Usenet 2017 конференцияси якунлари

  •   DiMaX
  •  1162
  •  26.04.2017 15:41

Usenet 2017 конференцияси якунлари

25 апрель куни Тошкентдаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Usenet 2017 конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистондан йигирмадан ортиқ мутахассис чиқиш қилди.

Бу йил тўртинчи бор ўтказилган мазкур тадбирда қатнашиш учун рекорд даражадаги – икки мингдан ошиқ ариза берилган. Конференцияда Яндекс, Beeline, Одноклассники, Dentsu Aegis Network, Green PR, CLICK, WEBNOW кабиларнинг топ-менежер ва экспертлари сўзга чиқдилар.

Конференция янгиланган форматда, биринчи ва иккинчи вақатларда жойлашган иккита потокда параллел тарзда бўлиб ўтди. Анъанага кўра, конференцияни Ledokol Group агентлиги раҳбари Дилшод Музаффаров очиб берди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов сўзга чиқди.

Конференциянинг муҳим воқеаси «2017-2021 йилларда кенг полосали мобиль интернет тараққиёти. 3G’нинг кенгайтирилиши, 4G’нинг жорий этилиши ва 5G’га ўтилиши» мавзусидаги давра суҳбати бўлди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Умиджон Аъламов, «Unitel» МЧЖ бош директори Дмитрий Шуков ҳамда Ledokol Group раҳбари Дилшод Музаффаров сўз олдилар.

Dentsu Aegis Network раҳбари Виктор Елисеев ўз нутқида, ўз бизнесини рақамли келажакка қандай тайёрлаш кераклиги ва тўртинчи саноат инқилобидан қандай ўзгаришларни кутиш мумкинлиги хусусида сўз юритди.

myTarget реклама агентликлари билан ишлаш бўйича етакчи менежери Александр Стребковнинг маърузаси мўлжалли рекламани самарали қилиш сирлари ҳақида бўлди.

Оммабоп TROLL.UZ паблигининг асосчиси Умид Гафуров ижтимоий медиалардан даромад қилиш ҳақида сўз юритди.

Интернет-маркетинг мавзусини Яндекс лойиҳалар менежери Екатерина Богатирева давом эттирди. Унинг нутқи ўзаро ҳаракат қилишнинг жиҳозлари ва замонавий форматлари тўғрисида эди.

CLICK бош директори Улуғбек Рустамов компанияларда қўлланилувчи мобил ва интернет-банкингнинг замонавий ечимлари ҳақида гапириб берди.

Webnow.uz раҳбари Сергей Шевченко эса, сайтда конверсияни ошириш усуллари хусусида нутқ сўзлади.

Равшан Абдусаломов чиқишидан маълум бўлишича, видео-контент қидирув тизимларида оддий матндан кўра 50 баравар яхшироқ индексация қилинади ва саҳифага ташрифни 63 фоизга оширади. Бундай контент лойиҳаларни илгари суриш ва улар орқали даромад қилиш учун анчагина самарали бўлади.

Beeline Uzbekistan Digital йўналиши раҳбари Хайрулла Зайнутдинов бўлса рақамли трансформация зарурати борасида маъруза қилди.

Ижтимоий медиа мониторинги ва таҳлилининг замонавий усуллари хусусида Public Media таҳлилчиси Шаҳзод Мухторов сўзга чиқди.

Конференциянинг кўпчилик иштирокчилари учун UsabilityLab вакили Дмитрий Сатиннинг ёрқин чиқиши қизиқ бўлди. Унингча, кейинги бир неча йил мобайнида технологиялар ҳаётимизни шунчалик ўзгартириб юборганки, бунинг натижалари фойдаланувчиларнинг руҳиятида ҳам, феъл-атворида ҳам акс этаётир.

VRonica раҳбари Акмал Солиҳов эса Ўзбекистонда VR-технологияларнинг ривожланиши тўғрисида аниқ кейсларни мисол келтириб нутқ сўзлади.

Green PR SMM агентлиги бош директори Дамир Халилов мессенжерларда лойиҳаларни илгари суриш бўйича фойдали маълумотларни бериб ўтди.

Мессенжерларда чат-ботларни яратиш ва ривожлантириш мавзусини Tweak стартапи асосчиси Владислав Тен давом эттирди.

«Гротеск» студияси раҳбари Азамат Шомузаффаров Ўзнетда пулли ОАВ обунасининг қўлланилиши борасида фикрларини билдирди.

«Одноклассники» ижтимоий тармоғининг халқаро бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Алексей Кашеваровнинг маърузаси эса ижтимоий тармоқнинг янги сервислари – онлайн-шоу, ТВ-стриминг, 3D-ниқобларни яратиш кабилар хусусида бўлди.

LatMedia раҳбари Жаҳонгир Латипов ҳамда Avtech сотувлар ва маркетинг бўлими бошлиғи Диана Қирғизбоева муваффақиятли кейсларни иштирокчилар эътиборига ҳавола этдилар.

Эслатиб ўтамиз, Конференция ташкилотчиси – Ledokol Group агентлиги. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ҳамда UZINFOCOM маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Бош ҳомий – Beeline Uzbekistan, ҳомийлар:  «Click» мобиль банкинг тизими, Star Screen компанияси ва «Одноклассники» ижтимоий тармоғи. Usenet конференцияси ахборот ҳамкори – «Terabayt.Uz» сайти.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!