Ушбу бешовлон смартфон брендлари яқин келажакда йўқолиб кетиши мумкин​

Ушбу бешовлон смартфон брендлари яқин келажакда йўқолиб кетиши мумкин​

Барчамиз яқинда ҳаётга қайтган Nokia телефонлари ҳақида яхши биламиз. Бир вақтлар ҳамманинг севимли телефонларига айланган Nokia бренди кучли рақобатга дош бера олмаганди. Бугунги кунда ҳам баъзи брендлар замон билан ҳамнафас бўлиш, мижозлар кўнглини топишда қийинчиликларга юзланмоқда.

Ҳозирги кунда смартфонлар бозоридаги асосий янгиликлар Xiaomi, OnePlus ва Samsung каби компаниялардан келмоқда. Бироқ қуйида биз ҳикоя қилмоқчи бўлган беш нафар смартфон брендлари вақт ўтган сайин мухлислар эътиборидан четда қолмоқда. Улар яқин келажакда дунё бозорида ўз ўрнини йўқотиб қўйиши эҳтимоли жуда юқори. Келинг, ушбу брендлар қайсилар эканлиги ва муваффақиятсизликлар сабаби нимададан иборатлигини кўриб чиқамиз.

LG

LG Electronics компанияси фақат смартфонсозлик билан шуғулланмаслиги ҳаммамизга маълум. Бироқ турли техник жиҳозлар ва қурилмалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ушбу компаниянинг айнан смартфонсозлик тармоғи сўнгги йилларда деярли фойда келтирмай қўйди. Тўғри, компания вақти-вақти билан қизиқарли ва янгиликларга бой смартфонларни эълон қилиб турибди, лекин уларнинг номи Samsung ва Apple каби гигантлар маҳсулотларининг соясида қолиб кетмоқда. Нархи борасида эса улоқни Хитой компаниялари илиб кетмоқда.

Таъкидлаш жоиз, LG ўз смартфонларида юқори сифатли камералар ўрнатишни уддалайди ва турли дизайнларни синаб кўришдан қўрқмайди. Бироқ сўнги йиллардаги таҳлиллар мазкур бренд смартфонлари тобора топ рейтингларнинг тубига тушиб кетаётганини кўрсатмоқда.

ЎҚИНГ: Иккита экран нимаси!? LG учта сенсор экранли буклама смартфон патентлади!

Шу пайтга қадар компания яхши даромад келтираётган бошқа йўналишлари (масалан, маиший техника) маблағи асосида смартфонсозлик тармоғини ушлаб келишга ҳаракат қилди. Аммо жорий йилда бўлиб ўтган CES 2018 конференциялари давомида LG Electronics бош ижроичи директори ва раис ўринбосари Чо Сон Жин компания бундан кейин ҳар йили эмас, балки зарурият туғилганда янги смартфонларни эълон қилиб боришини маълум қилди.

MWC 2018 кўргазмалари чоғида эса компания V30 моделининг янгиланган, ҳамёнбоп ва «ақллироқ» талқини - V30s'ни тақдим қилди. Бироқ ушбу янги талқин ҳам халқаро бозорга тўлиқ чиқарилмайди. Бундай янгиликлар билан компания халқаро смартфон бозорини қайтадан эгаллашдан кўра ўз обрўсини сақлаб қолишга уринаётгандек кўринмоқда. Шу сабабли ҳам жанубий кореялик бу компания яқин келажакда смартфонсозлик йўналишидан буткул воз кечиб, юқори даромад келтираётган бошқа тармоқларини янада ривожлантиришга эътибор қаратишининг эҳтимоли анчайин катта.

Sony

Sony’нинг халқаро смартфон бозоридаги муваффақиятсизликлари бугун бошлангани йўқ.

Sony узоқ йиллар давомида, асоса, бюжет смартфонлар чиқариш билан шуғулланиб келди. Аммо сўнгги йилларда мазкур бренд остида эълон қилинган смартфонларни, дизайн ва ишлатилган материаллар нуқтайи-назаридан қараганда, ортиқ ҳамёнбоп дейиш қийин. Sony’нинг охирги икки-уч йилдаги асосий муваффақиятлари фотокамералар ва смартфонлар учун мўлжалланган камераларга асосланиб қолди (Sony ишлаб чиқарган камералардан Samsung каби йирик ишлаб чиқарувчилар ўз смартфонларида фойдаланаётгани сир эмас).

Айни вақтда Sony ўзининг асосий смартфонларида рақобатбардош камералар ўрнатишга уринмади ва экранлар каби смартфон таркибий қисмларидан маблағ тежашга ҳаракат қилди. Натижада мазкур бренд смартфонлари ўзига хос жозибадорлигини йўқотиб қўйди. Бу ҳам етмагандек компания сўнгги вақтда эълон қилинган моделларига анчайин юқори нарх қўйди. Оқибатда нархи сифатига яраша бўлган бошқа смартфонлар Sony маҳсулотларини бозордан сиқиб чиқара бошлади.

Бундан ташқари Sony бир неча йилдан бери дизайн масаласида ҳам эски қарашларини ўзгартирмасдан келаётир. Мижозлар мазкур бренднинг «тўғри тўртбурчак» шаклли дизайнидан зерикканига анча бўлган. Шу тарзда Sony смартфонлари одамларни ўзига ортиқ мафтун қилмай қўйди.

MWC 2018 доирасида компания томонидан тақдим қилинган Xperia XZ2 ва Xperia XZ2 Compact флагманлари юқори эътирофга сазовор бўлган бўлсада, мазкур бренд тобора одамларнинг назаридан четда қолиб бормоқда.

Ҳозирча Sony смартфон бизнесидан чиқиш ҳақида режалаштирмаётир. Балки яқин келажакда Sony ажойиб янгиликлар билан яна эътиборга тушишга муваффақ бўлар ёки миллионлаб доллар миқдорида зарар кўришда давом этаверса, смартфонсозлик фаолиятини тўхтатар. Ҳозирча Sony’нинг рақобатли муҳитга мослашишга интилмаётгани яқин келажакда иккинчи тахминнинг ҳақиқатга айланиш эҳтимоли юқорилигини кўрсатмоқда.

Nokia

Бир неча йил олдин юз берган Nokia’нинг «синиши» ҳақида ҳаммамиз яхши эслаймиз. Йиқилган курашга тўймас, деганларидек смартфон бизнесини қайтадан бошлаган компаниянинг аҳволи, ҳозирча, қониқарли эмас. Ўтган йилдан бери янги моделлар тақдим қилишда фаоллашган компаниянинг халқаро смартфон бозоридаги ҳозирги улуши атиги 1 фоизга тенг. Бу классик бренд бир вақтлар халқаро бозорнинг 40 фоизини эгаллаб олган эди. Бундай қийин вазиятга қарамай, компания яқин йиллар ичида смартфон ишлаб чиқарувчиларнинг топ рейтингига чиқиб олишни кўзламоқда.

Бироқ Nokia’нинг ўрта ва юқори синфга мансуб жорий смартфонлари нарх ҳамда имкониятлар борасида хитойлик брендларга биринчиликни бой бермоқда.

ЎҚИНГ: Янги талқиндаги Nokia 3310 тақдим қилинди

Бренднинг узоқ йиллик танаффусдан сўнг ўтган йили қайтадан тақдим этилган 3310 модели эса топ смартфонларидан кўра кўпроқ шуҳратга эриша олди. Бундан ташқари Nokia биринчилардан бўлиб ҳамёнбоп смартфонлар учун мўлжалланган Android Oreo Go Edition платформасида ишловчи моделни тақдим қилди. Ушбу янги платформа Android’нинг эски телефон моделлари учун мўлжалланган талқини бўлиб, у бир вақтлар Nokia’нинг Symbian платформасида ишлаган машҳур моделларини ҳаётга қайтаришда асос бўлиб хизмат қилади. Қисқача айтганда, Nokia’нинг янги смартфонлар ишлаб чиқаришдан кўра ўтмишдаги классик моделларни ҳаётга қайтариш борасида кўпроқ омади чопмоқда.

Маълумотларга кўра, смартфонлар савдосида пасайиш кузатилаётган бир пайтда қайтадан ҳаётга қайтарилган фичерфонлар (feature phone), яъни классик телефон моделлари кўпроқ сотилмоқда. Албатта, бу ўсаётган савдода Nokia’нинг анчайин улуши бор. Бир вақтлар фақат қўнғироқларни амалга ошириш, SMSлар ёзиш каби тор доирадаги амаллардан бошқа нарсани уддалай олмаган фичерфонлар, бугунга келиб, янги имкониятлар (интернетга уланиш, суратга олиш ва бошқалар)га эга бўлмоқда. Фичерфонлар савдосидаги асосий улуш эса Alcatel, Nokia ва бошқа бир қанча брендларга тегишли бўлиб қолмоқда. Нархи арзон ва топ смартфон моделларида мавжуд асосий функцияларни бажаришни уддасидан чиқа оладиган бундай классик телефонлар яқин орада оммалашиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Энди Nokia’нинг тақдирига қайтсак. Компания замонавий смартфонлар бозорида юқори ўринларга чиқиш ва рақобатга дош бериш борасида анча кам имкониятларга эга. Айни вақтда фичерфонлар савдосида муваффақиятларга эришиб бораётган мазкур бренд яқин келажакда замонавий смартфонлар бизнесидан кетиши ҳақида баёнот бериши ҳеч гап эмас. Тўғрида, зарар келтирадиган омадсиз бизнес билан ким шуғулланишни истарди дейсиз.

Blackberry

Бир вақтлар манаман деган ишбилармон ва бизнесменнинг орзусига айланган мазкур бренд «цинганига» анча бўлди. Alcatel бренди остида смартфонлар ишлаб чиқарувчи Хитойнинг TCL компанияси Blackberry’ни сотиб олганига қарамай, унинг яна ўтмишдаги шуҳратини тиклашига имконият жуда кам. Blackberry’нинг бозорни эгаллаш эмас, ҳатто унга қайта кириш имконияти Nokia’никидан ҳам кам. Юқорида Nokia замонавий смартфонлар борасида бир жойда депсиниб турган бўлсада, фичерфонлар ва Android Go платформасида ишловчи арзон смартфонлар бобида омади юришаётгани ҳақида суҳбатлашдик. Blackberry қўлида эса, ҳатто, шундай имконият ҳам йўқ.

ЎҚИНГ: Афсонанинг қайтиши: BlackBerry Motion расман тақдим этилди

Blackberry ўз вақтида бозордаги ўзгаришлар, мижозлар истаги ва талабини кўра олмади. Тугмали клавиатуралар ўрнини сенсорли экранлар зудлик билан эгаллади, бренднинг асосий қисмини тугмалар эгаллаган моделлари катта ўлчамли дисплейлар соясида қолиб кетди. Бундан ташқари компания ҳамманинг севимли платформасига айланиб бораётган Android’ни ўзига рақиб ҳисоблади. Оқибатда Blackberry бренди бозордан сиқиб чиқарилди.

Айни вақтда Blackberry’нинг ҳозирги эгаси ҳам бозор талабларини яхши баҳолай олмаётган кўринади. Шимолий Америка ва Европада ҳануз ушбу брендни соғинадиганлар талайгина. Янги хўжайин бренднинг замонга мослашган янги моделлари билан собиқ мухлисларни хурсанд қилиш имкониятидан фойдаланиш ҳақида ўйламаяпти, шекилли. Бугунга келиб Blackberry бренди деганда, асосан, смартфонлардаги маълумотларни ҳимоя қилиш иловалари тушуниладиган бўлиб қолди. Шу сабабли бироз вақтдан сўнг Blackberry номи яқин ўтмиш носталгиясига айланиб қолса, ажаб эмас.

HTC

HTC компанияси смартфонсозлик бўйича икки марта шуҳратлар тўлқинида сузган - Windows Mobile учун бармоқлар билан қулай бошқариш имкониятини берувчи тизим яратганда ва Android платформасининг илк йилларида. Айнан шу компания Google учун Nexus смартфонларини илк марта ишлаб чиқарган эди.

Бироқ Samsung ва Хитойнинг бошқа брендлар билан рақобатга ушбу тайванлик компания дош бера олмади.

2017 йилда Google HTC’ни ўз қаноти остига олди. Google $1,1 миллиард эвазига HTC’нинг 2,000 нафар муҳандислари ва дизайнерларини сотиб олди. Бу ходимлар Google Pixel ва Pixel 2 моделларининг биринчи авлоди устида меҳнат қилган эдилар. Ҳозирда HTC Pixel’нинг учинчи авлоди устида иш олиб бориш-бормаслиги номаълум.

HTC’нинг ўз смартфон моделларининг ҳам келажаги қоронғулигича қолмоқда. Сиздирилган маълумотларга кўра, компания тез орада ўзининг навбатдаги «байроқдор»и - HTC U12’ни тақдим қилиши керак. Ўз вақтида HTC смартфон моделларига адолатли нарх қўйишнинг уддасидан чиқа олмади. Бундан ташқари сўнгги йилларда тақдим қилинган моделларида анчайин арзон материаллардан фойдаланди ва, натижада, бренднинг номига путур етди. Ҳозирда HTC брендининг номи деярли қулоққа чалинмай қолди. Балки тез орада бу ном ҳам тарихда қолиб кетар.

 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.