Ўтган йилнинг энг омадсиз технологиялари

  •   DiMaX
  •  909
  •  18.01.2017 13:44

Ўтган йилнинг энг омадсиз технологиялари

Технологиялар борасидаги ютуқлар қувонарли, албатта, аммо улар орасида самарасиз чиққанлари ўз муаллифларига, ишлаб чиқарувчиларига зиён келтириши ҳам бор гап. Қуйида ўтган йилнинг энг муваффақиятсиз чиққан технологик янгиликларини келтириб ўтамиз.

Ёндиради, куйдиради…

Йўқ, бу ерда гап сизу биз билган «Санамгина» қўшиғи ҳақида эмас. 2016 йили Samsung компанияси ўз тарихида энг зўр смартфон, дея мақтаб чиқарган  флагман хусусида. Мақтаса арзигулик ҳам эди-да: Galaxy Note 7 анча салобатли бўлиб, 5,7 дюйм дисплейи, кўзнинг рангдор пардасини сканерлаш функцияси ва қулай стилуси сабабли кўплаб фойдаланувчиларни ўзига жалб этди. Ҳатто нархи осмонда экани ҳам Samsung ишқибозларини чўчитмади.

Аммо чўчигулик ҳодисалар кейинроқ юз бера бошлади: Note 7 қурилмалари кутилмаганда ўз-ўзидан ёниб кета бошлади. Аввалига бу каби ҳолатлар сийрак учраб турди, шу боис кореялик ишлаб чиқарувчилар сабр қилиб, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетишини кутишди. Қаёқда!? Аксинча, уларнинг флагманлари уйларда, автомобилларда, ҳатто кишиларнинг шундоққина қўлларида ёниб ёки портлаб кетаётгани ҳақидаги хабарлар кўпая борди. Натижада Samsung бу гаджетини ишлаб чиқаришни таққа тўхтатди, сотилган барча партияни қайтариб олишга мажбур бўлди. Ҳа, бу Galaxy Note 7 ўз ишлаб чиқарувчисини яхшигина «куйдирди»: компаниянинг обрўсига путур етказди, ишқибозларининг ихлоси пасайди, яна деярли 20 миллиард долларга «туширди»…

GoPro компаниясининг ёмон «Karma»си

Бу компания action-camera (экшн-камера – ҳаракат давомида ва бутун атрофни суратга олишга мослашган, сувга, зарбага чидамли рақамли камера турлари) ишлаб чиқариш орқали ном қозонган ва анча «ўзини тутиб» олган эди. Лекин у 2016 йилда ўз маҳсулотлари сафини кенгайтиришга қарор қилди ва ихчам, йиғилувчан квадрокоптер – дрон ясади, унинг «кўзи» эса, табиийки, номдор GoPro камераси эди.

Негадир янги маҳсулотни «Karma» дея номлашди, бу сўз аслида буддавийлик, ҳиндувийлик ва бошқа Шарқ халқлари динларидан олинган бўлиб, кишининг кейинги ҳаётидаги тақдирига таъсир этувчи бу ҳаётидаги амаллари ва уларнинг оқибатлари йиғиндисини англатади. Ҳозирги Ғарбда эса карма сўзи «тақдир» маъносида кенг тарқалган.

Хулласи калом, GoPro компаниясининг тақдири, йўғе «Karma»си унча яхши эмас экан – сотувга чиққан дронларнинг аксарияти ҳавога яхши кўтарилар, аммо қувват тизимидаги носозлик туфайли бирданига ерга қулаб, чил-парчин бўларди. Ноилож, уларнинг барини қайтариб олишга тўғри келди.

Марс зондининг қўниши

14 март куни «Экзомарс-2016» учувчи қурилмаси Бойқўнғир (Байконур) космодромидан Қизил сайёра томон йўлланди. Нақ 7 ой деганда у Марсга етиб борди, аммо қўнишга келганда…

Режага кўра, қурилма икки қисмга ажралди, унинг «Грейс Гас Орбитер» модули сайёра орбитасида қолди. Марс юзасига эса туширилувчи аппарат – «Скиапарелли» йўл олди. У юмшоқ қўнишни амалга оишириш лозим эди, лекин дастурий таъминотдаги хатолик панд бериб қўйди.

«Скиапарелли» қизил сайёра атмосферасига кирганидан кейин бир неча сония ўтгач, ундаги тизим негадир қўниш амалга оширилди, деб ҳисоблаб, қўниш ускуналарини ўчирган. Натижада аппарат бир неча километр баландликдан соатига 300 километр тезликда Марс юзасига қулаган.

Pokemon Go – янги замон васвасаси

Ўтган йилнинг ёзида Nintendo компанияси мобил илованинг шуҳрати бир чақнаб сўниши қандай бўлишини бутун дунёга намойиш этди. Гап ўша Pokemon Go ҳақида кетмоқда – японлар уни Niantic студияси билан ҳамкорликда салкам уч йил мобайнида ишлаб чиққан эдилар. Бироқ қўшимча реалликка асосланган бу ўйиннинг бирданига бунчалик оммалашиб келишини уларнинг ўзлари ҳам кутишмагандир балки.

Бутун дунёда бу ўйинга қизиқиш шу қадар кучайдики, ҳатто серверлар дош бера олмай қолди. Аммо кейинроқ маълум бўлишича, компания томонидан кўзда тутилган ягона монетизация механизми – ўйин ичидаги харидлар экан. Ўйинчилар ўз савдо нуқталарига киришлари учун жарақ-жарақ пул тўлашга тайёр турган федерал ритейл, банклар, суғурта компаниялари ва бошқа бой ташкилотларнинг таклифларига японлар эътибор ҳам беришмади.

Кейин эса, Pokemon Go қанчалик тез шуҳрат чўққисига кўтарилган бўлса, шунчалик тез қулади. Ўйин бошланганидан икки ой ўтиб, покемон овига чиққанларнинг деярли саксон фоизи ундан воз кечишди. Тўғри, Nintendo мазкур ўйини ортидан зарар кўргани йўқ, аммо буни муваффақият деб ҳам бўлмайди.

Кичкина тирқишларга қарши катта уруш

Apple компанияси бултур оддий 3,5 миллиметрлик тирқишларга қарши «катта уруш эълон қилди». iPhone 7 ҳамда 7 Plus смартфонлари қулоқчинлар улашга мўлжалланган шу ўлчамдаги тирқишлардан маҳрум этилди, MacBook Pro ноутбукларидан эса нафақат «катта» USB-портлар, балки кардридерли MagSafe магнитли қувватлагичлари ҳам ғойиб бўлди.

Янги стандартларга ўтиш мақсадида ташланган бу қадам, афсуски, аксинча таъсир кўрсатди. Энди iPhone смартфонларидан фақат янги турдаги – алоҳида сотиб олинадиган симсиз қулоқчин ёрдамида, ёки бўлмаса бесўнақай ўтказгичлар орқали оддий қулоқчинларни улаган ҳолда мусиқа тинглаш мумкин бўлди. MacBook учун эса одатий тирқишларга эга «хаб»ларни 10 дан 50 долларгача нархда сотиб олишга тўғри келди.

Буларнинг бари «олма» ишқибозлари учун нафақат қўшимча чиқим, балки фойдаланишга жуда ўнғайсиз «қўлтиқтаёқ» ҳам эди. Бу барча ўтказгичлар чиройли қурилмага уланганида, ўта бесўнақай кўринади.

Миллиард аккаунтнинг маълумотлари

Турли компанияларда фойдаланувчиларнинг маълумотлари ўғирланиши ёки эътиборсизлик сабабли четга «сизиб чиқиши» – кўп учраб турадиган ҳолат. Лекин ўтган йили Американинг Yahoo компанияси бу борада рекорд ўрнатди – уларнинг маълумотлар базасидан нақ 1 000 000 000 фойдаланувчининг шахсий маълумотлари ташқарига чиқиб кетди.

Тўғри, компания барча фойдаланувчиларини ўз паролини ўзгартиришга мажбур қилди, лекин исмлар, манзиллар, телефон рақамлари, туғилган кун саналари… каби шахсий маълумотлар тарқалиб бўлган эди. Қизиғи, бунгача ҳам Yahoo шу каби камчиликка йўл қўйган, аммо улар «кичикроқ кўламли» бўлиб, уларда 200 минг ва 500 минг аккаунт маълумотлари сизиб чиққан эди.

 Ҳаракат ва харажатлар бекор…

Project Ara – Google компаниясининг модулли телефони лойиҳаси бўлиб, унинг ишлари 2012 йилдаёқ бошланган эди. Унга кўра, телефоннинг қисмлари (экран, камера, процессор, хотира) олинувчан бўлади, эгаси мустақил тарзда улардан исталган бирини ажратиб қўйиши, бошқа жойга улаши, хуллас – смартфонини ўз кўнглидагидек шаклга келтириши мумкин бўлар эди.

Бу гаджет ҳақидаги маълумотлар ва унинг суратлари интернетда тарқаб кетди, уни кўпчилик кутар ва форумларда муҳокама қилар эди. Ҳатто кейинроқ журналистлар унинг битта намунасини жонли тарзда кўришга ҳам муваффақ бўлишди. Бироқ сентябрда Google кутилмаганда бу лойиҳани ёпиб қўйди.

Таъкидлаш керакки, бошқа бир модулли смартфон – LG G5 савдоси унча юришмаган эди; зеро, гарчи қизиқ ғоя бўлса-да, кенг фойдаланувчилар оммасига смартфоннинг бўлакларини ажратиб-улаб юриш маъқул келмас экан. Балки Google шу лойиҳа тақдиридан хулоса чиқаргандир, шу боис қилинган барча ҳаракатлар ва харажатларига кўзини чирт юмиб, лойиҳани тўхтатиб қўйгандир.