USB-C портли iPhone қачон чиқарилиши маълум бўлди

USB-C портли iPhone қачон чиқарилиши маълум бўлди

Таҳминан беш йилдан бери Apple ҳар йили ўзининг iPhone смартфонларини USB-C портига ўтказиши ҳақида миш-мишлар тарқалади, лекин компания порциз смартфон замонигача Lightning портидан воз кечмасликни режалаштирган шекилли, шу кунгача бу ҳодиса содир бўлмайди.

Биз ҳозиргача USB-C портига эга iPhone смартфонини кўрдик, лекин у компания томонидан эмас, балки ҳаваскор муҳандислар томонидан яратилган эди. Гарчи Apple 2015 йилдан Mac қурилмаларини, 2018 йилдан iPad қаторини тезроқ ва яхшироқ ишлайдиган C турдаги USB порти билан чиқаришни бошлаган бўлса ҳам, компания ўзининг энг машҳур маҳсулотини iPhone 5'дан бери бир хил Ligtning порти билан чиқариб келади. Бироқ, таниқли Apple таҳлилчиси Минг-Чи Куо сўзларига кўра, купертинолик компания ваниҳоят кейинги кейинги йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ўзининг iPhone (15) смартфонларини ҳам USB-C порти билан чиқаришни бошлаши мумкин.

"Менинг сўнгги тадқиқотларим шуни кўрсатадики, 2023 йилнинг иккинчи ярмида iPhone Lightning портидан воз кечиб, USB-C портига ўтади. USB-C аппарат дизайнларида iPhone'нинг маълумот узатиш ва зарядлаш тезлигини ошириши мумкин, аммо якуний хулоса ҳали ҳам iOS қўллаб-қувватлашига боғлиқ." дейди Куо ўзининг Twitter саҳифасида.

Агар унинг сўзлари тўғри бўладиган бўлса, iPhone 14 серияси Apple'нинг Lightning портига эга сўнгги смартфони бўлади. Шунда ҳам AirPods ва бошланғич iPad қурилмалари компаниянинг қадрдон Lightning порти билан чиқарилишда давом этади.

Бугунги кунда смартфон саноати USB-C стандартига аллақачон ўтган бўлишига ва Европа Иттифоқи томонидан ҳам компаниянинг барча қурилмалари USB-C портига ўтказилиши кераклиги ҳақидаги янги қонунлар қабул қилинишига қарамай, Apple ҳали ҳам ўз қайсарлигидан қолмаяпти. Компанияга кўра, USB-C портларига ўтиш, смартфон сувга чидамлигини ёмонлаштириши мумкин. Агар Apple'нинг Lightning портидан воз кечиши унинг молиявий зарар кўришига олиб келади деб ўйласангиз адашасиз, чунки компаниянинг сайтида USB-C кабели ҳам Lightning кабели билан бир хил нархда кўрсатилган.

ЎҚИНГ: iPod билан хайрлашинг!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!