГ: Инҳа университети талабалари сенсорли «ақлли ниқоб» ихтиро қилишди

– Тошкент шаҳридаги Амити Университетида 2020–2021 ўқув йилига қабул жараёнлари бошланибди. Карантин вақтида ҳужжатларни қандай топшириш керак? Кўпчилик битирувчилар ўқув муассасаларидан диплом ёки шаҳодатномаларини ҳали олмаган-ку?

Ҳаммамизга маълумки, 2019 йилда Тошкент шаҳрида Амити университети ташкил этилиб, 2019 йил 24 сентябрдан бошлаб университет ўз фаолиятини бошлаган эди. Ҳозир университетда биринчи босқич талабалари таҳсил олмоқда. Ҳақиқатда бу университетга ҳужжат топшириб талаба бўлиш орзуси талаб даражасидан кўп.

Бугунги кунда, Тошкент шаҳридаги Амити Университетида абитуриентларнинг ҳужжатларни қабул қилиш жараёни бошланган, қабул жараёнларининг барчаси эса онлайн тарзда автоматик равишда амалга оширилади.

Имтиҳонлар 3 босқичда – биринчи босқич 30-31 май, иккинчи босқич 18-19 июль, учинчи босқич эса 15-16 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳужжатлар университет веб-сайти орқали электрон тарзда қабул қилинмоқда.

Мактаб/академик лицей/касб-ҳунар коллежи дипломи/шаҳодатномаси ёки ушбу ўқув масканларида битирувчи эканлиги хақида маълумотнома нусхасини тақдим этилади.

Мактаб, лицей ва коллежларини бу йил тамомлайдиганлар, ўқишлари ҳақида ушбу таълим муассасасидан маълумотнома топширишлари етарли. Бундан ташқари Мамлакатимизда амалга оширилаётган карантин тадбирлари муносабати билан мазкур ҳужжатни ҳам карантиндан кейин топшириш имконияти яратилган. Яъни карантин даврида бу ҳужжатсиз ҳам рўйхатдан ўтишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: IT-йўналишлар бўйича бепул видеодарсларга марҳамат!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!