Ушбу аксессуар билан сизнинг смартфонингиз ҳам сунъий йўлдошга улана олади!

Ушбу аксессуар билан сизнинг смартфонингиз ҳам сунъий йўлдошга улана олади!

Янги тақдим қилинаётган флагман смартфонларда сунъий йўлдошга уланиш хусусияти аста-секин оммалашмоқда, лекин энди сиз бундай функция учун янги смартфон сотиб олишингиз шарт эмас. Буюк Британиянинг Bullitt Group мобил телефонлар ишлаб чиқарувчи компанияси Барселонада бўлиб ўтаётган MWC 2023 тадбирида Motorola Defy Satellite Link номли Bluetooth қурилмасини тақдим қилди.

Motorola Defy Satellite Link исталган iOS (14 ёки ундан юқори) ва Android (10 ёки ундан юқори) смартфонни 22,300 миля (≈35888 км) баландликдаги сунъий йўлдошга уланиш билан таъминлаб бера оладиган Bluetooth қурилма бўлиб, у сунъий йўлдош орқали хабарингизни етказиш учун Bullitt Satellite Messenger иловасидан фойдаланади. Ушбу илова ҳам iOS, ҳам Android учун мавжуд ва у биринчи навбатда бошқа мессенжерлар каби Wi-Fi ёки мобил интернет орқали ишлайди. Ҳеч қандай алоқа сигналлари бўлмаган, очиқ осмон остидаги жойда эса илова сунъий йўлдош орқали хабар алмашиш имконини беради.

Motorola Defy Satellite Link'га уланган ҳолда илова орқали кимгадир хабар юборганингизда, у иловадаги ўша одамга етказилади ёки унга хабар билан бирга Bullitt иловасини юклаб олиш сўраладиган SMS хабар юборилади. Яъни сизнинг хабарингизни қабул қилиб олувчи Bullitt мессенжери бўлиши керак, лекин қабул қилувчидан Motorola Defy аксессуари талаб қилинмайди. Шунингдек, хабарни қабул қилувчи учун ҳеч қандай тўлов мавжуд эмас, лекин хабарни юборувчи одам ойига камида 4.99 доллар турадиган обунага эга бўлиши керак. Ушбу обуна SOS ёрдамчи сифатида FocusPoint International орқали фавқулодда ҳолат марказларига 24/7 уланиши мумкин.

Техник хусусиятларга борасида, қурилма янги 3GPP NTN сунъий йўлдош алоқаси технологиясига эга MediaTek чипи билан жиҳозланган. У IP68 ва Mil-Spec 810H сертификатларига эга бўлиб, 1.5 метер чуқурликдаги сувда 35 дақиқагача туришга, ҳамда, 1.8 метер баландликдан тушиб кетишга чидамли ҳисобланади. Аксессуар ўртача бир неча кунга етиши айтилаётган 600 мА/соат батареяга эга. Унинг бир ён томонида SOS тугмаси, иккинчи томонида эса Ёқиш, локацияни аниқлаш тугмалари ва USB порти мавжуд.

Motorola Defy Satellite Link аксессуарти 2023 йил иккинчи чорагидан бошлаб 99 доллар нархда сотувга чиқарилади.

ЎҚИНГ: Сунъий йўлдош орқали 2 томонли хабар алмашишни қўллаб-қувватлайдиган илк смартфонлар тақдим қилинди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!