USB-C ҳамма учун! Ҳатто iPhone'га ҳам!

USB-C ҳамма учун! Ҳатто iPhone'га ҳам!

Европа Иттифоқи қонунчилари 2024 йилнинг кузигача Европа мамлакатларида сотиладиган барча смартфонлар (Apple'нинг iPhone'лари ҳам) симли зарядлаш учун универсал USB-C порти билан жиҳозланишини таъминлайдиган қонунчилик келишувини имзолашди. Қонун шунингдек, планшетлар, рақамли камералар, минигарнитуралар, видео ўйин приставкалари ва электрон ўқиш қурилмалари каби бошқа электрон қурилмаларга ҳам тааллуқлидир. Ноутбуклар эса бунга кейинроқ амал қилиши керак бўлади.

Европа Иттифоқининг турли органлари ўртасидаги музокаралардан кейин ўн йилдан кўпроқ вақт давомида ишлаб чиқилаётган қонунчилик бўйича 7 июн куни эрталаб келишувга эришилган.

"Европалик истеъмолчилар ҳар бир янги қурилмада бир нечта зарядловчи қурилмалар тўпланишидан кўп вақт хафа бўлишди. Энди улар барча портатив электроника учун битта зарядловчидан фойдаланишлари мумкин бўлади” дейди Европарламент маърузачиси Алекс Агиус Салиба матбуот баёнотида.

Европа Иттфоқининг "умумий зарядловчи"ни жорий этиши ҳам электрон чиқиндиларни камайтириш, ҳам истеъмолчилар ҳаётини осонлаштиришга қаратилган. Қонунчилар келажакда телефонлар ва шунга ўхшаш гаджетлар қутида зарядловчи билан бирга келиши шарт эмас деб ҳисоблашади, чунки харидорлар аллақачон уйда тегишли аксессуарларга эга. Европа Иттифоқининг ҳисоб-китобларига кўра, қонунчилик истеъмолчиларни "кераксиз зарядловчиларни харид қилиш"дан йилига 250 миллион эвро тежаши ва йилига 11 000 тонна электрон чиқиндиларни қисқартириши мумкин.

Ушбу қонун USB-C ўрнига ўзининг хусусий Lighting портидан фойдаланадиган ягона йирик смартфон ишлаб чиқарувчи компания - Apple'га энг катта таъсир кўрсатади. 2021 йилда Apple бутун дунё бўйлаб 241 миллион iPhone сотган бўлса, шундан 56 миллионга яқини Европада сотилган.

Матбуот анжумани давомида "Европа Иттифоқи айнан Apple'ни нишонга олганми?" деган саволга ЙИнинг ички бозори бўйича комиссари Терри Бретон "Қоида ҳамма учун амал қилади. Бу ҳеч кимга қарши қабул қилинмаган. Биз компаниялар учун эмас, балки истеъмолчилар учун ишлаяпмиз ва биз бу компанияларга қоидаларни беришимиз керак; ички бозорга кириш учун аниқ қоидалар." дея жавоб берган.

Бироқ, Европа Иттифоқининг пресс-релизида айтилишича, янги қонунчилик "симли кабел орқали зарядланувчи" қурилмаларга тааллуқлидир. Шундай экан, аввал миш-миш қилинганидек Apple фақат симсиз қувват оладиган телефон яратиш орқали ўз қурилмаларига USB-C'ни қўшишдан қочиши мумкин. Лекин, сўнгги маълумотларга кўра, компания USB-C портига эга iPhone'ларни ички синовдан ўтказмоқда ва Apple таҳлилчиси Минг-Чи Куо Apple келаси йилнинг бошидаёқ ўзгартиришни амалга ошириши мумкинлигини даъво қилмоқда. Apple аллақачон ўзининг ноутбуклари ва баъзи планшетларида USB-C стандартидан фойдаланади.

ЎҚИНГ: Apple М2 чипи билан янги ноутбукларни тақдим қилди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!